Қурувчи — чўнтакларни қирувчи…

15:55 - 25.08.2022

17

Бахшилло Норов мўмай даромад топиш мақсадида Бухоро шаҳар Турди Фароғий ва Алпомиш кўчалари кесишмасида 46 хонадондан иборат 7 қаватли уйни жиноий шериклари Жамшед Юнусов, Шуҳрат Шомуродов, Саидбек Саидов, Аҳмад Муродов каби ўндан ортиқ киши билан тил бириктириб, 104 нафар фуқарога ҳакамлик суди орқали сотиб юборди. Алданиб қолган одамлар эса сарсону саргардон. Энг ачинарлиси, янги уй олиш орзусида яшаб турган уйи­ни сотган фуқаролар бугунги кунда ижарада яшаб юришибди.

Олим Ярашев ҳам янги уй оламан деб алданиб қолганлардан. Унга Бухоро шаҳри Турди Фароғий ва Алпомиш кўчаларининг кесишмасида жойлашган кўп қаватли уйнинг биринчи қаватидаги икки хонали хонадонни 2019 йил январь ойига қадар тўлиқ қуриб, тугаллаб олди-сотди шартномаси орқали номига расмийлаштириб беришни ваъда қилишди. Бунинг эвазига ундан Бухоро шаҳар Олим Хўжаев кўчаси 4-муюлиш 17-уйда 160 млн. сўм пулини олиб, бу пулни олгани тўғрисида 2018 йил 3 февралда ҳакамлик судининг қарорини ҳам чиқартириб беришди. Олим Ярашев ҳамма иш қонуний бўлаётганига ишонди. Бироқ ваъда бажарилмай қолиб кетди.

Фуқаро Тўйбибиш Кенжаева ҳам шу уйдан икки хонали хонадон ертўласи билан 2019 йил январь ойига қадар олди-сотди шартномаси орқали номига расмийлаштириб берилишига ишониб 160 млн. сўм пул тўлаганлардан. Аммо на уйдан, на пулдан дарак бўлди.

Фуқароларни алдаб пулини олиб ваъдасида турмаган домчилар алалоқибат суднинг қора курсисига ўтиришди. Фуқаролардан олган пулини қайтара олмаган жиноий гуруҳ кўп қаватли уйнинг хонадони фуқаронинг эгалигига ўтказилгани ва унинг мулки деб эътироф этилгани ҳақидаги ҳужжатларга сохта маълумот киритиб, ҳакамлик суди муҳокамасининг предмети бўла олмайдиган муайян ҳуқуқ берадиган ҳужжатларни расмийлаштириб, қилмишларини хаспўшламоқчи бўлишди. Бу тўғрисида келишув битими ва ҳал қилув қарорларини чиқартириб бериш йўли билан фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига жами 15 млрд. 283 млн. 828 минг 959 сўмлик зарар етказилган.

Суд жиноий гуруҳ аъзоларининг қилмишларини одилона баҳолади. Уларнинг ҳар бири 9 йилгача озодликдан маҳрум этиш, озодликни чеклаш, ахлоқ тузатиш ишлари жазоларига тортилди. Шу ўринда бир мулоҳаза: узоқ йиллар ҳалол меҳнат қилиб топган пулингизни бировнинг қўлига тутқазишдан олдин унинг ҳуқуқий оқибати ҳақида ўйлаб кўринг! Алданиб қолманг!