Болаларнинг ҳақига чанг солганлар

11:48 - 15.09.2022

71

Олимларнинг тадқиқотига кўра, инсон умри давомида оладиган барча маълумотнинг 70 фоизини беш ёшгача олиб бўлади. Яъни боланинг онги асосан беш-етти ёшида шаклланади.

Юртимиздаги барча болаларни мактабгача таълимга тўлиқ қамраб олишга эртанги кунимизни ҳал қиладиган масала сифатида қаралаётгани ҳам аслида шундан. Бунинг учун катта пул ажратилмоқда, боғчалар қурилиши муттасил давом этмоқда.

Тошкент шаҳрида, жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани судида кўрилган бир жиноят ишида давлатимизнинг мактабгача таълим тизимини ривож­лантиришга доир сиёсатидан келиб чиқиб боғчаларни қаерда ва қандай қуриш, қурилишга маблағ ажратишда қандай мезонлар белгилангани ҳам муҳокама қилинди.

Судда гувоҳ сифатида сўроқ қилинган мутахассислар мавзуга алоқадор бир фактни таъкидлаб ўтишди: Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 19 декабрдаги 4067-қарори иловасида Тошкент шаҳрида мактабгача таълим муассасаларининг сиғими ҳамда ҳар бир ўрин учун бюджет лимити тасдиқлаб берилган. Мисол учун, Олмазор туманида 235 ўринли 6 та боғча қурилиши суммаси 6 млрд. 345 млн. сўмдан, Шайхонтоҳур туманида 160 ўринли 1 та боғча қурилиши учун 4 млрд. 320 млн. сўм ажратилиши белгиланган. Кўриниб турибдики, ҳар бир ўринга ўртача 27 млн. сўмдан тўғри келмоқда.

Аммо Сирғали туманида барпо этиладиган 385 ўринли боғча қурилишида мазкур лимитга амал қилинмаган. Яъни «Инфратузилмани ривожлантириш бўйича инжиниринг компанияси» ДУК ажратган 21 млрд. сўм маблағни 385 ўринга бўлганда ўртача бир бола ўрни учун 54,5 млн. сўмдан тўғри келади. Бу Президент қарорида кўрсатилган талабга нисбатан икки баробар кўп бюджет маблағи сарфланган дегани. Хўш, давлат бюджетини бунчалар ўмаришга ким журъат этди?

Суд мажлисида аниқланишича, Д.Эгамов 2015 йилда «31-maxsus qurilish birlashmasi МЧЖни таъсис этади ва унга раҳбарлик қилади. «Max Royal Tower» МЧЖ таъсисчиси ва норасмий раҳбари А.Ғойипназаров, жамиятнинг расмий раҳбари Х.Жамолов, Мактабгача таълим вазирлиги ҳузуридаги «Инфратузилмани ривожлантириш бўйича инжиниринг компанияси» ДУК мансабдорлари ва бош­қалар билан жиноий тил бириктиради. Ушбу жиноий гуруҳ 2019 йилда Сирғали туманида 385 ўринли 4-боғча қурилиши ҳамда бу ишга катта пул ажратилаётганидан хабар топади. Қандай қилиб бўлмасин ушбу объектни қўлга киритиб, ноқонуний даромад орттиришни мақсад қилади.

Бюджет маблағи ҳисобидан янги боғча қурилиши бўйича бош лойиҳачи бошқа корхона бўлган, аммо Д.Эгамов ва жиноий шериклари танлов комиссияси аъзолари билан тил бириктириб, гўё «Future Growth» МЧЖнинг иши кўплиги сабабли қурилишни амалга ошира олмаслиги ҳақида сохта хат тайёрлашади. Қонунга зид равишда танлов ўтказмасдан мазкур қурилишни қўлга киритишади. 15 млрд. 539 млн. 127 минг 400 сўмга қуриш ҳақидаги таклифга асосан ўзларини ғолиб деб топишади.

Шундан сўнг лойиҳада маблағ 25,8 млрд. сўмга ошириб кўрсатилади ва Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги «Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси» Тошкент шаҳар филиали экспертиза ўтказиб, объект қиймати 22,7 млрд. сўм деган хулоса беради.

Катта маблағ жиноий шерикларнинг иштаҳасини очиб юборди. Шартнома ва қўшимча келишувлар доирасида объектда қўшилган қиймат солиғи билан 14 млрд. 966 млн. 939 минг 545 сўмлик иш бажарилган бўлса-да, 2 млрд. 272 млн. 684 минг 457 сўм пулни талон-торож қилишади. Давлатга солиқ тўлашдан ҳам қочишади. 2016–2020-йилларда корхонанинг қатъий ҳисобида туриши лозим бўлган шартнома, юк хати, ишонч қоғози, ёзишмалар ва бошқа ҳужжатларнинг рўйхатини юритишмайди, текширувда аниқланмасин деган мақсадда ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳужжатларни йўқ қилиб юборишади. Болалар ҳақига чанг солган жиноий тўданинг қилмишлари фош бўлди. Суд адолатли ҳукм чиқарди. Жиноий гуруҳ аъзоларининг ҳар бири қилмишига жазо олди, давлат ғазнасига етказилган зарарни тўлаб беришди.