Венгрияга ташриф ҳамкорлик алоқаларини юқори босқичга олиб чиқишга хизмат қилади

10:13 - 05.10.2022

30

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Венгрия томонининг таклифига биноан 3-4 октябрь кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди.

4 октябрь куни Будапешт шаҳрида Венгрия Парламентининг биноси рўпарасидаги Лайош Кошут номидаги майдонда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Майдонда олий мартабали меҳмон шарафига пиёда ва отлиқ аскарлардан иборат фахрий қоровул саф тортди. Икки мамлакат давлат мадҳиялари ижро этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев ва Венгрия Президенти Каталин Новак расмий делегациялар аъзоларини қутладилар.

Маросим якунида фахрий қоровул тантанали саф тортиб ўтди.

Шавкат Мирзиёев Венгрияга расмий ташрифидоирасида Будапешт шаҳрининг Қаҳрамонлар майдонидаги Хотира устуни пойига гулчамбар қўйди.

Президентимиз Венгрия давлатчилигини барпо этишга ҳисса қўшган буюк арбоблар хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Ушбу маскан Будапештнинг бош майдонларидан бири бўлиб, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Майдон марказида Минг йиллик устуни қад ростлаган, унинг пойида можар қабилаларининг 7 нафар бошлиғининг ҳайкали ўрнатилган. Ушбу ёдгорлик венгерларнинг бугунги ватанини топиши ва Венгрия қироллигига асос солинишига бағишланган.

Мажмуада венгер халқининг атоқли намояндалари ҳайкалларидан иборат 2 та колоннада жойлашган. Ёдгорликнинг олд томонида Венгрия қаҳрамонлари шарафига хотира тоштахтаси ўрнатилган.

Будапешт шаҳридаги Шандор саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Венгрия Президенти Каталин Новак билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари Фахрий меҳмонлар китобида қайд қолдирди, етакчилар биргаликда суратга тушишди.

Президентлар Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги кўп қиррали стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Халқларимизнинг азалий тарихий алоқалари муштарак қадриятлар ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш учун пойдевор бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди. Арминий Вамбери ва Исхак Ибрагим каби шарқшунос олимлар тарихий ришталаримиз ва бой маданий меросимизни ўрганишга катта ҳисса қўшгани алоҳида қайд этилди.

Икки томонлама ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани, сиёсий мулоқот чуқурлашиб, ўзаро кўмак давом эттирилаётгани, парламентлараро ва жамоатчилик алоқалари кенгайиб бораётгани мамнуният билан таъкидланди.  

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш устувор аҳамиятга эга. Кейинги йилларда товар айирбошлаш ҳажми қарийб уч баробар ошгани қайд этилди.

Бу борадаги ишларни фаоллаштиришда иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Венгрия ҳукуматлараро комиссияси ва 3 октябрь куни Будапештда иккинчи йиғилишини ўтказган Ўзбекистон – Венгрия Ишбилармонлар кенгаши муҳим ўрин тутмоқда.

Томонлар Ўзбекистон Европа Иттифоқининг GSP+ преференциялар тизимига қўшилгани ўзаро савдони салмоқли даражада кўпайтириш ва диверсификация қилиш учун янги имкониятлар очишини таъкидладилар.

Ўзбекистон – Венгрия ҳамкорлигини ривожлантиришда маданий-гуманитар соҳа алоҳида ўринга эга. Венгрия ҳукумати “Хунгарикум” дастури доирасида ўзбекистонлик талаба ва докторантлар учун ҳар йили ажратиладиган квотани 170 тагача ошириш тўғрисидаги қарорни қабул қилгани айтилди.

Ўзбекистон ва Венгрия олий таълим муассасалари ректорларининг иккинчи форумини ўтказиш мақсадга мувофиқлиги кўрсатиб ўтилди.

Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар, кўп томонлама тузилмалар доирасидаги фаол мулоқотни ва ўзаро кўмакни давом эттириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Учрашув якунида Ўзбекистон Президенти Венгрия Президентини ўзи учун қулай вақтда мамлакатимизга боришни таклиф этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Будапешт шаҳрида Венгриянинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.

Тадбирда Венгрия иқтисодий ривожланиш вазири Мартон Надь, Савдо-саноат палатаси раиси Ласло Парраг, «OTP Bank» раиси Шандор Чаньи, шунингдек, «Gedeon Richter», «Bonafarm», «Wizz Air», «Raba Holding», «Meditop», «Master Good», «Kite» каби йигирмага яқин энг йирик компания ва корпорация раҳбарлари иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон етакчисининг хорижий мамлакатларга ташрифлари давомида ишбилармонлар билан учрашувлар ўтказиши анъанага айланган. Бундай тадбирлар бевосита алоқаларни йўлга қўйиш, мамлакатимизнинг савдо-иқтисодий йўналишдаги муваффақиятларини илгари суриш, чет эл сармоядорларини ўзаро манфаатли лойиҳаларга жалб этишга хизмат қилади.

