Сув танқислигига яна бир ечим

15:43 - 25.08.2022

17

БМТ озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги департаменти вакили Ўзбекистонда артезиан сувларининг захирасидан кўп фойдаланиш катта ташвиш уйғотаётгани, бунинг оқибатида ичимлик суви танқислиги юзага келиши хавфи мавжудлигидан огоҳлантирди. Ҳатто у фермерлар қудуқлар оқими пасайиб бораётганини тан олганини ҳам келтирган. Шунингдек вакилнинг таъкидлашича, 7 та вилоятда ер ости сувлари сатҳи 5 метрга пасайган.

Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатовнинг таъкидлашича, аслида сув етишмовчилиги ҳақидаги хавотирлар бугун пайдо бўлган муаммо эмас. Олимлар ўтган аср охирларидан бошлаб бу муаммо ҳақида тинмай бонг уриб келишмоқда. БМТ вакилининг хабаридан келиб чиқадиган бўлсак, айрим вилоятларда ер ости сувларининг қочиши каби вазият яқин келажак учун бор умид­ларни йўққа чиқаради. Охирги пайтларда бурғилаш ишларига куч бериш ортидан кўплаб ҳудудларда янги қишлоқ хўжалик ер майдонлари кашф қилинаётганди. Аммо бу хурсандчилик узоққа бормаслиги ер ости сувларининг қочаётгани, мазкур неъмат абадий эмаслиги, бунга ишониб қолмаслигимизни англатади, дейди у.

Сув дунёдаги энг муҳим ва айни пайтда энг арзон табиий ресурсдир. Балки шунинг учундир, маданиятимиз ва урф-одатларимизда сувни қадрлаш, уни тоза сақлаш ҳақида кўп ва хўп гапирилса-да, фуқароларимиз томонидан бу ресурс меъёрдан ортиқча сарфланади. Таъкидлаш жоизки, сув манбалари чексиз эмас. Буни анг­лаган ривожланган мамлакатларнинг аксарияти сувдан барқарор фойдаланишни йўлга қўйиб олган.

Жаҳон аҳолисининг ўсиши билан сув ва озиқ-овқатга бўлган талаб ортиб бормоқда. Кўпгина сув манбаларидан фойдаланиш даражаси барқарорлик принциплари чегарасидан чиққан, сув ресурслари иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит шароитининг ёмонлашиши туфайли катта хавф остида қолган. Дунё ресурслари институтининг тахминларига кўра, 2040 йилга келиб жаҳоннинг 33 давлати сувнинг ўта даражада танқислиги муаммоси билан тўқнашади. Афсуски, бу мамлакатлар орасида Марказий Осиё давлатларининг барчаси мавжуд.

Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда томчилатиб суғориш тизимини ривожлантиришга катта эътибор қаратилаяпти. Афсуски, ўрганишлар бу ишларнинг қамрови торлигини кўрсатаяпти. Сув танқислиги йил сайин ортиб борса-да, суғориладиган ерларга сарфланадиган сувлар ҳажми камаймаяпти. Оқибатда баъзи ҳудудларда сув танқислиги ва ерларнинг шўрланиш ҳодисалари кузатилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 23 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида республикамиздаги суғориладиган майдонларнинг атиги 1,7 фоиз қисмида томчилатиб суғориш технологияси қўлланилаётгани айтилган. Ўтган вақт мобайнида бу рақам қанчалик юксалган экан…

Дунёда сув танқислиги йил сайин ортиб бораётган ҳозирги пайтда кўпгина мамлакатларда ёмғир, қор сувидан унумли фойдаланиш, тош­қин ва селни беҳуда оқизиб юбормаслик, ҳатто эрталабки шудрингни исроф қилмаслик, оқовани қайта тозалаб, экин-тикинга, техника мақсадларига ишлатиш каби масалалар аста-секин ҳал этилиб, бу тажриба ривожлантирилиб борилмоқда. Бизда ҳам ёмғир ва қор сувларидан унумли фойдаланиш йўлга қўйилса, кўпчилик ҳамюртларимиз ёзда ҳовлисидаги томорқасини суғоришда қийналмасди.

Мисол учун, Тожикистон рес­пуб­ликасининг тоғли ҳудудларида чорвадорлик билан шуғулланувчи Султон Абдулла интернет тармоғи орқали фойдаланувчиларга ўз тажрибалари ҳақида гапирар экан ёмғир ва қор сувларидан қандай фойдаланиш лозимлигига ҳам тўхталиб ўтди. Чорвадорнинг 600 квадрат метр майдонда қўйхонаси мавжуд бўлиб, ёғинлар ушбу қурилманинг томидан тўғри ер остига жойлаштирилган катта цистерналарга йиғиладиган қилиб қўйилган экан. Чоравадор бу сувларни қўйларни суғоришга ишлатаркан. Ёки Жанубий Африка республикасидаги деярли барча хонадонлар ҳам биноларнинг томидан тушган ёмғир сувларини ер остига жойлаштирилган махсус цистерналарга йўналтириб, тўпланган сувни томорқа экинларини суғоришга сарфлашаркан.

