Маҳаллада ижтимоий хизмат

12:40 - 09.09.2022

21

Маҳаллаларда ижтимоий муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш ишларини комплекс ташкил этиш, кўрсатилаётган ижтимоий хизматларнинг сони ва сифатини ошириш ҳамда хотин-қизларни касбга ўқитиш тизимини янада жадаллаштириш мақсадида 2022 йил 29 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маҳаллаларда ижтимоий хизматларни кўрсатиш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам бериш тизимини янги босқичга кўтариш ҳамда хотин-қизларни касбга ўргатиш ишларини янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ 2022 йил 1 июлдан бошлаб қуйидагиларни назарда тутувчи маҳаллаларда комплекс ёндашув асосида ижтимоий хизматларни ташкил этиш тизими босқичма-босқич жорий қилинади. Бунинг учун маҳаллалардаги хотин-қизлар фаолларига қўшимча вазифалар юклатилади. Қўшимча вазифалардан биринчиси — ҳар бир хонадон аҳволини ўрганиб, оилалардаги ҳақиқий ҳолат ва ижтимоий хизматларга бўлган эҳтиёжни аниқлаш; иккинчиси — ижтимоий ёрдамга муҳтож ҳар бир оилани индивидуал ижтимоий ҳимоя қилиш режасини ишлаб чиқиш; учинчиси — аҳоли мурожаатлари асосида ва ижтимоий ҳимоя режасининг ижросини ўрганиш жараёнида ижти­моий хизматларнинг ўз вақтида ва сифатли кўрсатилишини доимий назорат қилиб бориш; тўртинчиси — мураккаб ва юқори технологик тиббий амалиётларга, ногиронлиги бўлган шахсларнинг протез-ортопедия буюмларига ва шу каби бошқа ижтимоий хизматларга оилаларнинг эҳтиёжи бўйича тавсиялар ва буюртмалар бериш; бешинчиси — ижтимоий ҳимояга масъул барча идоралар томонидан ижтимоий хизматлар кўрсатилиши устидан мониторинг олиб борилади.

Маҳаллаларда комплекс ёндашув тизими асосида ижтимоий хизматларни жорий қилишни мувофиқлаштириш бўйича республика Мувофиқлаштириш штаби ташкил этилиб, унга ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида муайян вазифалар юклатилади. Мувофиқлаштириш штаби томонидан оилалардаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишда комплекс ёндашув тизимини йўлга қўйиш; оилалардаги ижтимоий муаммоларни аниқлаш учун хотин-қизлар фаоли билан ҳамкорлик қилиш; оилаларни иқтисодий ночор аҳволдан чиқариш ва меҳнат орқали барқарор даромад манбаи билан таъминлаш чораларини кўриш; соғлом ҳаёт тарзини тарғиб қилиш ҳамда тиббий ёрдамга муҳтож оилаларга ўз вақтида сифатли тиббий кўмак кўрсатилишини ташкиллаштириш; юридик кўмак кўрсатиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш каби вазифалар белгиланди.

Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси Мувофиқлаштириш штабининг ишчи органи этиб белгиланди.

Ҳудудий штаблар маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари томонидан фуқароларнинг ижтимоий муаммолари бўйича киритилган тавсиялар ва буюртмаларнинг ўз вақтида кўриб чиқилиши ва тегишли хизматларнинг кўрсатилишига масъул этиб белгиланди.

Мазкур қарорга асосан 2022 йил 1 ноябрга қадар маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари томонидан ҳар икки ҳафтада ҳудудий штабларга маҳаллалардаги хонадонлар аҳволи, оилалардаги ҳақиқий ҳолат асосида уларнинг ижтимоий хизматларга бўлган эҳтиёжи; маҳаллалардаги оилаларни ўрганиш натижалари бўйича уларга аниқ ижтимоий хизмат кўрсатиш бўйича маълумотлар; мураккаб ва юқори технологик операцияларга, ногиронлиги бўлган шахсларнинг протез-ортопедия буюмларига ва шу каби бошқа ижтимоий хизматларга оилаларнинг эҳтиёжи бўйича тавсиялар ва буюртмалар; маҳаллаларда хонадонлар аҳволини кузатиб бориш ҳамда аҳоли мурожаатлари асосида уларга ижтимоий хизмат кўрсатилишининг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши бўйича маълумотлар киритиб борилади.

Ҳудудий штаблар маҳаллалардаги хотин-қизлар фаолларидан келиб тушган маълумотларни ўз ҳудуди кесимида умумлаштирган ҳолда икки кун муддатда уларни Мувофиқлаштириш штабига юборади. Мувофиқлаштириш штаби келиб тушган маълумотлар асосида уч кун муддатда ҳақиқатда ижтимоий хизматга эҳтиёжманд бўлган оилаларга Ҳудудий штаб аъзосининг масъул ходими томонидан манзилли ижтимоий хизмат кўрсатилишини ташкиллаштиради.

Молия вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан кўрсатилаётган молиявий, техник ва эксперт кўмаги асосида «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими негизида «Маҳаллада ижтимоий хизмат» автоматлаштирилган махсус электрон модулини 2022 йилнинг 1 августига қадар ишлаб чиқади ва унинг ишга туширилишини таъминлашга масъулдир. Хусусан, «Маҳаллада ижтимоий хизмат» модули маҳаллаларда оилаларга ижтимоий хизматлар кўрсатишни ахборот-коммуникацион технологиялар асосида амалга ошириш бўйича махсус электрон дастурий таъминот ҳисобланади. Мазкур электрон модул фойдаланувчиси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳисобланади.

