Омад сенга, ишлаётган талаба!

11:45 - 15.09.2022

56

Ёзги таътил тугаб, янги ўқув йили бошланишига ҳам саноқли кунлар қолди. Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар орасида ўқишдан ташқари вақтида ишлаб, таълим контрактини тўлаш, керак бўлса, оила бюджетига ҳисса қўшиб келаётганлари ҳам исталганча топилади. Қолаверса, бўш вақтида ишлаши талабанинг келажакда яхши кадр бўлишини ҳам маълум маънода кафолатлайди. Чунки талабаликдан ишлаган ходимда ишга мослашиш кўникмаси анча юқори бўлади.

Бугун биз ана шундай – ҳам ўқиб, ҳам ишлаётган талабаларга меҳнат қонунчилигида қандай имтиёзлар берилгани тўғрисида маълумот олиш учун Тошкент давлат юридик университетининг меҳнат ҳуқуқи кафед­раси ўқитувчиси, «Telegram» тармоғидаги «Mehnat huquqi» канали муаллифи Муҳаммадамин Каримжоновни суҳбатга чорлаймиз.

 – Меҳнат қонунчилиги бўйича талаба, аниқроқ айтганда, таълимнинг кундузги шаклида таҳсил олаётган шахс ишлаши мумкинми?

– Албатта, талабалар бемалол ишлаши мумкин. Ўзбекис­тоннинг меҳнат қонунчилиги бўйича бунга ҳеч қандай чеклов йўқ. Яъни Меҳнат кодексининг 77-моддасига кўра 16 ёшга тўлган ҳар бир инсон меҳнат қилиш ҳуқуқига эга. 15 ёшдан эса болани соғлиғига зиён етказмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишни ўқишдан бўш вақтида бажариши учун ота-онасидан бирининг ёзма розилиги билан ишга қабул қилишга йўл қўйилади.

Олий ва ўрта-махсус таълим вазирининг «Олий таълим тўғрисида»ги низомни тасдиқлаш ҳақидаги 9-буйруғи 50-бандида кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган талабалар ўқишдан бўш вақтида олий ўқув юрти ва бошқа ташкилотларда меҳнат шартномаси тузган ҳолда ишлашлари мумкинлиги белгиланган. Бундан келиб чиқадики, талабалар бемалол ишлаши мумкин. Лекин меҳнат қонунчилигига кўра талаба фақат бўш вақтида ишлаш ҳуқуқига эга.

 – Бугунги кунда ўзига маъқул келадиган иш топиш талаба тугул, олий маълумотли шахслар учун ҳам осон эмас. У бирор ташкилотга иш сўраб мурожаат қилди дейлик. Иш берувчи асосли ё асоссиз тарзда рад этса нима қилиши керак?

– Бу ҳолларда талаба рад этиш сабабини билиш ҳуқуқига эга. Меҳнат кодексининг 78-моддасига кўра ишга қабул қилиш рад этилганда, иш сўраб мурожаат қилган шахснинг талаби билан иш берувчи ишга қабул қилишни рад этишнинг сабабини асослаб уч кун ичида ёзма жавоб бериши шарт, бу жавоб ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор томонидан имзоланган бўлиши лозим.

Агар иш берувчи талабани асоссиз равишда ишга олмаган ёки иш ўрнини яширган бўлса, маъмурий, ҳатто жиноий жавобгарликка тортилади.

 – Меҳнат қонунчилигида талабанинг тўлиқ ставкада ишлашига нима дейилган? Талаба тўлиқ ставкада ишлаши мумкинми?

