Ишга жойлаштириш эвазига 2 500 доллар

13:29 - 09.09.2022

55

Тамара Тешаева (исм-фамилиялар ўзгартирилган) асли жиззахлик, уч нафар фарзанди бор. Аёл ўйлаб-ўйлаб пул топишнинг осон йўлини танлади. Бирор жойга ишга киритиб қўйишга ҳеч қандай ҳуқуқи бўлмаса-да, ўзича режа тузиб, Миллий гвардияда ишлаш ниятида бўлган йигитларни алдаб, пулларини олишни уддалади.

Бобур Қўзиев муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтгандан сўнг ўзига мос иш тополмай, туман марказидаги мажмуада спорт билан шуғулланиб юрди. Шу ердаги бир мураббий билан танишиб, Миллий гвардияга ишга кириш учун ҳаракат қилиб юрганини айтди. Шунда у мураб­бий бир аёл таниши борлигини, у билан кўришиб гаплашиб олса, ёрдам беришини айтиб, телефон рақамини берди.

Б.Қўзиев Тамара Тешаевага қўнғироқ қилиб, Миллий гвардиянинг қўриқлаш бошқармасига ишга кирмоқчи эканини айтди. Т.Тешаева бирор жойда учрашиб, гаплашиб олишни таклиф қилди. Эртаси куни улар Булунғур тумани марказидаги бир кафе олдида учрашишди.

– Миллий гвардия қўриқлаш бошқармасига ишга кирмоқчиман, – деди Бобур Қўзиев муддаога ўтиб.

– Бу масалани ҳал қилса бўлади, – деди ишонч билан аёл. – Ишга киритишни ўзим ҳал қиламан. Миллий гвардияда ишловчи танишларим бор, фақат ишга жойлаштириб қўйиш эвазига 2 500 доллар керак бўлади. Аввалига 1 500 доллар бериб, қолганини ишга жойлашгандан сўнг берсангиз ҳам бўлади, – деди.

Бобур Қўзиев аёлнинг таклифига рози бўлиб, отаси билан маслаҳатлашиши кераклигини айтди ва отасига қўнғироқ қилиб чақирди. Отаси етиб келгач, Т.Тешаева билан таништирди. Фирибгар аёл уларни ишонтириш учун кўп гапларни гапирди. Алдамаслигини, улардан бошқаларни ҳам танишлари орқали ишга жойлаштирганини айтди.

Бир неча кундан сўнг Б.Қўзиев иккита қорамолини сотиб, Тамара айтган пулларни тайёрлаб қўйди. Кейин унга қўнғироқ қилиб, иши ҳақида сўради. Аёл эртаси куни биргаликда бориб, ишини ҳал қилиб келишларини айтди. Эртасига Б.Қўзиев ҳужжатлари ва 1000 доллар пулни олиб Т.Тешаева билан Миллий гвардия қўмондонлигига бориш учун йўлга чиқишди. Тамара машинада Бобурдан 1000 доллар пулни олиб, ҳаммасини ўзи ҳал қилишини айтди. Улар манзилга етгач, Тамара бир киши билан учрашиб, Бобурдан ҳарбий гувоҳномаси нусхасини олди. Кейин унга кетаверишини айтди. Бироздан сўнг ортидан етиб келди.

– Муаммо йўқ, иш тез кунда ҳал бўлади, – деб бошқа ишга кирмоқчи бўлган йигитлар бўлса, уларни ҳам ишга жойлаштириб беришини айтди.

Шундан сўнг Бобур амакисининг ўғли Санжар Қўзиевга бу таклифни етказди. Санжар ҳам қизиқиб, Тамаранинг телефон рақамини олди.

Б.Қўзиев ишга чақириб қолишларини анча вақт кутди. Натижаларни сўраб ҳар сафар Тамарага қўнғироқ қилганда аёл турли баҳоналар қиларди. Охири сабр косаси тўлган Бобур аёлдан пулларини қайтаришини талаб қилди. Т.Тешаева шунда ҳам ўзини оқлаб, турли баҳоналар қилиб юраверди. Охир-оқибат унинг қариндошлари етказилган зарарни тўлиқ қоплаб беришди.

Т.Тешаева Санжарни ҳам алдаб, 1000 доллар пулини олиб, ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган экан. Унинг ҳам пулларини қайтариб беришга мажбур бўлди. Аёл терговда ўзини оқлашга сўз тополмади. Судда у оилада ягона боқувчи эканини, моддий аҳволини инобатга олиб қонуний енгиллик беришни сўради. Суд Т.Тешаевага 4 йилу 4 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.