101,4 гектар ер ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган

12:32 - 09.09.2022

6

Прокуратура органлари томонидан ер участкаларини ажратиш, янги ерларни ўзлаштириш билан боғлиқ дастурларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ижро этилиши, шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини ажратишда Ер кодексига риоя этилиши мунтазам назорат қилинмоқда. Шу маънода Наманган вилояти прокуратураси органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 февралдаги «Ер участкаларидан фойдаланишда давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 138-қарори ижроси назоратга олинган.

Вилоятда ер ажратиш, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаш ва улардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини барвақт аниқлаш ва бошқа вазифаларнинг ўз вақтида бажарилиши юзасидан шаҳар ва туман прокуратураларига топшириқ юборилди. Шунингдек, қарорда кўрсатилганидек, уч ой муддатда корхона ва ташкилотларга тегишли бўлган ерларни хатловдан ўтказиш ҳамда улардан самарали фойдаланишини ўрганиб бориш юзасидан тизимли ишлар ташкил этилди.

Вилоят ҳокимининг 2022 йил 4 мартдаги қарорига асосан вилоят ҳокими, прокурори, ИИБ бошлиғи ва бошқа масъул ташкилотлар раҳбарларининг қўшма қарори қабул қилиниб, қилиниши лозим бўлган ишлар белгилаб олинди. Маҳаллий вакиллик ва ижроия ҳокимияти органларининг ер бериш ҳақидаги қарорларини хатловдан ўтказиш бўйича ҳам туман гуруҳлари тузилди.

2022 йил 11 апрель ва 31 май кунлари вилоят кенгашининг навбатдаги йиғилишида ерни талон-торож қилишнинг олдини олишда йўл қўйилаётган камчиликлар ва вазифалар муҳокама қилинди. Вилоят прокуратураси, Кадастр агентлигининг вилоят бошқармаси ва бошқа идора ва ташкилотлар билан биргаликда «e-yer nazorat» автоматлаштирилган ахборот тизимига қўзғатилган жиноят ишлари ҳақидаги маълумотлар киритиш бўйича алоҳида назорат тизими ишлаб чиқилган. Жорий йилнинг ўтган даврида жами 490 та ҳуқуқбузарлик тизимга киритилиб, қонуний муносабат билдирилди.

Кадастр агентлигининг вилоят бошқармаси ҳамда ҳудудий бўлимларининг фаолияти ҳам мунтазам ўрганиб борилмоқда. Натижада ҳудудий бўлимлар маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни юритиш ва кўриб чиқишда бир қатор камчиликларга йўл қўйгани аниқланди. Хусусан, 106 та ҳолатда МЖТКнинг 281-моддаси ва 294-моддаси талабларига зид равишда маъмурий баённома расмийлаштирилиб, жарима ундирилган. Вилоят прокуратураси органлари томонидан мазкур қарорларни бекор қилиш юзасидан протест келтирилди. Бундан ташқари, вилоят прокуратураси органлари томонидан вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи, Кадастр агентлигининг вилоят бошқармаси ҳамда 61 та ташкилот раҳбари ерни хатловдан ўтказиш ва ундан самарали фойдаланишда қонунчилик талаби бузилишига йўл қўйган тақдирда жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги ҳақида расман огоҳлантирилди.

Туман ва шаҳар ҳокимларининг ёрдамчилари ва маҳалла вакиллари томонидан ҳудудлардаги қурилиш ишлари юзасидан жойларга 377 та сўров юборилди. Туман ҳокимларининг 93 та ноқонуний қарорини ва назорат қилувчи органларнинг қонунга зид 107 та норматив ҳужжатини бекор қилиш юзасидан протест келтирилди.

Вилоят ва туман-шаҳар ҳокимларининг 2016–2021-йилларда қабул қилинган ерга доир 66135 та қарори хатловдан ўтказилиб, барчаси электрон шаклга келтирилди ва нусхалари мунтазам равишда ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлаш учун туман (шаҳар) сектор раҳбарлари ҳамда ҳоким ёрдамчиларига тақдим этилди. Шунингдек, туман-шаҳар ҳокимларининг 2006–2015-йилларда қабул қилинган 4241 та қарори хатловдан ўтказилиб, 1790 таси электрон шаклга келтирилди.

«Ўзархив» агентлиги томонидан маҳаллий вакиллик ва ҳокимият органларининг ер беришга оид 3731 та қарори хатловдан ўтказилди.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, жорий йилнинг ўтган даврида гуруҳлар ўтказган хатловда вилоят бўйича 500 та ҳолатда 101,4 гектар ер ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани аниқланди. Ўрганиш давомида 333 та ҳолатда ўзбошимчалик билан эгалланган 48,6 гектар ер эгаларига қайтарилди. Ўзбошимчалик билан эгалланган ерни қайтариш юзасидан кадастр идоралари томонидан 500 нафар шахсга огоҳлантириш хати юборилди. Шунингдек, судларга 59 та даъво аризаси киритилди.

Айни кунларда ўзбошимчалик билан қурилган биноларни буздириш юзасидан Мажбурий ижро бюросига келиб тушган 219 та ҳал қилув қароридан 10 тасининг ижроси таъминланган, қолганлари бўйича ижро ҳаракатлари олиб борилмоқда. Вилоят адлия бошқармаси вилоят ҳокимининг «e-qaror» тизимига киритилган ер билан боғлиқ 89 та қарори ўрганилиб, қонунийлиги тўғрисида хулоса берилди. Жорий йилнинг ўтган даврида ўтказилган назорат тадбирларида жами 290,4 гектар майдонда ер бериш тартибини бузиш, ерни ноқонуний равишда муомаладан чиқариш, сотиш ҳолатларига йўл қўйган шахсларга нисбатан 53 та жиноят иши қўзғатилди. Масалан, С.Асатуллаев Косонсой тумани ҳокимининг 2019 йил 30 сентябрдаги 3595-қарори билан фуқаро М.Усубхоновага уй қуриш учун ажратилган 16 сотих ернинг 4 сотихини туман кадастр хизматида ишловчи таниши орқали ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига фуқаро М.Йўлдошевадан 3000 АҚШ доллари ва 19 млн. сўм пулни олган вақтида ушланган. Ушбу ҳолат бўйича Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг вилоят бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилди.