Дипломофобия: нодавлат ОТМларининг фаолиятидаги тўсиқлар

15:52 - 25.08.2022

16

Нодавлат олий таълим муассасаларининг фаолияти ҳукуматимиз томонидан ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланаётган шароитда бундай ОТМларига жамиятдагиларнинг ишончи қандай? Бугун нодавлат олий таълим муассасаси деганда, ота-оналар, абитуриент-ёшлар қандай қулайлик ёки қўштирноқ ичидаги имкониятларни кўз олдига келтирмоқда? Олий таълим олишни мақсад қилган кадрларда «Дипломофобия», яъни нодавлат олийгоҳлар дипломининг «ўтиш-ўтмаслиги»гидан қўрқувни келтириб чиқараётганлар кимлар? Бугунги мақоламизда ушбу саволларга жавоб топишга ҳаракат қиламиз.

Ўзбекистонда мустақил таълимнинг тизимлашишида нодавлат олий таълим муассасаларининг ўрни ва аҳамиятини алоҳида эътироф этиш керак. Нодавлат олий таълим муассасаларида биринчилардан бўлиб таълим жараёни кредит-модуль тизими асосида ташкил этилди ва барча давлат ОТМларида ҳам босқичма-босқич ушбу тизим жорий қилинмоқда. Шунингдек, ўқитишнинг нафақат сиртқи, балки ўқув йили давомида изчил мустақил таълимни таъминлашга қаратилган сиртқи-масофавий шаклининг ҳаётга татбиқ этилишида ҳам нодавлат ОТМлари ташаббус кўрсатмоқда. Давлат ОТМларида ҳам масофавий таълим шакли жорий этилиши билан боғлиқ саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

Амалиётдан маълумки, аксарият ёшлар талабаликка эришгунча олти-саккиз соатлаб ўқиб, талаба бўлгач эса ўқишни сусайтиришади. Аксарият талабаларда ўз потенциалидан фойдаланиш, салоҳиятини янада оширишга ҳаракат камайиши ҳам сир эмас. Шу ўринда кредит-модуль тизимининг қатор афзалликлари кўзга ташланади. Авваллари талабаларга дарсга киришдан аввал устозлар соатлаб мавзу устида ишлаган бўлса, янги тизим талабалардан дарсда қатнашишдан аввал мавзуни мустақил ўқиб-ўрганиш, тақдимотларга тайёрланишни талаб этади. Эндиликда бакалавр дипломига эришиш учун талаба семестрлар давомида кредит баллари йиғиб боради, бир семестрда ўзлаштира олмаган фанларини керак бўлса кейинги семестрларда ҳам қайта-қайта ўқийди. Шу тариқа қатор таълим ислоҳотлари асосида келгусида Ўзбекистон олий таълимни ривожлантириш бўйича ўз олдига қўйган 10 йиллик режаларига эришади.

Нодавлат олий ўқув юртини танлашда нималарга эътибор қаратиш керак?

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг маълумотига кўра, Ўзбекис­тонда жами 162 та ОТМ мавжуд. Нодавлат ОТМлари сони 29 тага, хорижий таълим муассасалари ва филиаллари эса 30 тага етган. Бир нечта ОТМ янги очилди ёки қайта ташкил этилди. Қайд этиш жоизки, бу йил олий таълим билан қамров 28 фоиздан 38 фоизга етказилмоқда. Бу дегани абитуриентларнинг талаба бўлиш имконияти ҳам ошади. Хусусан, олий таълим муассасаларига қабул қилинаётган талабаларнинг 10 фоиздан ортиқроғи, яъни 20 мингга яқини айнан нодавлат олий таълим ташкилотлари ҳиссасига тўғри келяпти.

Амалдаги қонунчиликка кўра, нодав­лат таълим ташкилотлари олий таълим фаолияти билан шуғулланишлари учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясидан лицензия олишлари лозим. Таълим инспекцияси томонидан белгиланган тартибда лицензиялар расмийлаштирилган нодавлат ОТМлари томонидан берилган диплом мамлакатдаги бошқа олийгоҳларники билан бир қаторда тан олинади.

