«Зиёратчи» йигитлар

12:45 - 09.09.2022

67

Афғонистон Ислом Республикаси фуқароси Юсуф Саеед Ўзбекистонга биринчи марта сафарга чиқишни режалаштирди. У таниши Ибодуллонинг таклифини қабул қилганида Хоразмда уни кутиб олиши мумкин бўлган кишилар борлиги ҳақида ўйлади.

— Буюртмачи Жавлон исмли одам сен билан боғланади. У ёғини ўзи ҳал қилади. Эҳтиёт бўл, – деди Ибодилло.

Чунки гиёҳвандлик моддасини постлардан олиб ўтишнинг ўзи бўлмаслигини у яхши биларди. Юсуф эса ҳамроҳ бўлса яхши, деб ўйлаб таниши Абдулҳамидни ҳам Хоразм зиёратига кўндирди.

— Кимнинг уйига борамиз, деб ҳайрон бўлаяпсанми? Тоғам Ҳожи-Юнус Хоразмга ишлаш учун бориб, у ерда бир муддат яшаган. У ерда Саттор исмли жияни бор. Ўша бизни айлантиради, – деди. 

Абдулҳамид ўртоғининг гапларига ишонди.

2021 йил 7-8 февраль кунлари визалари чиққан афғон йигитлар Ўзбекистонга қараб йўлга чиқишди. Термизга етиб келгач, Хоразмга кетаётган йўловчи такси ҳайдовчиси билан 110 АҚШ долларига келишиб олишди. Хоразмда эса ўзи билан заҳри қотил олиб келаётган нияти қора меҳмонларни Жавлонбек Ёқубов сабрсизлик билан кутаётган эди. У Ибодулло билан телефон орқали гаплашиб, Ўзбекистонга келаётган Юсуф Саеед билан боғланиш учун телефонига янги рақам сотиб олди.

— Мен юборган одам Хоразмга келгач, ўзи сенга телефон қилади. Мен телефон рақамингни бериб қўяман, – деди Ибодулло.

2021 йилнинг 10 февраль куни тахминан соат 15-00ларда кутилган қўнғироқ бўлди. Бу Афғонистондан келаётган «меҳмон» эди.  Юсуфнинг талаффузига тушунмаган Жавлон такси ҳайдовчиси билан гаплашди. «Кеч соат 01.00 ларда Хоразмга етиб борамиз…», – деди таксичи.

Айтилган вақтгача афғон меҳмонларини кутган йигит, бир неча марта қўнғироқ қилса-да, телефонлар ўчирилганидан хавотирланиб: «Улар қўлга тушган, бу аниқ», – деди ичида.

Яйдоқ чўл ўртасидан ўтган йўлдан елдек учиб келаётган «Кобальт» ичидаги афғонистонлик йўловчилардан бирининг кўнгли айниб қайт қилгиси келди. Ҳайдовчи йўлда бундай воқеалар бўлиб туришини, уларга хижолат бўлмасликларини айтиб, машинани тўхтатди. Зовур томонга кетган Юсуф узоқ ўқчиди. Шериги Абдулҳамид «Ош кўп егани учун кўнгли айниди, шекилли», – деди ўз тилида. Аввалига унча эътибор бермаган ҳайдовчи Юсуф келиб машинага ўтирганда унинг кўзлари бежолигини сезди. Аслида ҳайдовчининг хавотири ўринли эди. Ўша куни Ромитан туманининг Газли шаҳарчаси ҳудудидан ўтувчи йўлда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг кўчма пости фаолият юритаётганди. Соат тунги 23-00 лар атрофида. Автомашинага тўхташ ишораси берилди. Ички ишлар ходимлари «Кобальт»га қараб келишди. Шу пайт Юсуф ниманидир ўтирғичнинг остига ташлади. Буни кўрган ҳайдовчининг гумони янада ошди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари автоуловнинг орқа томонидаги ўтирғич остидан скотчланган, полиэтиленга ўралган, ичида қора рангдаги модда бўлган 4 дона буюмни топиб олишди. Юсуф бекорга қайт қилмаган экан. Маълум бўлишича, у ютиб олиб юриш учун мослаштирилган гиёҳванд моддани ошқозонида олиб келаётганида, ёрилиб кетиш хавфи бўлгани учун уларни чиқариб олган экан.

Суд Юсуф Саеедни айбдор, деб топди. Унга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан 6 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Тақиқланган гиёҳванд моддани қонунга хилоф равишда Ўзбекистонга олиб кирган меҳмонларни кутиб турган Жавлонбек Ёқубов ҳам қонун олдида жавоб берди. У суд ҳукми билан 7 йилу 8 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.