Венгрия – Европанинг энг тез иқтисодий жиҳатдан ўсиб бораётган мамлакатларидан бири, қишлоқ хўжалиги, савдо, туризм, молия ва ахборот технологиялари соҳаларида улкан салоҳиятга эга давлат.

Кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Қўшма корхоналар ва инвестициялар ҳажми ошмоқда.

Учрашувда фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, электроника ва электротехника, кимё, тўқимачилик, чарм тармоқлари ва автомобилсозлик каби соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистонда иқтисодиётнинг барча соҳа ва тармоқларини тубдан такомиллаштириш, аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари кейинги йилларда Ўзбекистон иқтисодий сиёсатининг асосий натижаларини санаб ўтди: валюта бозори ва фойдани репатриация қилиш эркинлаштирилди, давлат активлари ва банкларни, саноат ва инфратузилма объектларини хусусийлаштириш дастури бошланди, солиқ тизими ислоҳ қилинди.

– Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида тадбиркорлар учун максимал даражада қулай шароитлар яратиш, юртимизда хорижий бизнес фаолиятини кенгайтириш борасидаги ишларни давом эттириш мақсад қилинган. Энг муҳими, хорижий бизнес вакиллари янгиланишларимизга ишонди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Учрашувда устувор лойиҳаларни молиялаштириш учун қўшма фонд ташкил этилиши ва у тез фурсатда иш бошлаши айтилди.

Фақат Венгрия компаниялари учун мўлжалланган алоҳида саноат зонасини яратиш ва уни барча зарур ишлаб чиқариш инфратузилмаси билан таъминлаш таклиф этилди.

Давлатимиз раҳбарининг фикрича, бўлажак қўшма лойиҳалар ҳамда уларнинг доирасида венгриялик шерикларнинг илмий ишланмалари, конструкторлик инновациялари ва технологиялари ўзлаштирилиши катта синергетиксамара беради.

Президент Шавкат Мирзиёев Венгрия делегациясининг ҳар бир аъзоси билан алоҳида мулоқот қилди. Аниқ қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режалари ҳақида батафсил фикр алмашилди. Ўзбекистон томони Венгрия ишбилармонларига уларнинг инвестиция режаларини рўёбга чиқаришда тўлиқ кўмаклашишга тайёрлиги қайд этилди.

– Ҳар бир тадбиркорни мамлакатимизга келиб, бугунги кунда инвестициялар учун энг яхши жой Ўзбекистон эканлигига шахсан ишонч ҳосил қилишга таклиф этаман, – деди Президентимиз.

Венгрия ишбилармон доиралари вакиллари, ўз навбатида, Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларга юксак баҳо берди ҳамда мамлакатимиз бозорига чиқиш, истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини билдирдилар.

Куни кеча ўтган Ўзбекистон – Венгрия бизнес форумида умумий қиймати 1 миллиард доллардан зиёд инвестиция, савдо ва молиявий келишувлар имзолангани ҳам томонлар ҳамкорлик қилишдан манфаатдорлигининг навбатдаги яққол тасдиғи бўлди.

Учрашув якунида илгари сурилган барча лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ муддатлар ва масъул ижрочилар кўрсатилган комплекс “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олинди.

Ўзбекистон вазирлик ва идораларига венгриялик ҳамкорларнинг юртимизда муваффақиятли тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишида ҳар томонлама кўмаклашиш топширилди.

Будапештдаги “Кармелита” саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбан тор доирада икки томонлама музокара ўтказдилар.

Суҳбатда Ўзбекистон – Венгрия стратегик шериклигини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Президенти дўст Венгрия етакчисига ташриф давомида кўрсатилган самимий қабул ва илиқ меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди.

Давлатимиз раҳбари икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали стратегик шериклик жадал ривожланиб, изчил мустаҳкамланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди. Виктор Орбаннинг 2021 йил мартда юртимизга расмий ташрифи якунида эришилган келишувлар Ўзбекистон – Венгрия муносабатларида янги саҳифа очгани ҳамда икки томонлама ҳамкорликни янада юқори босқичга кўтаргани алоҳида таъкидланди.

Турли даражалардаги мулоқотлар фаоллашди, самарали сиёсий ва парламентлараро ҳамкорлик йўлга қўйилди, савдо-иқтисодий ҳамда инвестиция соҳаларида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда, маданий-гуманитар алмашинувлар кенгаймоқда.

Музокараларда қўшма инвестиция лойиҳаларини саноат кооперацияси орқали амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Шу маънода икки мамлакат иқтисодиёти бир-бирини тўлдириб туриши, ривожланиш стратегиялари диверсификация ва индустриаллашувга қаратилгани  билан бир-бирига ўхшашлиги қайд этилди.

