Тайини йўқ таъминотчи

15:57 - 25.08.2022

19

Айни вақтда ҳукуматимиз томонидан катта қийинчилик ва сарф-харажатлар эвазига бўлса-да, экин майдонларида босқичма-босқич сув тежовчи технологиялар жорий этилаяпти. Ана шундай бир вазиятда бу каби технологияларни ўрнатиш ниқоби остида турли қинғирликларга қўл ураётган кишилар ҳам борлиги ачинарлидир.

Самарқанд вилоятидаги “Пайариқ грант қурилиш строй” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ойбек Ишонқулов ҳамда иш юритувчиси Музаффар Насимовнинг қилмишини ҳам бунга мисол қилиб келтириш мумкин.

Гап шундаки, Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегиш­ли қарорларига мувофиқ 2021 йилда вилоятимиздаги қатор ҳудудларда экин майдонларига томчилатиб суғориш технология­ларини ўрнатиш белгиланган эди. Тартибга мувофиқ, бу борада ташаббус билан чиққан фермер хўжаликлари томчилатиб суғориш қурилмасини ўрнатиб берадиган таъминотчи корхоналар билан шартномалар имзолашган. Ушбу шартномаларга мувофиқ ташаббускор фермер ва тадбиркорларга дастлаб тижорат банклари томонидан шартнома суммасининг 60 фоизи миқдорида имтиёзли кредит ажратилиб, ушбу маблағ аванс сифатида тўғридан-тўғри таъминотчи корхона ҳисобрақамига ўтказиб берилган.

“Пайариқ грант қурилиш строй” масъулияти чекланган жамияти мутасаддилари ҳам таъминотчи сифатида Касби туманидаги 26 та фермер хўжалиги билан 13 миллиард 920 миллион, Косон туманидаги 3 та фермер хўжалиги билан 3 миллиард 906 миллион ва Миришкор туманидаги “Litai textile overseas” МЧЖ хорижий корхонаси билан 2 миллиард 715 миллион сўмлик шартнома имзолаб, уларнинг ер майдонларига белгиланган муддат ичида томчилатиб суғориш технологияларини ўрнатиб беришни ваъда қилишган. Шундан сўнг мазкур хўжаликлар учун ажратилган кредит маблағларининг 60 фоизи, яъни 12 миллиард 234 миллион сўмдан кўпроқ қисми жамиятнинг ҳисобрақамига ўтказиб берилган.

Аммо жамият раҳбари Ойбек Ишонқулов ва иш юритувчиси Музаффар Насимов аванс тариқасида берилган катта миқдордаги пулларни олгач, шартнома шартларини унутиб қўйишди. Айтилган ер майдонларига томчилатиб суғориш технологияларини ўрнатиб беришни хаёлига ҳам келтиришмади. Пулни эса бошқа мақсадларда ишлатиб юборишди.

Айтиш жоизки, юртимизда ишлайман, фаолиятимни ривожлантираман, янада юксак марраларни забт этаман, деган тадбиркорлар учун ҳамма имкониятлар муҳайё. Ойбек Ишонқулов ва Музаффар Насимов ҳам бундан фойдаланиб, ҳалол ишлашганида янада кўпроқ, каттароқ буюртмалар олиши, иқтисодий юксалиб бориши, қолаверса, эл-юрт орасида яхшигина обрў-эътибор қозониши тайин эди. Афсуски, нафс васвасасига учиб, ўзгалар ҳаққини ўмаришга ҳаракат қилишди ва табиийки, бу билан узоққа бора олишмади. Жиноят ишлари бўйича Косон тумани судининг очиқ суд мажлисида Ойбек Ишонқулов ва Музаффар Насимовга нисбатан юритилган жиноят иши кўриб чиқилиб, уларнинг ҳар иккисига 7,5 йилдан муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шу билан биргаликда, жабрланувчиларга етказилган моддий зарар солидар тартибда тўлиқ айбланувчилардан ундирилиши белгиланди.