Колбасани ким еди?

12:43 - 09.09.2022

17

Асрор Алиев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2018 йил февраль ойидан Самарқанд шаҳрида жойлашган «Аванесян В.А.» хусусий корхонасига норасмий юк-товар тарқатувчи вазифасига ишга жойлашиб, ушбу корхонада 2020 йил декабрь ойига қадар дурустгина ишлаб юрди. Унга ўзи ишлаб турган корхонанинг омборхонасидан колбаса ва колбаса маҳсулотларини мижозларга етказиб бериш ва пул маблағларини корхонанинг ғазнасига топшириш мажбурияти юкланганди. Аммо унда нафс балоси устунлик қилди. У эгаллаб турган лавозими ва бажариб келган вазифаларига кўра моддий жавобгар шахс бўлишига қарамай, корхонанинг жуда кўп миқдордаги мулкини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш режаларини тузади.

2019 йил сентябрь ойидан 2020 йил декабрь ойига қадар бўлган вақт оралиғида жабрланувчи Вазген Аванесяннинг корхонаси омборхонасидан ўзига ишониб топширилган колбаса ва колбаса маҳсулотларини мижозларга етказиб, улардан олинган пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлашни бошлайди. Орадан кўп ўтмай корхонадаги ҳисоб-китоб бўлими томонидан камомад аниқланади. Колбаса ва колбаса маҳсулотлари етказилган дўконлардан маълумот олинганда, улар етказилган маҳсулот учун ўз вақтида тўловни амалга оширганлари маълум бўлади.

Мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ва тергов ишлари бошланади. Дастлабки суриштирув ва тергов вақтида А.Алиевга нисбатан хизмат текшируви ўтказилиб, етарли далиллар асосида жиноят иши қўзғатилади.  

Суриштирув ва тергов жараёнида маълум бўлишича, А.Алиев умумий ҳисобда корхонанинг 150 миллион сўм пул маблағини ўзлаштириб, ўзининг шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборгани маълум бўлади. Энг қизиғи, Асрор тергов давомида колбаса маҳсулотларининг камомади бўйича айбни омборхонага кириб қолган мушукларга тўнкагани бўлди… Ушбу жиноят иши юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан тўпланган далиллардан сўнг, у ўз айбига иқрор бўлди ва тегишли жазога тортилди.