Матбуотнинг келажагини ўйлаб…

15:36 - 25.08.2022

14

Сўз эркинлигисиз инсон ҳуқуқларини тўлақонли таъминлашнинг имкони йўқ. Зеро, демократик жамиятнинг тамал тошларидан бири, асосий устуни ҳам айнан шу омилдир. Мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларининг демократик жараёнлар, фуқаролик жамиятини барпо этишдаги ўрни ва нуфузини ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар натижасида сўз эркинлиги таъминланиб, инсон қадри устувор аҳамият касб этиб бораётгани — бугунги кунимизнинг инкор этиб бўлмас ҳақиқатларидан.

ОАВ ҳақида гап кетганда, журналистиканинг ўқ илдизи бўлган газеталар билан боғлиқ вазиятни назардан қочирмаслик зарур. Чунки интернет ўқувчилар учун қулай ва арзон ахборот воситаси бўлиб майдонга кириб келгач, ижтимоий тармоқлар оммалашиб, босма нашрлар ўқувчилари доираси кескин қисқарди. Бироқ яширишнинг ҳожати йўқ, ижтимоий тармоқлар доим ҳам ўқувчининг янгиликларга, таҳлилий ва танқидий фикрларга, жиддий муаммоларни холисона ёритиш борасидаги эҳтиёжига бўлган талабини қондира олмаяпти. Айни пайтда юртимиздаги фойдаланувчилар интернет янгиликлари орасида сифат жиҳатидан талаб­га жавоб бермайдиганлари кўплигини, текширилмаган хабарлар одамларни гангитиб қўяётганини сеза бошлади. Бундан ташқари, олди-қочди хабарлар жамият учун ҳам бирдек “бошоғриқ”. Яқинда Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида уч болали бева аёлнинг молхонада яшаётгани билан боғлиқ воқеалар ижтимоий тармоқларда ёйилгач, хабар ортидан келиб чиққан машмашалар, бири-бирини туҳматчида айблаётган воқеа иштирокчилари ва уларнинг кетма-кет изоҳли чиқишлари оқибатда “интернет юлдузи”га айланишгани бунга далил.

Шундан келиб чиқиб, журналистика соҳасини қўллаб-қувватлаш, ахборот оламида қалами ўткир, билим ва тафаккури кенг, ҳақиқат ва адолатни маёқ билган қалам аҳлининг етакчи куч бўлиб майдонга келишига замин яратиш, юртимизда ва дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга ўзининг асосли, теран ва ҳаққоний муносабатини билдира оладиган, мамлакат имижини яратишга қодир кучли журналистларни тарбиялаш — ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.

Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг бу йилги касб байрамимиз — 2022 йил 27 июнда қабул қилинган “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳа ҳаётида чиндан ҳам жуда катта ўзгариш ва янгиликларга йўл очди. Қарорда аксарият ОАВ ходимларини кўпдан буён ўйлантириб, ташвишга солиб келаётган масалаларга ечим топиб берилди, миллий журналистикамизнинг келажаги йўлида дадил қадамлар ташланди. Энг яхши янгиликлардан бири — аввало, шу йилнинг 1 июлидан бош­лаб 2025 йил 1 июлга қадар оммавий ахборот воситалари фойда солиғини белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоиз камайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлашга ўтаётгани бўлди.

Табиийки, савол туғилади: хўш, айни пайтда амалга кирган ушбу имтиёз мулкчилик шаклидан қатъи назар барча ОАВ учун бирдек тааллуқлими? Масалан, газетанинг мулкчилик шакли давлат корхонаси ёки масъулияти чекланган жамияти ҳисобланса, қарорда белгиланган имтиёз ушбу газеталар таҳририятларига нисбатан қай тарзда қўлланилади?

Мазкур саволлар билан Давлат солиқ қўмитасига мурожаат этдик.

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 1-бандига асосан, 2022 йил 1 июлдан бошлаб 2025 йил 1 июлга қадар оммавий ахборот воситалари фойда солиғини белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоиз камайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлаши белгиланган, реклама хусусиятига эга бўлган оммавий ахборот воситалари бундан мустасно, — дей­ди Давлат солиқ қўмитасининг Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бошқармаси бошлиғи Дилдора Ҳошимова. — Кейин­ги саволга келсак, маълумки, Ўзбекистон Рес­публикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, оммавий ахборотни даврий тарқатишнинг доимий номга эга бўлган ҳамда босма тарзда (газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар ва бошқалар) ва электрон тарзда (теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар, Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайтлар) олти ойда камида бир марта нашр этиладиган ёки эфирга бериладиган, қонунчиликда белгиланган тартибда рўйхатга олинган шакли ҳамда оммавий ахборотни даврий тарқатишнинг бошқа шакллари оммавий ахборот воситасидир.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ ташкил этилган оммавий ахборот воситалари мазкур имтиёздан қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда фойдаланишлари мумкин.

Қарорда белгиланган яна бир имтиёз — мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича олиб кириладиган матбаа ускуналари, замонавий фото ва радиотелевизион ускуналар ҳамда қоғоз божхона божидан озод этилиши таҳририятларнинг иқтисодий имкониятларини юксалтиради, албатта.

Бюджет ташкилотларига улардаги “кутубхона фонди” харажат моддаси орқали даврий босма нашрлар, уларнинг электрон шакли ва электрон оммавий ахборот воситаларига обуна бўлиш учун маблағ йўналтиришга рухсат берилгани — қарорнинг яна бир муҳим жиҳатидир. Кейинги пайтда “мажбурий обунага йўл қўйилмайди” деган важ-карсон туфайли кўплаб ташкилотлар, жумладан, бюджет ташкилотлари даврий нашрларга обуна бўлмаётган эди. Айниқса, таълим муассасаларига обуна учун маблағ ажратилмаслиги ўқитувчиларни ҳам, ўқувчиларни ҳам даврий нашрлар “мазасидан” маҳрум қилди. Президент қарори туфайли энди бундай ҳолатларга барҳам берилса, ажаб эмас.