– Юқорида айтганимиздек, талаба фақат ўқишдан бўш вақтида ишлаши мумкин. Меҳнат кодексининг 115-моддасига мувофиқ ходимнинг иш вақти ҳафтасига 40 соатдан ошмаслиги керак. Яъни 6 кунлик иш ҳафтаси жорий этилган ташкилотларда иш вақти кунлик 7 соат, 5 кунлик иш ҳафтаси жорий этилганларда эса кунлик 8 соатдан ортиқ бўлмаслиги шарт. Шунингдек, ишнинг тугаши билан кейинги куни иш бошланиши ўртасидаги кундалик дам олиш муддати ўн икки соатдан кам бўлиши мумкин эмас (МКнинг 128-моддаси). Aгар юқоридаги қонун талабларига риоя этилса, талабанинг тўлиқ ставка ишлашига ҳеч қандай тақиқ йўқ.

Бунда албатта бир шартга риоя этилиши керак. Иш ўқишдан бўш вақтда бажарилиши шарт. Ушбу талабни меҳнат шартномасида мустаҳкамлаш лозим.

– Билишимизча, талабалар одатда фақат ўриндошлик асосида ишга қабул қилинади…

– Айрим иш берувчилар талабаларни фақат ўриндошлик асосида ишга олиш керак деб ҳисоблайди. Бу мутлақо нотўғри. Буни қуйидагича асослаймиз. Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 октябрдаги 297-қарорининг иловасига кўра ўриндошлик асосида ишлаш деганда ходим ўзининг асосий ишини бажаришидан ташқари асосий ишидан бўш вақтида меҳнат шартномаси асосида бошқа ҳақ тўланадиган ишни бажариши тушунилади. Талабанинг таълим олиш жараёни эса меҳнат фаолияти ҳисоб­ланмайди. Шунинг учун талаба меҳнат шартномаси асосида ишлаётган ва меҳнат дафтарчаси юритилаётган жой унинг асосий иш жойи ҳисобланади.

– Аксарият ҳолларда иш берувчилар ходимларни синов муддати билан ишга олади. Бу ҳолат талабаларга ҳам тегиш­лими?

– Меҳнат кодексининг 84-модасига кўра ҳомиладор аёллар, уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар, корхона учун белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан ишга юборилган шахслар, ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларининг ҳамда олий ўқув юртларининг уни тамомлаган кундан эътиборан уч йил ичида биринчи бор ишга кираётган битирувчилари ишга қабул қилинганда, шунингдек, ходимлар билан олти ойгача муддатга меҳнат шартномаси тузилиб, ишга қабул қилинганда дастлабки синов белгиланмайди. Агар юқоридаги талабларга тушмаса, талабага дастлабки синов қўлланиши мумкин.

– Дейлик, агар уддасидан чиқа олса талаба бир нечта жойда ишлаши мумкинми? Бунга қонунчилик йўл берадими?

– Албатта ишласа бўлади. Юқорида таъкидлаб ўтилган талабларга риоя қилган ҳолда талаба ўқишдан бўш вақтида асосий иш жойидан ташқари, бошқа ташкилотда ўриндошлик асосида ҳам ишлаши мумкин. Бунинг учун эса ўриндошлик асосида ишга кираётган жойга асосий иш жойидан маълумотнома тақдим қилинади. Бироқ талаба ўн саккиз ёшга тўлмаган бўлса, ўриндошлик асосида ишлаши тақиқланади.

– Меҳнат қонунчилигимизда ишлаётган талабалар учун қандай имтиёзлар бор?

– Таълим муассасаларида ўқиётган ходимларга ишни таълим билан бирга олиб боришлари учун иш берувчи шароит яратиб бериши шарт. Талабалар иш жо­йи­дан ҳақ тўланадиган қўшимча таътилга чиқиш, қисқартирилган иш ҳафтаси шароитида ишлаш ва бошқа кўплаб имтиёзлар олиш ҳуқуқига эга. Бундан ташқари абитуриентлар учун ҳам алоҳида имтиёзлар (MKнинг 254-моддаси) назарда тутилган. Имтиёзлар ҳақида батаф­сил Меҳнат кодексининг 248-258-моддаларидан (https://www.lex.uz/docs/142859#145090) билиб олишлари мумкин.