Ҳанузгача қорабозор барҳам топмаяпти

11:47 - 15.09.2022

41

Ҳеч кимга сир эмас, Ўзбекистонда одамлар йирик олди-сотдиларнинг аксариятини АҚШ долларида амалга оширади. Банкдан ташқари айланаётган доллар кўламини ҳисоблаш, тахмин қилиш мураккаб. Лекин бу катта пуллиги аниқ. Албатта, хусусий мулк дахлсизлиги конституция билан ҳимояланган ва ҳар бир фуқаро ўз мулкини истаган тарзда сотиши мумкин.

Бундан бир неча йил аввал Ўзбекистонда долларнинг уч хил курси бор эди. Одамлар орасида миллиардлаб доллар қўлма-қўл бўлиб юрса-да, оддий халқ расман банк орқали деярли валюта сотмади ва сотиб олмади.

Ўша пайтларда нақд сўм бўлганда ҳам доллар топиш муаммо эди. Энг афсусланарлиси, пластик картадаги маблағ долларга айлангунча анча йўқотиш бўларди. Мазкур ҳолат ҳам долларнинг қадрини ошираверди. Бу муаммолар ечим топганига қарийб беш йил бўлди. Бугун банклардан хоҳлаганча валюта сотиб олиш мумкин.

Соҳада туб бурилиш ясаган ҳужжат. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 2 сентябрдаги «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони фуқароларга жуда катта қулайлик яратди.

Мазкур ҳужжат 2017–2021-йилларда Ўзбекис­тонни ривожлантириш стратегиясига мувофиқ валюта соҳасини тартибга солишнинг бозор механизмларини жорий этиш, республиканинг экспорт салоҳиятини юксалтиришни рағбатлантириш, хо­рижий сармояларни жалб қилиш, мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш мақсадида қабул қилинганини таъкидлаш ўринлидир.

Ҳақиқатдан йироқ тахминлар. Мазкур ҳужжат кучга киргач, унинг моҳиятини тушунмаган одамлар орасида «Энди ҳамма нарса қиммат бўларкан», «АҚШ долларининг курси ошадими?», «Яна валюта айирбошлаш шохобчаларида навбатлар кўпаяди», «Қора бозор йўқ бўлса халқ қийналмайдими?» деган мишмиш ва тахминлар тарқалди. Лекин уларнинг барчаси ҳақиқатдан йироқлиги аён бўлди.

Яна бир эътиборли ҳолат: Марказий банк 2017 йил 5 сентябрдан бош­лаб чет эл валюталарининг сўмга нисбатан курсини белгилашда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва ҳатто Афғонистон валюталарини ҳам рўйхатга киритди. Аввал мазкур валюталарнинг сўмга нисбатан курси белгиланмас, ҳатто уларда экспорт-импорт шартномалари тузилишига ҳам йўл қўйилмасди. Бу бир қарашда арзимас ҳолатдек туюлиши мумкин. Бироқ бунинг негизида жуда катта рамзий маъно ва ишоралар бор. Яъни шу орқали қўшни мамлакатлар билан савдо-сотиқ ривожланди.

Ушбу фармон қабул қилингунга қадар республикамиз иқтисодиёти кучли даражада долларлашган эди. Кўплаб маҳсулотлар расман долларда сотиларди. Мобиль алоқа операторлари ва интернет-провайдерлар тарифлари унга боғлаб белгиланарди. Валюта соҳасидаги сиёсат ана шундай кўплаб ҳолатларни бартараф этишга хизмат қилди.

Бугунги кунга келиб мазкур соҳадаги ислоҳотни чуқурлаштириш талаб қилинмоқда. Чунки банклардаги валю­та айир­бошлаш шохобчалари, яъни саррофхоналарнинг дам олиш кунлари ишламаслиги аҳоли ва тадбиркорларга ноқулайлик туғдирмоқда. Ижтимоий тармоқларда бу масала кенг муҳокама қилинмоқда, муаммо юзасидан турли фикрлар янграяпти.

Қанча банкомат бор? Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг маълумотига кўра, 2018 йилда республикамизда 1 638 та валюта айирбошлаш шохобчаси фаолият юритган бўлса, ҳозирги кунга келиб уларнинг сони 3 970 тани, шундан валюта айирбошлаш банкоматлари сони – 1 880 тани ташкил этмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган 6 ойида республикамизда 251 та валюта айирбошлаш шохобчаси ва 343 та валюта айирбошлаш банкомати ишга туширилган.

Хусусан, департамент органлари томонидан хорижий валюта қимматликларини ноқонуний муомалага киритилишининг олдини олиш борасида тезкор тадбирлар тизимли равишда ўтказиб келинмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида бу борада 245 та қонунбузарлик ҳолати аниқланиб, натижасига кўра, 167 та жиноий ҳамда 78 та маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар қўзғатилган.

Ҳуқуқбузарлардан давлат фойдасига 433,2 минг АҚШ доллари, 1,1 млн. Россия рубли, 702,2 минг қозоқ тенгеси ва 1,2 млрд. сўм ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Қалбаки пул ясаш ва ўтказиш билан боғлиқ 23 та жиноят фош этилиб, 135 млн. сўмлик ҳамда 53,2 минг АҚШ долларилик қалбаки банкнотларни эркин муомалага киритилишининг олди олинган.

Таклиф бор! Бугунга кунда фуқароларимиз банк шохобчаларида эркин валюта айирбошлашлари мумкин. Лекин Департамент маълумотларидан билиш мумкинки, ҳанузгача қорабозор фаолияти барҳам топмаяпти. Бунинг эса сабаблари бор.

Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, банклардаги валюта айирбошлаш шохобчаларига нисбатан аксарият банкоматларда АҚШ доллари бир неча сўм арзон нархда қабул қилинаяпти. Бундан ташқари, банкларнинг валюта айирбошлаш шохобчалари шанба ва якшанба кунлари, шунингдек, бошқа дам олиш кунлари ишламайди. Шу сабабли айрим фуқаролар валюта айирбошлашда ноқонуний саррофлар хизматидан фойдаланмоқда.

Валюта соҳасидаги ҳуқуқ­бузарликларнинг олдини олиш мақсадида биринчи навбатда банкларнинг валюта айирбош­лаш шохобчалари узлуксиз ишлашини таъминлаш, банкоматлардаги курсни шохобчадаги курсларга тенглаштириш ва чет эл валютасини юқори нархда сотиб олаётган банкоматларни кўпайтириш лозим.

Шунингдек, валюта айир­бош­лаш тизимини янада эркинлаштириш шарт. Яъни, хусусий секторга ҳам чет эл валютасини алмаштириш имкониятини бериш керак. Банклар дам олиш кунлари ишлашни хоҳламаса, марҳамат, хусусий саррофларга йўл берайлик. Улар 24 соат ишлайди. Ҳозир эса улар ноқонуний ишламоқда. Чет элга чиқсангиз, ҳар қадамда валюта айирбошлаш шохобчаси бор. Улар хусусий ва эркин. Бизда ҳам шуни йўлга қўйсак, ўртада эркин рақобат бўлади. Агар уларга лицензия бериладиган бўлса, солиқ тўлашади ва давлат бюджетига ҳам пул тушади. Қолаверса, уларга масъулият юкланса, муомалада қалбаки пулларнинг айланиши камаяди. Шунингдек, кўп одам қонуний ишли бўлади. Аҳоли дам олиш кунлари валюта алмаштириладиган жойни қидириб юрмайди.