Бир қучоқ гул

13:31 - 09.09.2022

73

Қизиқ табиатимиз бор, кимдир одатдагидан бошқачароқ кўринишда бўлса, кўзимизни узолмай қоламиз, куламиз, надомат қиламиз, жуда инсоф қилсак ачинамиз. Аммо кўзимиз тушаётган воқеликнинг нима учун ноодатий экани, бунинг ўзига хос сабаблари борлигини мулоҳаза қилишга эринамиз. Кеча ҳам шундай бўлди.

Ишдан кечроқ чиқдиму автобус бекатига чоп­дим. Хайрият, автобус кўп куттирмади. Кўпчилик уйига кетиб бўлгани учун автобусда одам сийрак. Бўш жойлар кўп экан, бирини мўлжаллаб ўтиб кетаётсам:

– Келинг, бу ерга ўтиринг, келинойи, – деганча бир йигитча жойини бўшатди.

Ўрнашиб олгач, тўғримда ўтирган аёлга кўзим тушди. Жилмайганча автобус ойнасидан шаҳарни томоша қилиб кетаётган эллик ёшлардаги бу аёлнинг униққан рўмоли, офтоб таъсириданми ёки кўп ювилаверганиданми гуллари ўчиб кетган штапель кўйлаги эмас, худди ўйиб олингандек чуқурчадан иборат бўлиб қолган битта кўзи ҳам эмас, қўлида ушлаб ўтирган бир қучоқ қирмизи атиргуллари эътиборимни тортди. Қимматбаҳо гулдаста аёлнинг шу ҳолатига номутаносиб. Одамлар ҳам аёлга ғалати қарашар, пичирлашишарди. Аёл буни сезар, рўмолини тортиб, ногирон кўзини яширмоқчи бўларди.

– Ойи, қаранг, Амир Темур хиёбони! – деди менга жой берган йигит. Аёлнинг чеҳраси очилди, хиёбон манзарасидан завқи ошди.

– Вой, телевизорда кўп кўрсатишади бу ерни! – ёш боладек қувонарди у.

Онасига шаҳарни томоша қилдираётган ўғилга қарадим. Офтобда қорайиб кетган, кўзлари чақнаб турган йигитча кўзимга иссиқ кўринди. Қаерда кўрганман уни?..

Бўлди, эсладим! Йигитча билан янги йил арафасида, бозордан балиқ сотиб олаётганимда учрашгандим…

Ўшанда соат кечки саккизлар, уйга олисдан меҳмонлар келиб қолгани учун бозорга тушишга мажбур бўлгандим. Уйимиз бозорнинг биқинида, меҳмонларни кўп куттирмай харажат қилиб чиқаман деб чопдим. Аслида ўн биринчи синфда ўқиётган ўғлимни жўнатсам ҳам бўларди, аммо у ўқишга киришга қаттиқ тайёрланаётгани боис диққатини бўлгим келмади. Ҳаво ниҳоятда совуқ, шамоллаб қолишидан чўчидим. Соат тўққизларгача одам аримайдиган бозор кечки аёз кучайганидан бўшаб қолган, сотувчилар деярли қолмаган, борлари ҳам маҳсулотини йиғиштириб, устини адёл, наматга ўхшаган нарсалар билан ўраб қўяётганди. Улгуриб қолай деб шошилаётсам, кимдир ортимдан «Келинойи, балиқ олмайсизми? Олинг, арзон қилиб бераман» деб қолди. Ўгирилиб қарадим – ўғлим тенги бир йигитча.

– Тозалаб ҳам берардим, пул олмайман! – деди у кўзларини жовдиратганча. Балиқ олиш ниятим йўқ эди, бош чайқадим. Йигитча бошқа сотувчиларга ўхшаб тихирлик қилмади, куҳ-куҳлаганча қўлларини оғзига яқинлаштириб исита бошлади, шунда муздек сувга ботаверганидан қип-қизариб кетган бармоқларига кўзим тушди…

Бу тенгилар ҳозир иссиқ уйда, кечки дастурхон атрофида ўтиришибди. Йигитча эса шундай аёзда меҳнат қилаяпти, одам кам-ку деб кетвориш нияти ҳам йўқ.

Ишим битди. Бозор дарвозасига етганда эса беихтиёр ортимга қайрилдим. Йигитча ҳамон харидор излар, икки қўлини гоҳ бир-бирига ишқаб, гоҳ оғзига яқинлаштириб иситишга уринарди. Болага раҳмим келди, ортимга қайтдиму каттагина зоғорабалиқни ўлчатдим.

– Етмиш минг бўлди! Икки минутда тозалаб бераман, – деди-ю «Керак эмас, ўзим тозалайман, беравер» деганимга қарамай ишга киришди.

– Сўз бердим-ку ахир, – деди у балиқ тангачаларини чаққон-чаққон қиртишларкан. – Эркак одам сўзидан қайтмайди!

Нари борса, ўн олти-ўн етти ёшлардаги бу ўспириннинг шашти, ўзини тутиши, лафзидан қайтмаслиги менга ёқди.

– Мактабдан таътилга чиқиб, бўш вақтингда ишлаяпсанми? – гапга солдим.

– Йўқ, мен политехда биринчи курсда ўқийман, – деди бошини кўтармай.

– Қаерликсан ўзинг?

– Қашқадарёдан. Исмим Жавоҳир!

– Талабалар аллақачон таътилга кетиб бўлди-ку! Янги йилни шу ерда кутмоқчимисан?

– Мен контракт билан ўқийман, келинойи. Отам ўтиб кетган. Онамнинг бироз тоби йўқ, синглим ҳали кичкина. Ҳали байрамгача бор, бир-икки сўм ишласам дегандим.

