Ҳар бир сектор нажот масканига айланади

11:43 - 15.09.2022

60

Жамиятдаги муаммоларнинг ҳал қилиниши аҳолининг аҳволини яхшилаш билан бирга жиноятларнинг олдини олишга ҳам хизмат қилади. Самарқанд вилояти прокуратураси органлари бу борада салмоқли ишларни амалга оширмоқда.

Ўтган йиллар давомида «темир дафтар»га олинган 18 минг 92 та оиладан 15 892 тасига ёрдам кўрсатилиб, дафтардан чиқарилди. Бу оилалардан 21 минг 84 киши ишга жойлаштириб, 18,2 млрд. сўмлик ёрдам берилди. Ҳисобда қолган 2200 та оила бўйича ҳам зарурий чоралар кўрилмоқда.

2022 йилнинг 1-ярмида прокурорлар ташаббуси ҳамда ҳомийлар кўмаги билан эҳтиёжманд оилаларга 21 та уй қуриб берилди. 96 та оиланинг уйи тўлиқ таъмирланди. Масалан, Нарпай туманидаги Ўзбеккенти маҳалласида яшовчи О.Имомованинг бир хонали хароба уйи бузиб ташланиб, уч хонали уй қурилди. Шунингдек, керакли мебель ва маиший техникалар олиб берилди.

Ургут тумани Омонқўтон маҳалласида яшовчи 2-гуруҳ ногирони Ш.Облоқулова, Тойлоқ тумани Чароғбон маҳалласида яшовчи А.Ҳақбердиева, Иштихон тумани Барлос маҳалласида яшовчи Г.Норбекова, Пастдарғом тумани Навоий маҳалласида яшовчи Р.Йўлдошеванинг уйи таъмирланди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Жомбой туманидаги Кўкгумбаз маҳалласи учун давлат-хусусий шерикчилиги асосида 400 млн. сўм эвазига 5 хонали идора биноси, унга туташ ҳудудда икки қаватли маиший савдо мажмуаси қурилиб, 15 та иш ўрни яратилди.

Самарқанд вилояти прокурорлар секторидаги янги тизим бўйича иш бошлаган ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва аёллар фаоллари билан биргаликда 167 290 та хонадонда ўтказилган хатловда аниқланган 36 246 та муаммо ҳал этилди. Жумладан, 2690 кишига 60,9 млрд. сўм кредит ажратилди, 16 972 нафарининг бандлиги таъминланди, 2013 кишига моддий ёрдам тайинланди.

Аҳолининг бандлигини таъминлаш мақсадида 2-секторлардаги 5018 фуқарога 1633 гектар ер пудрат шартномаси асосида деҳқончилик учун ажратилди.

Самарқанд тумани прокурори секторида «Самарқанд келажак томорқа хизматлари» МЧЖ томонидан паррандачилик билан шуғулланиш истагида бўлган 39 та хонадонда аввало шароит яратилиб, ҳар бирига 500 та ва ундан ортиқ, жами 14 500 та жўжа тарқатилди. Натижада 43 нафар ишсизнинг бандлиги таъминланиб, ойига ўртача 3,5-4 млн. сўмдан даромад олишига эришилди. 524 та оилага субсидия ва имтиёзли кредитлар асосида иссиқхона қуриб берилди.

Прокурор секторларида 54 та оилавий мактабгача таълим муассасасига 1300 дан ортиқ бола қамраб олинган.

Ҳудудларга 33 км тоза сув тармоғи тортилиб, эскирган 84 км тармоқ таъмирланди. Аҳолининг электр таъминотини яхшилаш мақсадида 2-секторларда 3877 та электр таянч янгисига алмаштирилди. Мурожаатлардан келиб чиқиб, 25 км табиий газ тармоғи тортилиб, 321 та газ тақсимлаш пункти таъмирланди ҳамда аҳолига 170 515 та суюлтирилган газ баллони етказиб берилди.

«Аёллар дафтари»га киритилган 16 267 кишининг 11 473 нафарига ёрдам кўрсатилди. Бунинг учун Аёлларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамғармасидан 6,9 млрд. сўмдан ортиқ пул сарфланди.

Прокурорлар секторида 9180 киши «ёшлар дафтари»га киритилган. Шундан 8940 нафарига моддий ва бошқа беғараз ёрдам кўрсатилди, бу борадаги ишлар давом эттирилаяпти.

Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир секторни нажот масканига айлантириш ҳақидаги топшириғига кўра Пахтачи тумани прокуратурасининг эски маъмурий биносида дафтарларга киритилган 55 аёлга қўшимча иш ўрни яратилиб, бандлиги таъминланди. Чет тилларни ўқитиш курси ҳамда 800 дан ортиқ китоб жамланган кутубхона ташкил этилди.

