Инсон ва чиқиндилар сайёрамиз кимга қолади?

15:48 - 25.08.2022

20

Ер юзи бўйлаб ҳар йили 2 миллиарддан ортиқ қаттиқ маиший чиқинди (саноат чиқиндисидан ташқари) ҳосил бўлар экан. Унинг муайян қисми қайта ишланади ёки утилизация қилинади. Қолгани эса…

Жаҳон банки прогнозларига қарасак, 2030 йилга бориб маиший қаттиқ чиқиндилар миқдори 2,58 миллиард тоннага, 2050 йилга бориб эса 3,77 миллиард тоннага етади. Бу кетишда сайёрамиз коинотда кезиб юрган улкан чиқиндихонага айланиб, инсоният ана шу чиқиндихонада яшаш учун курашаётган жонзодларга айланиб қолмайдими? Инсоф билан айтганда, бугунги юқори технологиялар асрида чиқиндилар, чиқиндиларни қайта ишлаш ҳам муаммо бўлиши керакми?

Бизда вазият қандай?

Ўтган ҳафтада бўлиб ўтган Сенат ялпи мажлисида 2022 йилги давлат дастурининг биринчи ярим йилликдаги ижроси юзасидан ҳукумат ҳисоботи эшитилди. Мажлисда сенаторлар ҳукуматдан давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси ҳақида сўради.

Эслатиб ўтамиз, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 292-бандида маиший чиқиндиларни йиғишни 100 фоизга, уни қайта ишлаш даражасини 21 фоиздан 50 фоизга етказиш вазифаси белгиланган.

Сенаторлар саволларига Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Умарбек Халилов жавоб берар экан, бугунги кунда республикада йил давомида 7 миллион тонна маиший чиқинди чиқиши, 307 та қайта ишловчи корхона томонидан уларнинг бор-йўғи 1,8 миллион тоннаси ёки 26 фоизи қайта ишланиши, жорий йил якунига қадар буни эллик фоизга чиқариш имконияти йўқлигини айтиб ўтди. Шунингдек, У.Халилов «маиший чиқиндиларни 100 фоиз йиғиб олиш ҳақида фикрлар самарадорлик нуқтаи назаридан ҳақиқатга тўғри келмаслиги мумкинлиги боис бу борада 95-96 фоизлик марра қўйилганини» илова қилиб ўтди.

Эътибор беринг, йилига 7 миллион тонна маиший чиқинди ҳосил бўлмоқда ва унинг бор-йўғи 26 фоизи қайта ишланмоқда. Бу ҳар йили юртимизда ўртача 2 миллион тоннадан зиёд маиший чиқинди тўпланиб бораётганини англатади.

Мамлакатимизда маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ва утилизация қилиш муаммоси кун тартибидаги долзарб масала сифатида кўрила бошлаганига, адашмасам, ўн йилдан ошди. «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонун қабул қилинганига эса 20 йилдан ошди. Шу муддат оралиғида эришилган натижа, кўриб турганимиздек бор-йўғи 26 фоизни ташкил этади.

Ўтган йиллар мобайнида мамлакатда биронта йирик чиқиндиларни қайта ишлаш заводи ишга тушгани ҳақида маълумотни кўрмадик. Борлари ҳам тўла қувват билан ишлаяпти деб бўлмайди.

Экологик маданиятимизнинг ҳозирги даражаси билан эса маиший чиқиндиларни 100 фоиз йиғиб олиш ҳақида гапиришга ҳали эрта. Шу боисдан экоқўмита масъулининг фикрларига қўшилмасликнинг иложи йўқ.

Мутахассислар фикрича, соҳадаги асосий муаммолар қуйидагилардан иборат:

– чиқиндиларни қайта ишлаш жараёнини қўллаб-қувватлаш учун молиявий ва инфратузилмавий муаммолар;

– чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасида рақобат муҳитининг йўқлиги, қайта ишланган маҳсулотларга нисбатан талабни рағбатлантириш механизмларининг мавжуд эмаслиги;

– чиқиндиларни қайта ишлагандан кўра, уларни йўқ қилишнинг бошқа муқобил усулларидан фойдаланиш амалиёти ҳамон сақланиб қолаётгани.