Йигитча ҳаётнинг зарбасини жуда эрта тотган, жимитдек бўлиб катта масъулиятни бўйнига олган экан. Бундай шижоатли ёшларни кўрсам яйраб кетаман. Ўттизга кирса-да ота-онасининг пенсиясига кўз тикадиганлар, ҳаётда бирор мақсади йўқ сарсарилар, меҳнатга тоқати йўқлар, қирқ ёшгача отам, ундан кейин болам боқсин деган такасалтанглар озми ахир орамизда? Бу йигит эса шу ёшда ҳаёт аталмиш бебаҳо неъматнинг мағзини чақиб улгурибди, ҳалол йўлни танлаб бўлибди…

– Тайёр, келинойи! – деганча Жавоҳир балиқни қора елимхалтага ўраб, қўлимга тутқазди. Унга ёрдам бергим келди. Аммо ўзи мустақил оёққа туришга интилаётган боланинг ғурурига тегишдан чўчидим.

– Майдангиз йўқмиди? Менда ҳам фақат йирик пуллар экан, – деди бола мен узатган юз минг сўмликка қараб. Аслида атайлаб йирик пул берган, боя кимдир ундан майда сўраганида бор пулни чиқарганини, майдаси йўқлигини билган эдим. Қайтими керак эмас десам ҳам унамади. У яна чўнтагидаги пулларни чиқариб кўрди. Кейин менга тўхтаб туринг деганча охирги бўлиб эшигини қулфлаётган дўкончи томон югуриб кетди. Эшикни қайта очгиси келмади шекилли, дўкончи бош чайқади, Жавоҳирнинг иши битмади.

– Эртага тайёрлаб қўяман, албатта олиб кетинг пулингизни, – деди менга. Хўп дедим-да, ҳозироқ ишини йиғиштиришини, уйига кириб, иссиқ чой ичишни тавсия қилдим. Раҳмат айтиб хўшлашдим.

Янги йил дастурхони учун эртасига ҳам, индинига ҳам, ҳатто байрам куни ҳам бир неча марта бозорга тушдим, Жавоҳирни ҳар сафар узоқдан кузатдим, йигитча харидорларга хушмуомалалик билан мурожаат қилар, тинмай балиқ тозаларди. Мен балиқ контейнерларига бошқа яқинлашмадим…

…Мана ҳозир, орадан етти-саккиз ой ўтиб у билан учрашиб турибман.

– Жавоҳир, онанг билан таништирмайсанми? – дедим. Қирмизи атиргул қучоқлаган аёл билан негадир жудаям суҳбатлашгим келарди… Жавоҳир олдинига уни танишимдан ажабланди, кейин менга юзланиб:

– Келинойи, сиз мендан балиқ олгандингиз! – деб юборди. – Нега қайтими учун келмадингиз? Сизни роса кутдим, янги йил куни пешин йўлга чиқишимдан олдин пулингизни шерикларимга бериб кетдим. Аммо сиз келмабсиз, пулни яна ўзимга қайтиб беришди. У шундай деб чўнтагини ковлай бошлади. Қўярда-қўймай учта ўн минг сўмликни сумкамнинг оғзига қўйди.

Бу орада онаси менга мулойимгина қараб қўярди.

– Шундай ўғил тарбиялаганингиз учун сизга катта раҳмат, опа! – дедим унга. Она ниҳоятда таъсирланди, соғ кўзининг мижжаларига ёш қалқди.

Шаҳар чеккасига етгунча суҳбатлашиб кетдик. Опа деб мурожаат қилганим Ойша (Жавоҳирнинг онаси) аслида мендан уч ёш кичик экан, у оғир касаллик туфайли бир кўзидан айрилибди. Қариндош, маҳалла-кўй қараб турмабди, улардан мингдан-минг рози экан, аммо қўлдан берганга қуш тўймас деганларидек, дори-дармон, муолажалар учун доимий даромад зарурлигидан Жавоҳир болалигиданоқ дарсдан сўнг ишлай бошлабди. Қойил қолганим – ўқишга ихлоси сира сўнмабди. 

– Университетга кирганида контрактни қандай тўларканмиз дегандик. Йўқ, мана ўзи пул топаяти. Қора кунлар ортда қолди, худога шукур, энди яхшиман. Духтирлар сиз дардни буткул енгдингиз дейишди, – деди Ойша. –Тошкентга биринчи келишим, опа. Ўғлим ҳозир иккинчи курсни тугатди, таътил бўлса-да уйга бормай шу ерда ишлаяпти. Йўқ десам ҳам ҳеч унамай мени чақириб олди, бугун яхши жойга олиб бориб сийлади, умримда татиб кўрмаган таомлардан олиб берди, барака топсин. Кейин…

Ойша қўлидаги қирмизи атиргулларга қаради:

– Шу гулларни олиб берди… Ҳеч гул беришмаганди менга… Эртага бозорга олиб тушмоқчи, қаршилигимга қарамай менга ва синглисига кўйлак олиб бераркан…

Биздан сал наридаги бўш ўриндиққа ўтирганча уйқусираб кетаётган Жавоҳирга қараб қўйдим. Умрингдан барака топ, Жавоҳир. Меҳнатинг, онаизорингга қилаётган меҳрибонлик­ларингнинг ажрини берсин Аллоҳим. Сенга раҳмим келиб, янглишган эканман. Сен бировларнинг шафқатига муҳтож эмас экансан! Сенга ҳавасим келди! …Ойша билан хайрлашиб бекатда тушдим, аммо автобус ўрнидан жилгунча кетолмай уларга қараб турдим. Жавоҳир ойнага бошини тираб ухлаб қолган, Ойша худди қадрдон кишиси билан хайрлашаётгандек менга қўл силкитарди…