Инсон қадри учун

12:28 - 09.09.2022

7

Ўзбекистон мустақиллиги қўлга киритилган кун – халқимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий ҳаётида беқиёс ўрин эгаллаган, ҳар йили энг улуғ, энг азиз байрам сифатида нишонланадиган қутлуғ айёмдир.

Юртимиз ривожи йўлида қилинаётган ислоҳотлар, илм-фанга берилаётган юксак эътибор, республикамиз иқтисодиёти ва ижтимоий ҳаётининг ҳар бир соҳасига инновацияларнинг жорий этилиши бугун ўз самарасини бермоқда. Мамлакатимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқаришнинг ташкил этилиши бунинг далилидир.

Истиқлол йилларида янги авлод камолга етди. Энг муҳими, ҳаёти, дунёқараши тубдан ўзгарган юртдошларимизни мустақилликни мустаҳкамлаш, тинчлигимизни асраш, баркамол авлодни тарбиялаб, мамлакатимизнинг жаҳондаги нуфузини юксалтиришдек эзгу мақсадлар бирлаштирди.

Мустақилликнинг аҳамияти йилдан-йилга ортиб бормоқда. Мамлакатимиз тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйиб, барча соҳалар ислоҳ қилинаяпти, демократик янгиланиш жараёнлари кечмоқда. Ўтган давр эркин ва фаровон ҳаётни фақат мус­тақиллик асосидагина қуриш мумкинлигини кўрсатди.

Инсон омили, инсон қадри Ўзбекистонда доим олий ўринга қўйилади. Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 1 августдаги «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида»ги қарори бу йўлда яна бир дадил қадам бўлди. Байрам тадбирлари айнан «Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз» деган ғояни ўзида мужассам этган ҳолда ўтказилиши катта маънога эга.

Қарорда таъкидланганидек, халқимизнинг улкан жасорати билан 1991 йил 31 августда қўлга киритилган давлат мустақиллиги кўп минг йиллик тарихимиздаги ҳеч қачон унутилмайдиган, аҳамияти йиллар ўтгани сайин тобора ортиб борадиган буюк тарихий воқеадир. Айнан мустақиллик жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаб, ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини қуриш учун мустаҳкам замин яратиб, эришаётган барча ютуқларимизнинг асосий манбаи бўлиб келмоқда.

Бугун бир нарсани баралла айта оламиз. Ҳеч қандай куч, турли синовлар ва тинчлигимизга раҳна солмоқчи бўлганлар бизни енга олмайди. Халқимиз барчасини ўзининг жипслиги, бирдамлиги билан енгиб келмоқда. Олдимизда улкан вазифа турибди. Биринчи навбатда эришилган ютуқларни мустаҳкамлаш зарур. Ёш авлод қалбида ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини шакллантириш ҳам энг долзарб вазифалардан. Чунки бу таҳликали замонда истибдод бўйинтуруғини қайтадан бўйин­га олмасликнинг, ўзбек давлатчилигини яна минг йиллар барқарор сақлашнинг асосий шартидир.