Она-бола — қимор қурбони

12:03 - 15.09.2022

69

Қимор, пул-буюм лотереялари, турли пулли ўйинлар фақат одамларнинг омадга кўр-кўрона ишончи, дангасалиги, меҳнат қилмай бир зумда бойиб кетиш иштиёқи туфайли ривожланади. Интернетда қиморхоналарда ютиш эҳтимолининг жуда камлиги тўғрисида маълумот жуда кўп. Аммо қимор ўйинларини ўтказувчилар қанча пул ишлаб олиш мумкинлигини айтишади-ю, ўша пулни ютиб олиш имконияти озлигини тилга олишмайди. Оқибат эса…

Ёзёвонлик Мадамин Маърупов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам ана шу ботқоққа ботди-ю, чиқиб кетолмади. Аксинча, қўлини бир бегуноҳ келинчакнинг қонига булғади. Унинг қорнидаги гўдакни ҳам дунё юзини кўриш бахтидан айирди.

Мадамин 2020 йил ёзидан бошлаб интернет орқали «1xbet» ўйинларини ўйнай бошлади. Аслида унинг икки боласи бор, бинойидек корхонада ишюритувчи бўлиб ишлар, оиласининг иқтисодий аҳволи ҳам ёмон эмасди.

Тўқликка шўхлик деймизми, хуллас, у шу ўйиннинг ишқибозига айланди-қолди.

Қанча ютди, буниси бизга қоронғи. Аммо 100 млн. сўмдан ортиқ пулни ютқазиб қўйгани бор гап. Бундан ташқари, кўчадан, дўсту ёр, таниш­ларидан олган қарзлари бор…

Ўйиндан четлаштирилган Мадамин қарзларини ҳам қайтариши лозим эди. У ҳақдорлар томонидан тез-тез огоҳлантирилар, ҳатто таҳдид қилганлар ҳам бўларди. Шунинг учун қарзни биридан олиб бирига берар, бош­қасидан олиб иккинчисини тўларди. «Дардинг бўлса бўлсин, қарзинг бўлмасин» деганлар чин айтган экан. Мадамин вазиятдан чиқиб кетолмай кун сайин тушкунликка тушиб борарди.

Шундай кунларнинг бирида қўшниси Насибулладан қарз сўраш фикри туғилди. Чунки авваллари ҳам ундан қарз сўраб турар, вақтида қайтариб берарди. Бу гал 5 минг АҚШ доллари сўраганда Насибулла бироз ўйланиб қолди. Ҳовлисида қурилиш қилаётганини, 2 минг доллар бериб тура олишини айтди. Мадаминнинг ташвиши бу пул билан аримасди. Шундай бўлса-да, қўшниси берган 2 минг доллар билан бир-иккита ҳақдорнинг «унини ўчириш» мумкинлигини ўйлаб, аввалига севинди. Бироқ бошқа ҳақдорларга нима дейишини ўйлаб яна боши қотди. Озмунча қарзи борми ахир?!

Айни шу адоқсиз ўйлар, куни билан қилинган тинимсиз қўнғироқлар буткул оромини олди. На ейишида, на туришида ҳаловат қолди.

У қўшнисида яна пул борлигини ва қайси хонада туришини ҳам биларди. Ўйлай-ўйлай миясида лоп этиб кўриниш берган бир ёмон хаёл унга нажот йўли бўлиб кўринди. Аксига олиб, эрталабки воқеалар нияти амалга ошишини тезлаштирди гўё.

Яъни, тонг-саҳарда молбозорга бориб, 20 млн. 520 минг сўмга иккита қорамол сотиб олди ва ўзи ишлаётган корхонанинг камомадини тўлади. Сўнг уйига келиб, бироз ухлаб олди. Бу орада отасиникига меҳмонга бормоқчи бўлаётган аёлини қайнотасининг уйига ташлаб келди. Қайтаётганда маҳалла бошидаги дўконга кириб муздек сув олаётиб Насибулланинг отаси ўз машинасида туман маркази томон кетаётганига кўзи тушди. Бу пайтда Насибулла ҳам савдо ишлари билан вилоят марказида бўлиши аниқ. «Демак, ишга киришса бўлади!» деган қарорга келди у. Аслида ўғирлик ортидан ёвузлик ҳам эргашиб қолиши мумкинлигини идрок этишга унда мушоҳада ҳам, хоҳиш ҳам йўқ эди ўша дамда.

