Жазо кучайтирилди

15:39 - 25.08.2022

9

2001 йил 30 августда «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинган бўлиб, маданий мерос объектлари давлат муҳофазасига олинган. Ушбу қонун билан маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги давлат бошқаруви, давлат томонидан муҳофаза қилиниши, асраш, моддий маданий мерос объектларига эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ва уларни тасарруф этиш, алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар белгилаб берилган.

Мазкур йўналишда охирги ўзгаришларга тўхталадиган бўлсак, сўнгги маротаба Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 15 февралдаги «Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекис­тон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни билан соҳага оид қонунчиликларга бир қатор ўзгартириш­лар киритилган.

Унга кўра, ЖКнинг 132-моддасига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, модданинг жазоси янада оғирлаштирилган. Хусусан, давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказиш анча миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлса, базавий ҳисоб­лаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Эътиборлиси шундаки, олдин фуқаролар томонидан беписандларча муносабатда бўлиб келинган моддий мерос объектларининг муҳофаза қилинишига қарши ҳаракатларга эндиликда озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жазо чоралари қўлланилиши белгиланиб, ЖКнинг 132-моддасига кўра 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазо чоралари белгилаб қўйилди.

Ушбу модданинг 4-қисмига кўра, «Етказилган моддий зарар уч карра миқдорида қопланган тақдирда, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди» дея баён қилинган.

Шунингдек, Жиноят процессуал кодексининг 345-моддаси ва 3812-моддаларига ўзгартиришлар киритилиб, ЖКнинг 132-моддасида назарда тутилган жиноят ишлари суриштирув шаклидан тергов шаклига ўтказилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари эндиликда ИИБ томонидан эмас, балки прокуратура терговчилари томонидан олиб борилиши белгиланди. Жазо чораларини кучайтиришдан асосий мақсад халқимизнинг моддий ва маданий бойлиги ҳисобланган барча маданий мерос объектларини келгуси ёш авлодларга асл ва бадиийлик қийматини сақлаган ҳолда етказиб беришдан иборатдир.