Тўсиқсиз муҳитни таъминлаш лозим

12:34 - 09.09.2022

5

Газетамизнинг ўтган сонларида мамлакатимизда ногиронларга берилган имтиёзлар, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясига доир мақолалар берган эдик. Бугун ҳам мавзуни давом эттирган ҳолда, ногиронларга оид энг муҳим масала – уларга берилаётган эътибор ҳақида тўхталиб ўтмоқчимиз.

Мавзу юзасидан Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси раисининг стратегик масалалар бўйича ўринбосари Абдулла Абдухалиловга мурожаат қилдик.

– Имконияти чекланганлар учун бирор касбни қулай деб бўладими? Улар ўз танлаган касби доирасида фаолият юритишда муаммога дуч келмаяптими?

– Имконияти чекланган инсонлар учун муайян бир касбни яхши деб мутлақлаштиришнинг ўзи хато. Бундай йўл тутиш жамият аъзолари орасида турли стереотиплар билан бирга ногиронларда ўзига нисбатан ишончсизликни ҳам пайдо қилади. Аслида ҳар бир инсон ўз потенциалига эгаки, ахборот технологиялари, таълим, тиббиёт, ҳунармандчилик каби кўплаб соҳаларда кўзи ожизлар орасидан чиққан профессионал мутахассисларни кўриш мумкин.

Жаҳон тажрибасида кўзи ожизларни массажчилик бўйича ўқитиш кенг қўлланади. Масалан, Японияда соғлом уқаловчиларга нисбатан бу ҳунарни эгаллаган кўзи ожизлар хизматига талаб юқори. Бизда ҳам иш топишда танлов имкониятини ошириш учун шундай йўналишдаги ўқув курсларини ташкил этиш лозим. Албатта, бу катта куч ва тизимли ёндашувни тақозо қилади.

Афсуски, кўзи ожиз ва бошқа тоифадаги ногиронларнинг асосий муаммоси иш топишдангина иборат эмас. Улар ўзи танлаган соҳада муқим фаолият юритиши ҳам муаммо. Уларнинг иш жойини тез-тез алмаштиришига асосий сабаб иш берувчиларда ногиронлар билан ишлаш кўникмасининг шаклланмаганидир.

Инсон капитали концепциясига биноан ҳар бир киши иқтисодий ресурс саналади, жумладан, ногирон шахс ҳам. Ушбу ресурсни иқтисодий тараққиёт сари тўғри йўналтириш зарур.

– Ногиронларга тўсиқсиз муҳитни таъминлаш учун қандай ишлар қилиниши керак?

– Юртимизда имконияти чекланганлар учун реабилитация воситалари ишлаб чиқарувчи корхоналар йўқ ҳисоби. Ногиронлар аравачаси, эшитиш мосламаси, кўзи ожизларга мўлжалланган тифлотехник буюмларнинг аксар ҳолларда чет элдан келиши кутилади.

Маҳаллий миқёсда бундай техникалар ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган солиқ имтиёзлари, преференцияларни амалда қўллаш зарурати мавжуд. Буларсиз тўсиқсиз муҳитни таъминлашнинг сира иложи йўқ.

– Оммавий ахборот воситаларида берилаётган имконияти чекланганлар ҳақидаги мақолалардан кўнглингиз тўладими?

– Оммавий ахборот воситаларида ногиронлар ҳақида тайёрланадиган контент асосан раҳм-шафқат ҳиссини уйғотишга қаратилган. Бу – жамият орасида ногиронлар чорасиз ва оғир аҳволда деганга ўхшаш стереотиплар шаклланишидаги бош сабабдир. Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси ҳар йили журналистлар иштирокида бу борадаги ёндашувларни соғломлаштириш юзасидан тренинглар ўтказади. Шунга қарамай материалларда деярли ўзгариш кузатилмайди.

Халқаро тажрибадан маълумки, BBC, CNN каби йирик телерадиокомпанияларда имконияти чекланган шахслардан таркиб топган экспертлар гуруҳи фаолият кўрсатади. Ногиронлик мавзусидаги материаллар ушбу гуруҳ билан кенгашган ҳолда оммага тақдим этилади.

Япон ёзувчиси Ҳаруки Мураками ўзининг бир асарида айтганидек, «Оддий одамлар ҳақида ёзиш қи­йин, қаҳрамонлар ҳақида ёзиш жуда осон. Чунки оддий инсонларнинг ҳаётини қизиқарли қилиб тасвирлаш ҳар доим мураккаб бўлади». Шу боис журналистлар биздан қандайдир қаҳрамонликни топиб, ўзга сайёраликларга ўхшатиб тасвирлаш билан материалга жамоатчилик диққатини жалб қилишни кўзласа керак.

– Имконияти чекланганлар ҳақида яратилган фильмлар тўғрисида нима дея оласиз?

– Ўзбек сегментида ногиронлар ҳаётини акс эттирувчи фильмлар журналистлар тайёрлайдиган материаллардан ҳам ўтиб тушади. «Яратганга шукур» фильмида сеҳргар кўзи ожиз қаҳрамондан «тила тилагингни» деб сўраганда, у «Мен ҳамма кўр бўлиб қолишини хоҳлайман» дейди. Кўзи ожизлар билан ҳеч суҳбатда бўлмаган одам ушбу картинани томоша қилгач, бу тоифа кишиларнинг барчасида шундай ният бўлар экан деган янглиш ўйга бормайдими?

Аввалроқ телевидениеда бир спектакль қўйишганди. Унда ногирон аёлнинг устидан кулиш саҳнаси бор. Қайнона қулоғи эшитмайдиган келинига чой келтиришини айтганда у ҳар сафар бошқа нарсани олиб келаверади. Буни кўриб театрдаги томошабинлар такрор-такрор қийқириб кулишади. Ўша томошабин ҳаётда ҳам имконияти чекланган кишига шундай муносабатда бўлмаслигига ким кафолат беради?

Аслида жаҳон киносида имконияти чекланганларнинг ҳаққоний ҳаёти бўрттирмасдан тасвирланган, инсон бахтли бўлиши учун тузалиши ёки бахтсиз бўлиши учун ногиронликка юз тутиши ғояси сингдирилмаган шедеврлар кўп. Бош ролда Ал Пачино ўйнаган, ўзбек тилига яхши таржима қилинган «Аёл таровати» фильми бунга ёрқин мисол.

Ногиронлар ҳақида фильм суратга олиш истагидаги ижодкорлардан жаҳон дурдоналарини кузатишларини, шу тоифа кишилардан тузилган эксперт гуруҳлари билан бамаслаҳат ишлашларини сўраб қолардим.

– Сизнингча, кўзи ожизлар жамиятда ўз ўрнини топиши учун нималар қилиш керак?

– Кўзи ожизларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши, ижтимоий мослашувига кўмаклашувчи мутахассислар тифлологлар ҳисобланади. Афсуски, бизда бу соҳа тараққий этмаган. Илмий-амалий тадқиқотлар ҳам олиб борилмаяпти. Умуман, олий таълим масканларида тифлолог деган мутахассис тайёрланмайди.

Ҳозир кўзи ожизлар мактаб-интернатлари ўқитувчиларини тифлопедагогика курсларида ўқитиш билан чекланилмоқда. Юртимизда 65 мингдан зиёд кўзи ожиз фуқаро истиқомат қилаётган бир пайтда олий ўқув юртларида ушбу ихтисослик бўйича профессионал мутахассислар тайёрланиши ва тизим такомиллашишига эришиш лозим.

Автобусларда бекатларнинг мунтазам айтиб турилмаслиги кўзи ожиз йўловчиларга жуда катта ноқулайлик туғдиради. Бу турдаги жамоат транспортининг айримларида бекатлар эълон қилинувчи аудиоёзувлар бўлса-да, кўп ҳолларда улардан фойдаланилмайди.

Японияда ногиронларга транспорт хизмати кўрсатишга оид қонун бор, унда ҳайдовчи, чиптачи, бошқа йўловчилар мазкур тоифа кишиларга қандай муносабатда бўлиши зарурлиги хусусида аниқ қоидалар белгиланган. Бизда бу борада қонун тугул низом ҳам йўқ. Шундай экан, овозли ёзувни ишга туширмайдиган ҳайдовчиларга қандай чора кўрилиши ҳам аниқ эмас.  Жамият ногиронларни ҳеч бир ғайритабиий қарашларсиз қабул қилишга кўникиши керак. Шундагина тўсиқсиз муҳитни қарор топтириш мумкин. Айтайлик, банк, нотариус, турли давлат идоралари кўзи ожизларга   қай тартибда маълумот тақдим этишни билмайди. Бунга фақат маълум инсонлар эмас, инклюзияга мослашмаган бутун бир жамият дахлдор. Қолаверса, БМТнинг собиқ бош котиби Пан Ги Муннинг сўзлари билан айтганда, жамиятнинг ривожланганлик даражаси ногиронларга бўлган муносабатга боғлиқ.