Ирригация-мелиорация тадбирлари учун 149,1 млрд. сўм ажратилган эди

12:38 - 09.09.2022

9

Бухоро вилояти прокуратураси органлари томонидан Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 18 мартдаги «Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан прокуратура органлари зиммасига юклатилган вазифалар ижросини таъминлаш борасида муайян ишлар қилинмоқда.

2022 йилнинг 1-ярмида жами 169 та назорат тадбири ўтказилиб, 821 та қонунбузилиш аниқланган ва уларни бартараф қилиш борасида 773 та прокурор назорати ҳужжати қўлланган. Ғайриқонуний ҳужжатларни бекор қилиш ҳақида 88 та протест келтирилган, 89 та тақдимнома киритилган, 392 нафар мансабдор огоҳлантирилган. 211 киши маъмурий ва интизомий жавобгарликка тортилган. Судларга 12,1 млн. сўмлик 11 та даъво аризаси киритилган, 33 та жиноят иши қўзғатилган. 234 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.  

Бухоро вилоятида ердан самарали фойдаланиш мақсадида ҳукуматнинг 2021 йил 23 февралдаги «Бухоро вилоятида қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 92-қарори қабул қилинди. Мазкур қарорга асосан вилоятда 2021 йилда 17 минг гектардан ортиқ ерлар қайта ўзлаштирилди. Масалан, «Яккатут» ғаллачилик кластери 2500 гектар, «Садбарг» МЧЖ 500, «Buxara Urfa» МЧЖ 300 гектар оборотда бўлмаган ерни ўзлаштириб, пахта, ғалла ва шоли экди.

Ер ўзлаштирган ташаббускорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ирригация-мелиорация тадбирлари учун 2021 йилда 149,1 млрд. сўм маблағ ажратилиб, унинг тўғри сарфланиши назоратга олинди. Бу борада иккита жиноят иши қўзғатилди, 35 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди, 115 млн. сўмлик зарар ундирилди.

«Шофирконмахсуссувпудрат» МЧЖ ҳамда «Бухоро сув қурилиш инвест» давлат муассасаси мансабдорлари жиноий тил бириктириб, жамият томонидан 2021 йилнинг август ойидан 2021 йилнинг декабрь ойига қадар амалга оширилган ишлар бўйича тузилган далолатномаларни сохталаштириб, жуда кўп миқдордаги бюджет маблағини талон-торож қилган. Мазкур ҳолат юзасидан 2022 йил 20 июнда «Шофирконмахсуссувпудрат» ва «Бухоро сув қурилиш инвест» мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Вилоят бўйича 60 600 гектар ғалла майдони ҳисобидан давлат захираси учун 112 618 тонна, вақтинча сақлаш учун 42 617 тонна буғдой ва 17049 тонна уруғлик буғдой вилоятдаги учта дон корхонаси ҳамда уларга қарашли 19 та шохобчага қабул қилинди.

Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 28 майдаги «Ғаллани етиштириш ва сотишда бозор тамойилини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига биноан Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан харид қилинган ва вақтинча сақлаш учун қабул қилинган буғдой мулкчилик шаклидан қатъи назар, биржадан харид қилинган буғдойнинг 75 фоизидан кам бўлмаган миқдордаги унни биржа орқали сотиш мажбуриятини олган, ун ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларига сотилиши белгиланган. Шунга кўра вилоят ҳокимлиги томонидан тақдим қилинган рўйхат асосида вилоятдаги 21 та хусусий ун ишлаб чиқарувчи субъектнинг технологик жараённи ташкил этишнинг белгиланган талабларига мослиги, маҳсулот сифатини назорат қилиш бўйича лаборатория фаолияти тўғри йўлга қўйилганлиги ўрганилди. Натижада 18 таси белгиланган талабларга мослиги ҳақида хулоса қилинди. Ушбу субъектлар биржа савдосида қатнашиб, дон харид қилмоқда.