«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимининг таркибий қисми бўлиб, унинг функционал имкониятларини кенгайтириш, такомиллаштириш ҳамда техник қўллаб-қувватлаш Молия вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Қарорга мувофиқ 2022 йил 1 августдан бошлаб, дастлаб Сурхондарё вилоятининг маҳаллаларида «Маҳаллада ижтимоий хизмат» модули орқали ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими жорий этилиши белгилаб қўйилди. Бунда Сурхондарё вилоятининг маҳаллаларидаги хотин-қизлар фаоллари ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг грант маблағлари ҳамда Сурхондарё вилояти маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан планшетлар билан таъминланади. Шунингдек, 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб, республиканинг бошқа барча маҳаллаларида «Маҳаллада ижтимоий хизмат» модули орқали ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими тўлиқ жорий этилади.

Маҳаллаларда хотин-қизлар фаоллари орқали «Маҳаллада ижтимоий хизмат» модулини жорий этишнинг қуйидаги уч босқичини назарда тутувчи тартиб белгиланади. Биринчи босқичда — «Маҳаллада ижтимоий хизмат» модули доирасида маҳаллаларда ижтимоий хизматларга муҳтож бўлган оилаларнинг эҳтиёжмандлик даражаси автоматлаштирилган тарзда объектив қарор қабул қилиш орқали баҳоланади. Бунда оилаларнинг маълум бир турдаги давлат ижтимоий хизматига бўлган эҳтиёжи фуқаролардан қўшимча ҳужжатлар талаб этмаган ҳолда сўровнома тарзда баҳолаш мезонларига мувофиқ аниқланади.

Иккинчи босқичда — «Маҳаллада ижтимоий хизмат» модулида ҳар бир ижтимоий хизматга муҳтож бўлган оилалар учун индивидуал ижтимоий режалар тузилади. Улар оилаларга комплекс ёки маълум бир турдаги ижтимоий хизмат кўрсатилишига қараб тузилади.

Учинчи босқичда — индивидуал ижтимоий режаларга мувофиқ оилаларга ижтимоий хизматларнинг кўрсатилиши жараёни «Маҳаллада ижтимоий хизмат» модули орқали мониторинг қилинади.

Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси томонидан Молия вазирлиги билан биргаликда 2022 йил 1 ноябрга қадар планшетларни «Маҳаллада ижтимоий хизмат» модулидан фойдаланилиш дастурий таъминоти билан таъминлаш чораларини кўриши белгиланди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари билан биргаликда жойларда «Маҳаллада ижтимоий хизмат» модулининг самарали ишлашини ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига янги тизим асосида ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимини маҳалла даражасида мувофиқлаштириб боришлари лозим бўлади.

Хотин-қизларни, энг аввало, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар таркибидаги хотин-қизларни касб-ҳунарга ўргатиш орқали уларни иқтисодий ночор қатламдан чиқариш ҳамда улар орасидаги ишсизлик даражасини камайтириш мақсадида давлат ва нодавлат таълим ташкилотларида давлат буюртмаси асосида хотин-қизларни касбга ўқитиш тартиби тўғрисидаги низомнинг тегишли иловасига мувофиқ хотин-қизларни касбга ўқитиш бўйича давлат буюртмаси шакллантирилади. Давлат буюртмаси асосида хотин-қизларни касбга ўқитишга йўналтириш ҳам зарур этиб белгиланди. Қолаверса, давлат буюртмаси асосида касбга ўқитилган хотин-қизларнинг малака даражасини баҳолаш ва уларга малака сертификатини бериш ҳамда хотин-қизларни касбга ўқитишни молиялаштириш қатъий белгиланди.

2022-2023 йилларда хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш ва уларнинг бандлигини таъминлаш давлат буюртмаси асосида умумий ўрта таълим мактабларининг битирувчи синф, академик лицей ва профессионал таълим муассасаларининг битирувчи курс ўқувчи-қизларини ахборот технологиялари йўналишларида қўшимча курсларда ўқитиш ҳам белгилаб қўйилди. Бунда ўқувчи-қизларни ахборот технологиялари бўйича қўшимча курсларда ўқитиш бўйича давлат буюртмаси шакллантирилади. Қўшимча курсда ўқитилган ўқувчи-қизларнинг малака даражаси баҳоланади ва уларга малака сертификати берилади. Энг асосийси, меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлаша олмайдиган хотин-қизларнинг касбга ўқитиш билан боғлиқ харажатлари Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг ушбу мақсадлар учун ажратилган маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Бунда нодавлат таълим ташкилотларида ўқув курсларини тамомлаган ҳар бир битирувчи хотин-қизга касбга ўқитиш учун сарфланган харажатларнинг 70 фоизи, бироқ ҳар бир битирувчига базавий ҳисоб­лаш миқдорининг 4 баробаридан ошмаган миқдори давлат томонидан қоплаб берилади. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимидаги касб-ҳунарга ўқитиш марказларининг бўш турган бино-иншоотлари тадбиркорлик субъектларига нодавлат таълим ташкилотлари ва «Ўқув-ишлаб чиқариш полигони»ни ташкил этиш ҳамда хотин-қизларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг бандлигига кўмаклашиш учун қонунчиликда белгиланган тартибда ижарага берилади.