 Албатта, маиший чиқиндиларни қайта ишлаш тизимини яратиш, маиший чиқиндиларни қайта ишлаш комплексларини қуриш ва мавжудларини модернизация қилиш давлатнинг молиявий қўллаб-қувватлаши орқалигина амалга ошади. Шу билан бирга бу жараёнда аҳолининг онгли равишдаги фаоллиги жуда-жуда зарур. Бошқача айтганда, чиқиндилар муаммосига ҳукуматдаги энг юқори лавозимдаги мансабдорлардан тортиб оддий уй бекаларигача бирдай масъулдир.

Жиддий ислоҳотлар фурсати етди

2022 йил 2 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ўтказилган йиғилишда республикада чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасида жиддий ислоҳотлар бошланаётгани маълум қилинди. Хусусан, маиший чиқиндиларни йиғишни 95 фоизга, қайта ишлашни 40 фоизга етказиш бўйича 2022–2025 йилларга мўлжалланган «Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш ва аҳоли ҳудудларида тозаликни таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилиб, тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилди ва Вазирлар Маҳкамасига киритилди.

Мазкур қарорга асосан   2022-2025 йилларда:

  • 29 та маиший чиқинди полигонларини реконструкция қилиш;
  • 437 та чиқиндиларни йиғиш майдончаларини қуриш;
  • 26 та қурилиш чиқинди ва полигонларини қуриш ва жиҳозлаш;
  • 18 минг 867 та контейнерларни харид қилиш;
  • 60 та тиббиёт участкаларини қуриш ва техник воситалар билан таъминлаш;
  • 38 та қайта юклаш станцияларини қуриш, уларни 164 та махсус техника ва 181 та йирик ҳажмли контейнерлар билан таъминлаш;
  • 40 та чиқинди саралаш ускуналарини ўрнатиш мақсад қилиб олинган.

Ушбу мақсадларга эришиш учун махсус техника ва эҳтиёт қисмларни импорт божидан озод қилиш, 5 йилгача имтиёзли кредитлар ажратиш ва солиқ имтиёзлари назарда тутилган.

Хориж тажрибаси

Умумий маънода айтганда, инсоният ҳеч қачон охирги юз йиллик ичидаги каби тўкин-сочинлик, исрофгарчилик ичида яшамаган. Ҳа, бунинг бадали ҳам бор экан.

Ҳеч кимга кераксиз миллиардлаб тонна чиқиндиларнинг тўлови – атроф-муҳитнинг заҳарланиши, ифлосланган ҳаво ва сув, тупроқ, турли эпидемиялар, пандемиялар эканини ҳаммамиз тушуниб турибмиз.

Кечроқ бўлса-да муаммонинг қамровини англаб етган маърифатли жамиятлар бунга қарши курашга жиддий киришди.

Ривожланган давлатлар таж­рибаси шуни кўрсатмоқдаки, вазиятни ўнглаш учун давлат, ишлаб чиқариш корхоналари ва аҳолининг ҳамкорликдаги фаолияти талаб этилади.

Агар МДҲ давлатларидаги вазиятга қарасак, бир-биридан деярли фарқ қилмайди: ҳозирча айтарли натижаларга эришилмаган. Бу давлатларда чиқиндилар муаммосини турли йиғилишлар, ҳар замонда ўтказиладиган катта-кичик «шанбаликлар» билан ҳал қилиб бўлмаслигини тушуниб етгунга қадар баъзи ривожланган мамлакатлар маиший чиқиндиларнинг 80-90 фоизини қайта ишлашга муваффақ бўлмоқда. Маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ва утилизация қилишга турли мамлакатларда турлича ёндашувларни кўриш мумкин. Бундан беш-олти йил аввал Европа иттифоқига аъзо давлатлар ичида чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича Германия етакчилик қилиб келаётган эди. Айни пайтда эса Швеция биринчи ўринга чиқиб олган. Шунингдек, Австрия, Словения, Бельгия, Франция, Испания ҳам маиший чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича етакчилардан ҳисобланади.