Обуна баҳонасида…

15:59 - 25.08.2022

22

Жамиятда маърифатнинг, маданиятнинг юксалишида матбуотнинг ҳам ўрни салмоқли. Негаки, айнан газета ва журналлар тилнинг софлигини, унинг адабий-бадиий хусусиятларини, сўз юки ва қудратини нафақат сақлаб қолади, балки ошириб ҳам боради.

Шу боис ҳам давлатимиз томонидан бюджет ташкилотлари учун газета ва журналлар обунасига маблағ ажратилади. Юртимиздаги айрим бюджет ташкилотларида эса босма нашрлар учун ажратилган маблағлар талон-торож қилинаётганлиги афсусланарли ҳолдир.

Хусусан, Сирожжон Нурматов Жиззах вилоятида “Happy young people” ва “XXII century sunshine” номли МЧЖлар ташкил қилиб, ҳудуддаги бюджет ташкилотларини газета ва журналларга обуна қилиш билан шуғулланишни ният қилади. Бироқ у мақсади йўлида ҳалол ишлаш ўрнига жиноят йўлига кириб кетади.

С.Нурматов дастлаб Жиззах шаҳар тиббиёт бирлашмаси бош ҳисобчиси Шерзод Қушназаров билан жиноий тил бириктириб, республикамизда чоп этилаётган “Шифо инфо”, “Ўзбекистонда тиббиёт”, “Соғлиқни сақлашни ташкил этиш ва бошқариш”, “Сиҳат саломатлик”, “Ҳамшира”, “Маънавий ҳаёт”, “Будьте здоровы” журналларининг 2020-2021 йиллардаги обунаси учун бирлашманинг ҳисобрақамидан ўзи бошқараётган жамиятга 198 млн. 950 минг сўм маблағ ўтказади. Бироқ бу пуллар нашрларга обуна қилиш учун сарфланмайди. Шартномаларда кўрсатилган бирорта ҳам журнал обуначига етказилмай, етказиб берилганлиги ҳақидаги сох­та ҳужжат ва электрон кўринишдаги ҳисоб-фактуралар тайёрланиб, буюртмачига тасдиқлатиб олинади ва зиё тарқатиш учун ажратилган пуллар нақдлаштирилиб талон-торож қилинади.

Шунингдек, С.Нурматов Санитария-эпи­демиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг Жиззах шаҳар бўлими бошлиғи Шакарбой Зулфиқоров ҳамда унинг бош ҳисобчиси Сардор Исмоиловнинг ҳам тилини топади. Бўлимни гўёки “Ўзбекистонда тиббиёт”, “Экология хабарномаси”, “Ветеринария медицинаси”, “Сихат саломатлик”, “Саломат бўлинг”, “Касб маҳорати”, “Педиатирия”, “Ўзбекистон кимё”, “Соғлиқни сақлашни ташкил этиш ва бошқариш”, “Будьте здоровы”, “Солиқ инфо” журналлари, “Фаровон юрт” газетаси ҳамда “Кадрлар масаласи” бўйича маълумотномага 2020-2021 йиллар учун обуна қилган бўлиб, 43 млн. 580 минг сўм пулни жамият ҳисобрақамига ўтказишга эришади. Аммо бу пуллар таҳририят­ларга ўтказилмайди. Ўзлаштириш усулини юқорида келтирдик – газета-журналларнинг етказиб берилганлиги ҳақидаги сохта ҳисоб-фактураларни буюртмачига тасдиқлатилиб, пуллар нақдлаштирилади ва ўзаро тақсимлаб олинади.

Бундан ташқари, С.Нурматов такроран ўзганинг мулкини талон-торож қилиш мақсадида  Жиззах шаҳар Маданият маркази бош ҳисобчиси Д.Худойқулов ва бош ҳисобчи ёрдамчиси Фарҳод Ережеповлар билан тил бириктиради. Уларнинг кўмаги билан “Ижод олами”, “Маънавий ҳаёт”, “Мураббий маҳорати”, “Саънат”, ­“Театр”, “Шарқ юлдузи”, “Қадрият”, “Иқтисод ва молия” ҳамда “Иқтисод ва ҳуқуқ” журналларининг 2020 йилдаги обунаси учун МЧЖга 100 млн. сўм пул ўтказишга эришиб, синалган йўл билан пулларни ўзлаштириб олади.

