Бухором, шарафим, боримсан!

12:30 - 09.09.2022

5

Бугун Ўзбекистоннинг ҳар бир гўшасида одамлар кўнглидаги юксалиш руҳиятини ҳис этмаслик мумкин эмас. Аллоҳ сийлаган жаннатмакон юртимизнинг бол томчилаган боғ-роғлари, рангин гулзорлари, ҳатто чўлларидаги саксовулзорларида ҳам ажиб тароват бор. Шу муқаддас тупроқнинг ажралмас бир бўлаги қадим Бухоро! Минораи калон, Тоқи заргарон, Арк қалъаси сингари мингга яқин меъморий обида дунё нигоҳида. Не-не даҳоларга камолот бешиги бўлган, ватан туморининг кўзмунчоғи Бухоро!

Асрлар эврилишига гувоҳ осори атиқалар қаторида ёшлар маркази, вилоят драма театри, амфитеатр, бахт уйини бирлаштирган муҳташам «Кўҳна ва боқий Бухоро» бугун ҳамюртларимиз дам оладиган маънавият масканига айланди. Шаҳарга беш-ўн йил эмас, икки йил илгари келган киши бугун Бухоро чиройини кўриб лол қолиши табиий. Замонавий лойиҳалар асосида қурилаётган бинолар, равон йўллар, боғлару ёшлар марказлари, фавворалар майдонида бўлсангиз бу сеҳрли шаҳар кўркидан сеҳрланиб қоласиз. Бу мақтов эмас, айни ҳақиқат.

31 йил. Аждодлар орзуси, авлодлар эртасини ўзида мужассам этган асрларга татигулик давр. Ташбеҳлар кўп дунёда, аммо ватанни муқояса қиладиган меҳр, унинг қадрини англатадиган соғинч ягонадир. Болаларим қалбида мен ана шундай меҳр, эъзоз ардоғидаман, Бухороман! «Шашмақом» билан кўнгилларга кириб борган сирли куйман, башариятни лол қолдирган оҳангман! Дунё кўрган сайёҳни ҳайратлантирган ҳар бир обидада ўтмиш, бугун ва келажакни кўриб, кўзингиз қувонади. Ўғил-қизларимни кўриб, ҳавас қилинг! Юрт равнақи йўлида тақдирини Ўзбекистон тақдирига боғлаб, саодатли манзиллар сари дадил одимламоқда.

Бухороман! Ҳар бир ҳунарманднинг заргарлик, зардўзлик, мисгарлик, ўймакорлик асарларида шаҳарнинг иқлими, у ерда яшаётган одамларнинг менталитети, хусусиятлари ўз ифодасини топган. Шу боис улар Бухоро бўлиб дилларга жойланади. Бухороман! Кураги ерга тегмаган паҳлавонлар, шахт ва жасоратда не-не алпларни доғда қолдирган ботир ўғлонлар юртиман! Шоир ҳақ. Бухоро, фахру ифтихоримсан! Бухором, шарафим, боримсан!