Мадамин Насибулланинг ой-куни яқин хотини кўча тозалаб юрганини кўрди-ю, хурсанд бўлиб кетди. Уйига киргач, орқа эшикдан қўшни ҳовлига ўтди ва таниш хона томон юрди. Насибулла у пул сўраганида доимо шу уйдан олиб чиқиб берарди.

Даҳлиз ва ошхонадан ўтиб, ичкарига кирди. Атрофга кўз югуртириб улгурмай залда оёқ товуши эшитилиб, ранги ўчди. Шу тобда нима қиларини билмай, бир зум талмовсираб қолди. Кейин яширинмоқчи бўлди, аммо шарпа хона томон яқинлашиб, у билан юзлашди.

Уй ичида бегона одам юрганини кўрган Мунира аввалига қўрқиб кетди. Сўнгра Мадаминни таниб: “Бу ерда нима қилаяпсиз?!”, деб сўради.

Қўшни эркакнинг кўзлари аланг-жаланг бўлиб турганини кўрган Мунира унинг яхши ниятда кирмаганини англади-ю, «Ёрдам беринг!» дея бақирганча ташқарига югурди. Бироқ Мадамин ошхонадаёқ ортидан қувиб етди. Стол устида турган пичоққа кўзи тушгач, ногоҳ миясига келиб қолган жирканч ўй билан шартта уни қўлига олди ва жувонга ташланди: “Ўчир! Ўчир деяпман!”.

Мадамин шу тобда буткул ўзлигини йўқотиб қўйган, фақат қўшни келиндан қутулишнигина ўйлар, ўғирликка тушгани элга ошкор бўлиб қолишидан қўрқарди-ю, манфурлиги сабаб бирйўла икки жоннинг умрига нуқта қўяётганини ўйламасди.

Пичоқ бир зумда жувоннинг кўксига қадалди. Кейин яна… Охирги зарба ҳатто бўйнига тортилди. Атроф қип-қизил қонга бўялди…

Ерга узала тушганча азобдан тўлғониб ингранаётган ҳомиладор келинчакнинг устидан сакраб ўтган Мадамин остонада бир зум туриб қолди. Кейин қилмиши даҳшатидан дағ-дағ титраганча яна орқа эшик орқали ўз ҳовлисига қочиб чиқиб кетди.

Уйига чиққач, аввал юз-қўлини ювиб, эгнидаги қон сачраган кийимларини алмаштирди. Уларни томорқага олиб ўтиб ёқиб юборгач, ҳеч нима бўлмагандек кўчага чиқди. Қўшнисининг уйи олдидаги тумонат одамга кўзи тушиб, юраги бир қалқиди. Бироқ дарров ўзини қўлга олиб, четроқдаги одамларга қўшилган бўлди. Шу пайт ИИБ ходимлари уни чақириб қолишди. Чунки Мунира шифохонага олиб кетилаётганда зўрға «Мадамин, Мадамин…» дея шивирлашга улгурган, бу ёвузлик Мадаминнинг иши экани аён бўлиб бўлганди.

Афсуски, шифокорларнинг уриниши зое кетди. Ёш келинчакнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмади. Олган оғир жароҳатлари ва кўп қон йўқотгани сабабли йўлдаёқ жони узилди. У билан бирга туғилиши орзиқиб кутилаётган чақалоқ ҳам ёвузлик қурбонига айланди…

Шу тариқа Мадамин қотилликка қўл уриб, ўз келажагини барбод қилди. Яқинлари, оиласи, ота-онасини надоматларга кўмди.

Мадамин Маърупов суд ҳукми билан 20 йилга озодликдан маҳрум этилди. Шунингдек, ундан жабрланувчининг вакилига 100 млн. сўм маънавий зарар ундириладиган бўлди. Муродимиз битта – жамиятимиз бундай қусурлардан, фожиалардан холи бўлсин. Осойишта юртимиз, фаровон турмушимиз, яратилган имкониятлар қадрини билган ҳолда муносиб яшайлик. Хулоса ўзингиздан.