Босма нашрлар журналистиканинг жон томири бўлиши баробарида, тараққиётнинг барча босқичида айнан шуларнинг бошида калтак синганини унутмаслик жоиз. Негаки журналистика тарихидан аёнки, радио, телевидение ихтиро қилинганидан сўнг ҳам газеталарнинг умри тугагани кўп таъкидланган. Айни пайтда эса ижтимоий тармоқларнинг тезкорлигига таққослаб, босма нашрларни тараққиёт билан ҳамнафас эмасликда айблайдиганлар оз эмас. Шу маънода босма нашрлар таҳририятлари, матбаа корхоналари ҳам бугунги давр талабига мос фаолият кўрсатиши, замонавий ахборот технология­лари имкониятларидан кенг фойдаланиши, нашрларнинг ҳар бир обуначига ўз вақтида етиб боришига эришиши кераклиги, шубҳасиз, давр тақозоси. Қарорда даврий босма нашрлар, китоб ва бошқа матбаа маҳсулотларига масофадан туриб обуна бўлиш ва уларнинг буюртмачигача ўз вақтида етказиб берилишини кузатиб бориш имконини берадиган “Обуна” ягона электрон платформаси ҳамда унинг мобиль иловасини яратиш белгилангани ўртадаги тавофутни қисқартирадиган қулай имкон бўлди.

2026 йил 1 январга қадар жисмоний шахслар томонидан “Обуна” ягона электрон платформаси орқали обуна қилинган ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, адабий-бадиий, ҳуқуқий, илмий-оммабоп даврий босма нашрлар обуна нархининг 10 фоиз, болалар учун мўлжалланган даврий босма нашрлар обуна нархининг 20 фоиз миқдори давлат бюджети маблағлари ҳисобидан обуначиларнинг банк карталарига бир ой муддат ичида қайтарилади (“Cashback”). Бу ҳам жуда катта рағбат.

Қарорда яна бир янгилик акс этди, яъни эндиликда ҳар бир даврий босма нашрнинг замонавий электрон шакли, шу жумладан, мобиль иловаларини яратиш учун давлат бюджетидан ҳамда муассис бўлган тегишли ташкилотлар томонидан маблағ ажратилади. Давлат органлари ва ташкилотлари муассислигида бўлмаган ҳамда давлат рўйхатидан ўтказилганига камида икки йил бўлган даврий босма нашрларнинг замонавий электрон шаклини, шу жумладан, уларнинг мобиль иловаларини яратиш ҳамда модернизация қилиш, бир йил давомида юритиш харажатларини қоплаш учун 2026 йил 1 январга қадар ҳар йили энг яхши 20 та лойиҳа бўйича танлов эълон қилинади. Бунда, ҳар бир лойиҳа учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваригача бўлган миқдорда маблағ ажратилади. Умид қилинганидек, янги тартиблар таҳририятлар ҳамда муассислар ўртасидаги муносабатларга аниқлик киритиб, мавҳумликларга чек қўяди.

Ҳар бир вилоятдаги Матбуот уйларини маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан бугунги кун талабларига мос ҳолатда таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари эса оммавий ахборот воситалари таҳририятларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаб, иқтисодий имкониятларни кенгайтиришга замин ҳозирлайди. Қулай меҳнат шароити ижодий ходимларнинг самарали фаолиятига туртки беради.

Қарорда фаол журналистларни рағбатлантириб бориш, улар ўртасида соғлом ижодий рақобат муҳитини ривожлантириш мақсадида ҳар чоракда оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган 100 тагача энг яхши материал учун муаллифлар пул мукофоти билан тақдирланиши белгиланди. Бунинг учун давлат грантлари ҳамда давлат ижтимоий буюртмаларини бериш бўйича танловлар уюштирилади. Рағбат ҳақида гап кетганда журналистлар ўртасида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган “Олтин қалам” миллий мукофоти ҳақида тўхталиш ўринли. Келгуси йилдан бошлаб мазкур халқаро танловда бош миллий мукофотга автомобиль берилиши соҳанинг захматкаш ходимларини бирдек мамнун этди, барча қалам аҳлининг ижодий парвозига туртки берди.

Қарорда журналистика соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича белгиланган вазифалар, чора-тадбирлар ҳам бугунги кун талабидан келиб чиқиб ишланганки, бу яқин йилларда ўз натижасини берадиган, кўп куттирмайдиган тадбирлардан саналади. Жумладан, 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб, олий таълим муассасаларида журналистика йўналиши бўйича таълим берадиган профессор-ўқитувчиларнинг муаллифлик кўрсатув ва эшиттиришлари ҳамда йирик таҳлилий мақолалари уларни моддий рағбатлантириш нуқтаи назаридан илмий мақолага тенглаштирилади. Оммавий ахборот воситалари таҳририятлари, нашриётлар, матбаа корхоналари ва ахборот хизматларида камида беш йил ишлаган ҳамда ушбу йўналишлар бўйича олий таълим муассасаларида дарс бераётган, Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонларига эга бўлган шахслар меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартларига кўра профессор ва доцент илмий унвонига эга бўлган шахсларга тенглаштирилади. Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбарининг ушбу қарорида белгиланган вазифаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши миллий журналистикамизни ривожлантириб, ижод аҳлини қўллаб-қувватлаш, меҳнатларини муносиб қадрлаш, сўз эркинлигига кенг йўл очиши шубҳасиз.