2022 йилнинг ўтган даврида 6186 та прокурор назорати ҳужжати қўлланди. 1945 та ноқонуний ҳужжат қонунга мослаштирилди, 2410 дан ортиқ шахснинг бузилган ҳуқуқи тикланди.

Қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан тегишли идораларга 941 та тақдимнома киритилди, қонун талабини бузган 2705 киши интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилди. 206 та жиноят иши қўзғатилди.

Самарқанд вилоятида прокурор текширишлари натижасида ва жиноят ишлари терговида жами 48,1 млрд. сўм зарар ундирилди.

Мамлакатнинг тараққиёти барча соҳаларда қонунга сўзсиз риоя этишга, коррупциянинг олдини олишга бевосита боғлиқ. Самарқанд вилояти бўйича коррупцияга оид ҳолатлар юзасидан 252 кишига нисбатан 248 та жиноят иши қўзғатилиб, тергов олиб борилган. Мазкур жиноятлар оқибатида давлат ва жамиятга 35 млрд. сўм зарар етказилган, унинг 29,4 млрд. сўми ундирилди.

Коррупция учун жавобгарликка тортилганларнинг 143 нафари бюджет маблағини ўзлаштириш, 11 таси пора олиш ва бериш, 16 таси фирибгарлик жиноятини содир этган. Ҳозир 11 та коррупцион ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов давом эттирилмоқда. Жумладан, Қўшработ тумани халқ таълими бўлимининг 22 нафар ҳисобчи ва мансабдорлари мактабларнинг 1,3 млрд. сўм пулини талон-торож қилган.

Жорий йилда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг 10 нафар ходими жиноий қилмиши учун жавобгарликка тортилди. Масалан, Жомбой тумани ИИБ тезкор вакили М.Ҳамроқулов фуқаро Ш.Нўъмоновга Самарқанд шаҳридаги 0,65 га ер яқин танишиники эканлигини айтиб, уни алдаб, ерни унинг номига расмийлаштириб беришни ваъда қилиб 40 000 АҚШ долларини олиб, ўзининг эҳтиёжи учун сарфлаб юборган. 

Самарқанд вилоятида жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик билан ҳамкорликда салмоқли ишлар қилинмоқда. Шунга қарамасдан вилоятда 3217 та жиноят содир этилган, бу аввалги йилга нисбатан 12,8 фоиз кўп. Оғир ва ўта оғир жиноятлар 325 тага, қасддан баданга оғир шикаст етказиш 6, талончилик 7 ва фирибгарлик 66 тага кўпайган.

Жиноятчиликка қарши курашда асосий эътиборни маҳаллада содир этиладиган жиноятларнинг олдини олишга қаратдик. Аввало ҳудудлар камералаштирилди. 2022 йилда жами 18 329 та, шу жумладан асосий ва ички кўчаларга 2702 та камера ўрнатилди, аввалдан бўлган 150 та камера таъмирланди. Натижада қисқа муддатда 100 дан ортиқ жиноят кузатув камераси ёрдамида фош этилиши, вилоятдаги 1126 та маҳалланинг 670 тасида жиноят содир этилмаслигига эришилди. 

Автомобиль йўлларига 1084 та йўл белгиси ва 19 та светофор ўрнатилди.

75 марта меҳнат ярмаркаси ўтказилиб, профилактик ва бошқа ҳисобда турган 572 киши ишга жойлаштирилди, ажралиш ёқасидаги 2553 та оила яраштирилди.

403 нафар шахснинг ҳуқуқбузарликка сабаб бўлиши мумкин бўлган мулкий низоси ҳал этилди.

Вилоят прокуратураси органлари томонидан бугунги кунгача 272 та жиноят иши бўйича тергов ўтказилиб, 229 таси айблов хулосаси билан судларга юборилган. Терговда аниқланган 57,6 млрд. сўм зарарнинг 44,8 млрд. сўми ундирилиши таъминланган.

199 киши ўз жонига қасд қилгани, шундан 84 таси хотин-қизлар ва 30 таси болалар эканлиги барчамизда ташвиш уйғотиши керак.

Ушбу даврда фуқароларнинг мурожаатларига ҳам жиддий эътибор қаратилди. Прокуратура органларига келиб тушган мурожаатларнинг 10 163 таси бевосита прокурор-тергов ходимлари томонидан ҳал этилди. Прокуратура ходимлари 9363 нафар фуқаро ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилди. Уларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш натижасига кўра 1457 таси қаноатлантирилди. Сайёр қабулларда 2685 кишининг арзи тингланди. Жами 3042 нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланиб, қонуний манфаатлари ҳимоя қилинди.