Фикрни бузган калит

12:08 - 15.09.2022

73

Одамзот вужудида ҳар доим ақл ва нафс ўртасида жанг боради. Кўпинча бу баҳсда нафс устунлик қилиб, одамни худбин қилиб қўяди.

Темир Тешаев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) мебел ясаш билан шуғулланади. У Бекзод Қўзиевни ёшлигидан танийди, бир маҳаллада катта бўлишган.

Бир куни улар гурунглашиб қолганда Бекзод Темирдан шаҳардаги уйига мебел ясаб беришини сўради. Темир рози бўлди. Шундан сўнг Бекзоднинг хонадонига бориб, ясалиши керак бўлган мебелларнинг ўлчамини олиб, мебелларни ясашни бошлади.

Ўша пайтлари Бекзод «мебелларни ясаб бўлганингдан кейин мени безовта қилмай ўзинг жойлаштириб кетавер» деб Темирга уйининг иккинчи калитини бериб қўйди.

Темир ваъда қилган мебелларни ясаб, ўрнатди. Бекзодга иш маъқул бўлди ва ҳисоб-китоб қилди. Шундан сўнг уйнинг калити Темирда қолиб кетди. Бекзод бир неча марта ундан калитини сўради, аммо ҳар сафар «иш кийимимнинг киссасида турибди» деб бермади. Ўша кунлари Бекзод оиласи билан уйига кўчиб ўтди.

Янги йил байрами куни эди, улар бир-бирини табриклаб, бироз гаплашишди. Орадан икки кун ўтиб, Темир яна Бекзодга қўнғироқ қилди. Шунда у оиласи билан Тошкент шаҳрига айлангани келганини айтиб қолди.

Темир гаплашиб бўлгандан сўнг калит эсига тушиб, фикри бузилди. Бекзоднинг уйига ўғирликка киришни ўйлади. Бу қилмиши билан кун келиб кўп йиллик танишининг олдида уялиб қолишини ўйламади. Чунки бировлардан қарзи кўп эди, Бекзоднинг уйидан нимадир ўмариб чиқиб, қарзларидан қутулмоқчи эди.

У шу мақсадда Бекзодникига борди ва тилла тақинчоқ ва пул излаб, хоналарни бирма-бир кўриб чиқди. Ётоқхонадаги кийим жавонидан бир матога ўралган тилла тақинчоқларни топиб олди. Шу ердаги тумбадан 350 минг сўм пулни олиб, эшикни қулфлаб кетди.

Кўп ўтмай Бекзод Темирга қўнғироқ қилди:

– Уйимга ўғри тушибди, хотинимнинг тилла тақинчоқларини ўғирлаб кетибди. Эшик ёпиқ, ойналар бутун, ҳеч қандай синиш, бузиш йўқ. Эшик калит билан очиб кирилган, уйнинг калити сенда, ким кирганини билмайсанми?

– Ҳеч нарсадан хабарим йўқ, билмайман, – деди ўзини оқлашга бошқа сўз тополмаган Темир.

Орадан икки кун ўтиб Темир Тешаевга ички ишлар ходимлари қўнғироқ қилиб, ИИБ биносига келишини сўради. Темир уларнинг олдида айбини яширолмади.

Шундан сўнг у ходимлар билан бирга уйига бориб, ўғирланган тақинчоқларни қайтариб бериб, қилмишидан пушаймонлигини билдирди.

Бекзод Қўзиев етказилган зарар қоплангани боис даъвоси йўқлигини баён қилди. Суднинг ҳукми билан Темир Тешаевга 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.