“Уддабурон” ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, Жиззах шаҳар Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бош ҳисобчи Саҳоб Аҳмедов билан ҳам давлат маблағларини ўзлаштириш йўлида бирлашади. Бош ҳисобчи “Фаровон юрт” газетаси, “Экология хабарномаси”, “Соғлиқни сақлашни ташкил этиш ва бошқариш”, “Ветеринария медицинаси”, “Иқтисод ва молия”, “Иқтисод ва ҳуқуқ”, “Солиқ инфо”, “Агро бизнес информ”, “Санитария маданияти” журналларининг 2020 йилдаги обунаси учун МЧЖга 70 млн. сўм ўтказиб беради. Бироқ бўлимга бирорта ҳам газета ва журнал келмайди. Сабаби пуллар обунага ўтказилмасдан нақдлаштириб, ўзаро тақсимлаб олинган эди.

Ўзлаштирилаётган маблағлар чўнтагидан осонгина жой топиб кетаётганидан руҳланган С.Нурматов яна Санитария-­эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг Жиззах шаҳар бўлимига келади ва бўлим бош­лиғи Ш.Зул­фиқоров ҳамда бош ҳисобчиси Н.Юсу­повнинг кўнглига қўл солади. Раҳбар эски танишини ноумид қилмай яна бир нечта соҳага оид газета ва журналлар обунаси учун жамиятга 214 млн. 500 минг сўм ўтказиб берилишини таъминлайди. Бу пуллар ҳам аввалгидек ўзлаштириб олинади.

С.Нурматовнинг жиноятига Жиззах шаҳар болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг директори Нурали Акрамов ва ҳисобчиси Матлуба Турсунматова ҳам шерик бўлишади. Спорт мактаби масъуллари “Спорт журнали”, “Жисмоний тарбия ва спорт”, “Олимпик журанали”, “Болалар спорти журнали” ва “Китоб дунёси журнали”нинг 2020-2021 йиллардаги обунаси учун МЧЖ ҳисобрақамига 70 млн. сўмни ўтказиб беришади. Пул тушгач, С.Нурматов дарҳол нақдлаштириб, ҳамтовоқлари билан ўзаро тақсимлаб олади.

Сохта тадбиркорнинг кейинги нишони Жиззах шаҳар Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази бўлди. Марказнинг бош ҳисобчиси С.Мирзаев ҳам нафсига бир муштлаш ўрнига С.Нурматовнинг таклифига кўнади. Бош ҳисобчи 2021 йил январь-март ойлари учун обунани ташкил қилиш мақсадида жамиятга 42 млн. 700 минг сўм ўтказиб беради. Аслида шартнома бўйича бу пулларга “Касб маҳорати”, “Тараққиёт ва ёшлар”, “Маданият”, “ХХI аср технология­лари”, “Иқтисод ва молия”, “Иқтисод ва ҳуқуқ” ҳамда “Солиқ инфо” журналларининг обунаси расмийлаштирилиши лозим эди. Аммо ушбу босма нашрлар марказга етказиб берилмади. Ажратилган маблағ эса ўзлаштириб юборилди. Текин пулларнинг ҳидидан сармаст бўлиб юрган С.Нурматов ва унинг тегирмонига сув қуйган шахсларнинг қилмиш­лари департамент органлари томонидан олиб борилган текширишларда фош этилди. Мазкур ҳолатлар жиноят ишлари бў­йича Жиззах шаҳар судида кўриб чиқилиб, айбдорларга нисбатан ҳукм ўқилди. Унга кўра, судланувчиларга жарима ва ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.