Таълим жараёнларини ташкил этиш ва юртимизнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш бўйича яратилган қулай шарт-шароитлар сабабли мамлакатимизда нодавлат олий таълим ташкилотлари сони ортиб бормоқда. Ҳар янги ўқув йили олдидан абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига қулайлик яратиш ва ишончли маълумот тақдим этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясидан лицензия олган нодавлат олийгоҳлар рўйхати эълон қилинмоқда.

Шунингдек, Таълим инспекцияси ўз ахборот хизматлари орқали қандай лицензияга эга бўлмаган муассасалар номини ҳам маълум қилиб, сохта ОТМларидан огоҳ бўлишга ундовчи материалларни ўз вақтида тақдим этиб келяпти.

Нодавлат ўқиш дегани, имтиҳонсиз талаба бўлиш дегани эмас!

Айни пайтда юртимизда қатор нодавлат олий таълим муассасаларида абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилиш жараёни давом этмоқда. Афсуски, аксарият ота-оналар, абитуриент-ёшларда нодавлат олийгоҳларда контракт-тўлов суммасини амалга ошириб, имтиҳонсиз кириб ўқиш мумкин, деган нотўғри тушунча шаклланиб бормоқда. Талаба бўлиш учун ўқимаётган фарзандларини қўллаб-қувватлаётган ота-оналарнинг сафи ҳам кенгаймоқда. Етарли умумтаълим билимини олмаган ёшларга тўрт йил олий таълим беришга уриниш рақобатбардош кадрлар тайёрлаш сифатига салбий таъсир қилиши, шубҳасиз.

Ҳар хил қарама-қарши фикрлар шаклланаётган шундай шароитда, нодавлат олий ўқув юртлари жаҳон таж­рибасини ҳисобга олган ҳолда, олий маълумотли рақобатбардош ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, ўқув жараёнининг илмий-тадқиқот фаолияти билан узвий боғлиқлигини кучайтириш, олий таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, мамлакат ҳудудларидаги ёшларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш бўйича барча зарур чораларни кўришга интилмоқда.

Қўқон университети мисолида оладиган бўлсак, бу ерда замонавий таълим ёндашувлари асосида барпо этилган кампусида талабаларнинг кўп вақтларини мазмунли ўтказишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Қулай ижтимоий зоналар, Book cafe, дам олиш учун хиёбон ва ўриндиқлар, спорт-соғломлаштириш мажмуалари, турли маданий тадбир ҳамда психотренинглар талабалар ҳаётини самарали ўтказишга хизмат қилади. Ёшларга ўзлари мақсад қилган келажакни яратиш учун замонавий 9 та мутахассислик бў­йича таълим берилмоқда.

Мақсадли кўрсаткичлар сари – соғлом рақобат билан

Давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистон олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида имзоланган фармон 2030 йилгача эришилиши режалаштирилаётган 70 дан зиёд мақсадли кўрсаткичларни ўз ичига олган. Хусусан, битирувчиларни олий таълимга қамраб олишни ҳозирги 20 фоиздан 50 фоизга ошириш, нодавлат ОТМлари сонини, жумладан давлат-хусусий шерикчилик (ДХШ) ҳисобига 5 тадан 35 тага етказиш, кредит-модуль тизими қамровини 2 фоиздан 85 фоизга чиқариш кўзда тутилган. Ҳудудларда давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш асосида олий таълим билан қамров даражасини 50 фоиздан ошириш, соҳада соғлом рақобат муҳитини яратиш концепциянинг асосий мақсадларидандир.

Бугунги кунда халқ таълими тизимида жами 15359 та таълим муассасаси, жумладан, 4893 та мактабгача таълим муассасаси, 9680 та умумий ўрта таълим мактаби фаолият кўрсатмоқда. Уларда ўрта махсус, касб-ҳунар коллежларини ва билим юртларини битирган педагог кадрлар ҳам фаолият юритмоқда. Мазкур таълим муассасаларининг мактабгача, бошланғич ва бошқа фанлар бўйича олий маълумотли педагог кадрларга бўлган эҳтиёжларини қондириш мақсадида нодавлат олий таълим муассасалари таркибида махсус сиртқи бўлимларнинг бакалавриат таълим йўналишларига қабул ўтказилмоқда.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Таълим тизими, хусусан, мактабгача таълим тизимидаги иш берувчи ташкилотлар масъуллари юртимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида узоқни кўзлаб амалга оширилаётган таълим ислоҳотлари, қонунчилик мазмун-моҳиятидан хабардорми?

Афсуски, барча раҳбар кадрлар ҳам таълим тизимининг истиқболи, олий маълумотга эга кадрлар билан таъминланиши, таълим-тарбия сифат самарадорлиги йўлидаги бу ислоҳотлардан хабардор эмасдек кўринади. Фикримизнинг далили сифатида қайд этишимиз мумкинки, нодавлат олий ўқув юртларининг махсус сиртқи йўналишларига ҳужжат топшираётган боғча педагогларида «дипломофобия»нинг гувоҳи бўлмоқдамиз.

Мисол учун, Қўқон университетига республикамизнинг 12 та вилояти, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Рес­публикасидан ҳам мактабгача таълим тизими педагоглари олий таълим олиш иштиёқида мурожаат қилишмоқда. Бу ердаги таълим жараёни уларни ўзига жалб этса-да, мактабгача таълим ташкилоти раҳбари ёки ташкилотларига юқоридан ташриф буюрган текширувчилар томонидан билдирилаётган фикрлар, ноўрин талаблар уларнинг иккиланишларига сабаб бўлмоқда. Тошкент, Самарқанд, Қашқадарё ва бошқа айрим вилоятлардан мурожаат қилган, исмларини очиқлашимизни истамаган боғча тарбиячи-педагоглари мудираларининг «нодавлат университетда ўқисанг, дипломинг барибир бизга ўтмайди, “юқори”дан келадиганларнинг имтиҳонидан ўта олмайсан» қабилидаги қаршиликларини маълум қилишмоқда. Кўплаб вилоятларда тарбиячилар мактабгача таълим бўлими мудираларидан «шу кадрни ушбу олий ўқув муассасасида таълим олишга тавсия этаман» мазмунида тавсиянома олишда муаммоларга дуч келганлари ҳам фикримиз далилидир (ушбу тавсиянома МТБларига контракт тўловини амалга ошириш ва бошқа мажбуриятларни юкламайди, фақат тавсия хусусиятига эга).

Бу каби ҳолатлар нодавлат олий таълим муассасаларига қабул жараёнида жуда катта ноқулайлик келтириб чиқармоқда. Ҳар бир махсус сиртқи, сиртқи-масофавий йўналишларига ўқишга киришга талабгорларга ва уларнинг мудиралари, раҳбарларига университет лицензияси, Вазирлар Маҳкамаси қарори, диплом намуналарини қайта-қайта ташлаб бериш, ишончсизлик вазиятларига қарши курашишга сабаб бўлмоқда.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, лицензияга эга нодавлат университетларни битирувчи талабаларга ҳам давлат намунасидаги диплом берилади. Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари ҳамда нодавлат олий таълим ташкилотларига давлат гранти ажратилаётгани ҳам юртимизда барча ОТМларини бирдек қўллаб-қувватлашга эътибор берилаётганининг амалдаги ифодасидир. Хулоса ўрнида қайд этиш жоизки, таълим тизимидаги ва бошқа соҳалардаги ислоҳотларни самарали амалга оширишда энг қуйидан юқоригача бўлган бўғинлар масъулларининг уюшқоқлиги, янгиликларга хайрихоҳ бўлиши ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир. Зеро, барча соҳаларни олий маълумотли мутахассислар билан етарли даражада таъминламай туриб, замонавий, инновацион ҳамда илм-фанга асосланган жамият барпо этиб бўлмайди.