Юртимизда ҳам баҳорда, ҳатто ёзда ҳам кучли ёмғирлар кузатилмоқда. Шу пайтда бино томларининг тарновларидан оқиб тушаётган сувларни сақлаш имконияти яратилса, ёғинсиз кунларда томорқадаги экинларни суғоришга бемалол сарфласа бўлади. Бу жараёнда ҳам албатта томчилатиб суғоришни йўлга қўйиш талаб этилади.

Ҳатто бу тажрибани марказлардаги ҳовли-уйларда ҳам қўлласа бўлади. Чунки, марказ аҳолиси газон суғоришга ва кўчаларга сув сепишда ҳам асосан ичимлик сувидан фойдаланади.

Кўп қаватли уйларнинг томларига тушган ёғин сувларини ҳам тўплаш имконияти яратилса, бу сувлардан айтайлик, автомойкаларда, балиқ боқиладиган ҳовузларни, ёнғинларнинг олдини олиш учун сув тўплаб қўйиладиган цистерналарни ва кўнгилочар боғлардаги баъзи сунъий кўлларни тўлдиришда фойдаланса бўлади. Умуман олганда, ёғин сувларидан фойдаланиш Ўзбекистонга муҳим иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан фойда келтириш билан бирга сув таъминоти сифатини яхшилашга имкон беради.

Шунингдек, ёғин сувларини марказлашган тарзда тўплаб, алоҳида қувурлар орқали кўп қаватли уйларнинг ҳожатхоналарини тозалаш учун ишлатилса, ичимлик сувини кўп миқдорда тежашга ёрдам беради.

Қувонарлиси, бизда сув истеъмоли бўйича ҳеч қандай тақиқлар йўқ. Лекин сув танқислиги кузатилаётган кўпгина давлатларда ичимлик суви бўйича маълум тақиқлар ўрнатилган. Ҳатто бундай ҳолатни баъзи ривожланган давлатларда ҳам кузатиш мумкин. Жумладан «The Sunday Times» нашрининг ёзишича, яқинда ҳар бир британиялик сув истеъмолини 25 фоизга қисқартириши шарт қилиниб, Буюк Британияда ҳукумат дастури қабул қилинган. Дастурга кўра, мамлакатнинг ҳар бир фуқароси 2050 йилга бориб кунлик сув истеъмолини 145 литрдан 110 литргача камайтириши керак бўлади. Экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 25 йилдан сўнг Буюк Британияда аҳолини сув билан узлуксиз таъминлаш учун кунига қўшимча 4 млрд. литр сув керак бўлади. Шу боисдан 1992 йилдан бери биринчи марта сувни захиралаш резервуарини қуриш бошланади, у 2029 йилда қуриб битказилади. Яқинда Англия жанубидаги айрим ҳудудларда аномал иссиқ ва унинг оқибатида сув ҳаддан зиёд кўп ишлатилаётгани боис чекловлар жорий этилганди. Ер ости сувлари сатҳининг пасайиб кетиши ва сув омборларининг тўлдирилиши сабабли ушбу қарорга келинганди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, Ер куррасининг учдан икки қисми сув билан қопланган, бироқ унинг 97,5 фоизи фойдаланиш учун яроқсиз. Қолган 2,5 фоизигина чучук сув ҳисобланади. Фойдаланишга яроқли сувларнинг эса 79 фоизини абадий музликлар ташкил этади. 20 фоизи ер ости сувлари таркибидан жой олган. Сайёрамиздаги сув ресурсларининг бир фоизигина дарё ва кўллар ҳиссасига тўғри келади.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига қараганда, аслида сувларнинг бундай кичик фоизлари ҳам Ерда яшовчи ҳар бир инсон учун етарлидир. Аммо оби ҳаётдан нооқилона фойдаланиш, унга нисбатан бефарқ ва беэътибор қараш туфайли турли мамлакатлар аҳолиси тоза ичимлик суви танқислигини бошдан кечирмоқда.

Агар бу борада ҳеч қандай чоралар кўрилмаса, 2030 йилга бориб қарийб беш миллиард киши яхши тозаланмаган сувдан фойдаланишга мажбур бўлади. Бу дунё аҳолисининг салкам 67 фоизидир.

Бугунги кунда ҳар бир ерлик учун йилига тахминан 750 куб метр чучук сув тўғри келади. 2050 йилга бориб бу миқдор 450 куб метргача қисқариши тахмин қилинмоқда. БМТ таснифи бўйича дунё мамлакатларининг 80 фоизигача сув ресурслари танқислиги тоифасидаги минтақалар орасидан жой олади. Агар бизда ҳам ҳозирдан сув тежаш маданияти кенг сингдирилмаса ва ушбу ресурсни асрашга доир кескин чоралар кўрилмаса, вазият иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий муаммоларга олиб келиши мумкин.