Кейинги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ошгани, уни янада кўпайтириш учун барча имкониятлар ва омиллар мавжудлиги таъкидланди. Ўзбекистон Евроиттифоқнинг «GSP+» аъзоси мақомига эга экани ҳам бунга хизмат қилади.

Томонлар ўзаро имтиёз ва преференциялар тақдим этиш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича қўшма қувватлар яратиш ва шу орқали МДҲ, Шарқий ва Жанубий Осиё ҳамда Яқин Шарқ бозорларига чиқишга интилади.

Фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, электротехника, машинасозлик, инновациялар, рақамлаштириш, транспорт ҳамда илмий тадқиқотлар ҳамкорлик учун истиқболли йўналишлар сифатида қайд этилди.

Икки мамлакат етакчилари долзарб халқаро ва минтақавий муаммоларни ҳам муҳокама қилдилар. Халқаро тузилмалар, шу жумладан, БМТ, ЕХҲТ, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқалар доирасидаги ҳамкорлик масалаларига тўхталиб ўтилди.

Венгрия Бош вазири жорий йилнинг ноябрь ойида Самарқандда ўтказиладиган Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммитида иштирок этишини тасдиқлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг музокаралари икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом этди.

Етакчилар Ўзбекистон – Венгрия муносабатлари 2021 йилда стратегик шериклик даражасига кўтарилгани чинакам тарихий воқеа бўлгани ҳамда халқларимизнинг кўп асрлик дўстлиги ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг бугунги ривожига тўлиқ ҳамоҳанглигини таъкидладилар.

Сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Давлатимиз раҳбари кейинги йилларда ўзаро савдо ҳажми қарийб 3 баробар кўпайганини қайд этди. Томонлар келажакда товар айирбошлашни 500 миллион долларга етказиш режасини рўёбга чиқаришга келишиб олдилар.

Виктор Орбан Венгрия Ўзбекистонни ўзининг муҳим ва узоқ муддатли ҳамкори деб ҳисоблашини таъкидлади. Ушбу ташрифнинг бой дастури ҳам ўзаро мулоқотни ҳар томонлама ривожлантиришга интилиш қатъийлигидан далолат беради.

Қишлоқ хўжалиги, транспорт, фармацевтика, тўқимачилик, озиқ-овқат, электротехника, сувни тежаш ва саноат соҳаларидаги кооперацияга янги кучли суръат бағишлаш юзасидан келишувга эришилди.

Шу мақсадда ҳукуматларга устувор лойиҳаларни молиялаштириш учун тез фурсатда қўшма фонд тузиш топширилди.

Шу билан бир қаторда бизнес-форум ва кўргазмалар мунтазам ўтказиб борилади, имкониятлар максимал даражада ишга солинади, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг барча йўналишлари қамраб олинади.

Томонлар яқинда ўтказилган бизнес форумнинг муваффақиятли якунлари, яъни қиймати 1 миллиард доллардан зиёд бўлган инвестиция ва савдо битимлари имзолангани самарали ҳамкорликнинг аниқ амалий натижаси бўлганини мамнуният билан қайд этдилар.

Эришилган келишувларни амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида Будапештда Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхонасини очиш юзасидан келишувга эришилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон ва Венгрия етакчилари мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш борасидаги интилиши қатъий эканини яна бир бор тасдиқладилар.     

Будапешт шаҳрида ўтган олий даражадаги музокаралардан сўнг икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Виктор Орбан Ўзбекистон Республикаси ва Венгрия ўртасидаги стратегик шерикликни ривожлантириш тўғрисида қўшма баёнот имзоладилар.

Ҳужжатда музокаралар дўстона, очиқ ва конструктив руҳда ўтгани қайд этилган, ҳар томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликни фаоллаштириш кўзда тутилган, дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлгани таъкидланган.

Бундан ташқари, икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари даражасида Ўзбекистон – Венгрия стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтиришга қаратилган 15 та ҳужжат имзоланди. Булар:

– 2023-2024 йилларда саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича қўшма дастур;

– Фан ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳаракатлар режаси;

– Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ҳаракатлар режаси;

– Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;

– Фанни ривожлантириш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим.

Шунингдек, божхона, адлия, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, боғдорчилик ва иссиқхона хўжалиги, узумчилик, инвестиция соҳаларида, Ўзбекистон Республикаси давлат бошқаруви академияси ва Венгрия Давлат хизмати университети, Самарқанд вилояти ва Хайду-Бихар округи, Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази ва Ташқи ишлар ва савдо институти, Тошкент давлат аграр университети ва Венгрия қишлоқ хўжалиги ва табиий фанлар университети ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзоланди.

Шу билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Венгрияга расмий ташрифи якунланди.

ЎзА

Президент Шавкат Мирзиёев