Қимор ўйнаган аёл

16:00 - 25.08.2022

37

Бугун «1xBet» ҳақида эшитмаган одам қолмади, ҳисоб. Яқинда ҳаётимизга кириб келган бу онлайн қимор шу қадар тез тарқалдики, ҳозир у катта муаммоларни келтириб чиқармоқда. Ҳали турмушга ҳам чиқмаган қизнинг қимор ўйнаб, фирибгарлик қилгани афсусланарлидир.

Нодира Ҳасанованинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам яхшигина иши бор эди. У Тошкент мет­рополитени ер усти ҳалқа йўлида бекат навбатчиси бўлиб ишларди. «1xBet» ўйнашни бошлаган аёлнинг дастлаб омади келади. У бошида икки ёки уч марта ютуқ билан сийланади. Шундан кейин омади ҳеч кулмайди. Ҳатто маошини, кейинчалик бирга ишлайдиган фуқаролардан ҳам қарз олиб, онлайн қиморда ютқазаверади. Охир-оқибат фирибгарлик қилиш йўлига ўтади. У ҳамкасбларига Хитойдан уяли алоқа воситалари, қулоқчинлар, смарт соатлар олиб келиб сотадиган таниши борлигини, ундан ушбу буюмларни арзон нархда олиб беришини айтиб алдайди.

Дастлаб унинг ваъдаларига ҳамкасби Мунира Мирҳосилова ишониб, 6 дона «Айфон» русумли уяли алоқа воситаси олиб келиб бериши учун 1600 доллар ва 250 минг сўм пул беради. Н.Ҳасанова танишининг пулларини қўлга киритиб, бир қисмини ўзи учун ишлатади, қолганини эса яна ўйинга тикиб ютқазиб қўяди.

Нодиранинг тузоғига Зоир Холжонов ҳам илинади. У 15 дона смарт соатга буюртма бериб, 780 минг сўм пул беради. Аммо соатдан дарак бўлмайди. Доно Тўрабоева ҳам блендер техникаси харид қиламан деб Нодирага 600 минг сўм пул беради. Аммо на техникани, на пулини ололмайди. Икром Абдусаломов эса Н.Ҳасанованинг гапларига ишонади ва унга 8 млн. сўмни тутқазиб, 100 дона «Airpod», 100 дона смарт соат, 50 дона қулоқчинга буюртма беради. Бироқ буюртмасидан дарак бўлмайди.

Н.Ҳасанова шу тариқа ҳамкасбларининг яна қарийб 12 млн. сўмини ва 1000 долларга яқин пулларини қўлга киритиб, қиморда ютқазиб қўяди.

Ваъда қилинган техникалар келавермагач, сабр косаси тўлган ҳамкасблар ариза билан тегиш­ли жойга мурожаат қилишди.

Мазкур ҳолат жиноят ишлари бўйича Миробод тумани суди томонидан кўриб чиқилди. Суд фуқароларга етказилган зарар судланувчи томонидан қопланганини инобатга олди ва Н.Ҳасановага ойлик иш ҳақидан 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлаб, ҳукм чиқарди.   Бу ҳолатни бировнинг қайғусини достон қилиш мақсадида келтириб ўтмадик. Мақсадимиз жамиятдаги барча қимор турлари инсонга ҳеч қачон яхшилик келтирмаслигини таъкидлаш, холос. Агар сиз шу йўлда бўлсангиз, ҳозир ҳам кеч эмас, бу йўлдан қайтинг!