Банк раҳбари мурожаатга кўз юмди

11:24 - 15.09.2022

52

Фалончи банкда ишларкан деса, «Ҳа, демак, у тез орада бойиб кетади», деган хаёлга борадиган одамларнинг тахмини тўғри чиқаяпти. Чунки банкнинг, банкирнинг ўзига хос ўйинлари бор экан.

Акмал Шарипов 2016–2019 йилларда «Асака» банкининг Бухоро шаҳар филиали бошқарувчиси лавозимида ишлаган. Филиалнинг кредит қўмитаси раиси бўлган А.Шарипов «Мирфайз чорвадор омади» МЧЖ раҳбари М.Маҳмудов билан жиноий тил бириктирди. Мазкур банк томонидан 2018 йил 17 апрелдаги 145-кредит шартномасига асосан «Мирфайз чорвадор омади»га 2016 йилда ишлаб чиқарилган 80 507 ХАА номерли «MAN TGS 26.400» юк автомашинаси сотиб олиш учун 3 йил муддатга 500 миллион сўм кредит ажратилади. А.Шарипов кредитга олинган автомашина гаровга олинмаганини жуда яхши биларди. Аммо қўмита аъзоларининг М.Маҳмудов шартномани бузиб, автомашинасини гаровга қўймагани ҳақидаги мурожаатга кўз юмди. Буниси етмагандек, 2018 йилга мўлжалланган кредит сиёсати талабларига зид равишда 100 фоиз гаров тақчиллиги бўлишига қарамасдан 2018 йил 24 июлда «Мирфайз чорвадор омади»га 174-шартномага асосан молхона сотиб олиш учун 350 миллион сўм кредит ажратилди.

Бир хато бошқасини келтириб чиқарар экан, занжирнинг бир учи албатта жиноятга бориб тақалади. «Халқ банки»нинг Қизилтепа филиалида М.Маҳмудов норасмий равишда раҳбарлик қилиб келаётган «Sardor logistika gold» МЧЖга ажратилган 440 миллион сўм маблағ учун кредит таъминоти сифатида «MAN TGS 26.400» автомашинаси гаровга қўйилишига шароит яратиб берган А.Шарипов бундан манфаатдор бўлмаган десак ким ишонади? Бунинг оқибатида давлат ва банкка 173 305 730 сўм зарар етказилган. Қонунларга панжа орасидан қараган, кредит ажратилишида адолат тамойилини бузган А.Шариповни суд айбли деб топди. Унга нисбатан иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан 2 йилу 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Шунингдек, у 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилди.