Протест: судда ҳуқуқ нормалари бузилган

16:05 - 23.08.2022

12

Прокуратура органлари томонидан қонунда белгиланган тартибда судларнинг қонунга зид бўлган қарорларига протест келтириш орқали фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланмоқда. Шу билан бирга, прокуратура ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ёрдамга муҳтож шахсларнинг манфаатини кўзлаб судларга даъво аризалари киритаяпти.

Фуқаролик суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш амалиётига кўра, айрим ҳолларда Ўзбекистон Фуқаролик процессуал кодексининг 15-моддасига зид равишда тақдим этилган материаллар ва тушунтиришлар билан чекланиб қолиш, ишнинг ҳақиқий ҳолатини, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳар тарафлама, тўлиқ ва холисона аниқлаш чораларини кўрмаслик оқибатида ноқонуний қарорлар қабул қилинаётгани аниқланмоқда. Масалан, Камолон маҳалласи участка нозири Д.Комронова судга мурожаат қилиб, фуқаро Ю.Пакни муомалага лаёқатсиз деб топишни сўраган.

Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг ҳал қилув қарорига кўра ариза қаноатлантирилиб, Ю.Пак муомалага лаёқатсиз деб топилган.

Ушбу фуқаролик иши прокурор иштироки мажбурий бўлган ишлар тоифасига киради. Мазкур судда қатнашган прокурор ишнинг кўрилишида бир қатор процессуал ҳуқуқ нормалари бузилганини аниқлаган.

Жумладан, Фуқаролик процессуал кодексининг 310-моддасига кўра, фуқарони руҳий ҳолати бузилгани (руҳий касаллиги ёхуд ақли заифлиги) туфайли муомалага лаёқатсиз деб топиш ҳақидаги иш унинг оила аъзолари, васийлик ва ҳомийлик органлари, прокурор, даволаш муассасалари ва бошқа давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда жамоат бирлашмалари берган аризалар бўйича қўзғатилиши мумкинлиги белгиланган бўлса-да, қарор қабул қилишда Д.Комронова Ю.Пакни муомалага лаёқатсиз деб топиш учун ариза беришга ваколатли бўлган шахслар тоифасига кирмаслиги инобатга олинмаган.

Шунингдек, биринчи инстанция судининг қарорида Д.Комроновани аризачи, яъни маҳалла фуқаролар йиғини билан алмаштириш чораси кўрилгани, лекин Д.Комронова бунга рози бўлмагани сабабли маҳалла учинчи шахс сифатида ишга жалб қилингани кўрсатилган. Бироқ мазкур фуқаролик иши ҳужжатларида биринчи инстанция суди МФЙни ушбу ишга жалб этганлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.

Ушбу фуқаролик иши юзасидан суд қарорининг қонунийлиги ўрганилганда Д.Комронова Ю.Пакни муомалага лаёқатсиз деб топишни ва унга ўзининг васий этиб тайинланишини, шунингдек, унинг мулкига келгусида эгалик қилишни мақсад қилгани аниқланган. Яъни, ушбу масала юзасидан прокуратура ходимлари Ю.Пакнинг уйига бориб ҳолатни ўрганганида унинг яшаш шароити яхши эмаслиги, қўшниларининг кўрсатмасига кўра унга Д.Комронова ҳеч қандай ёрдам кўрсатмагани, ҳаттоки сувдан қарзи кўпайиб кетгани сабабли ичимлик суви узиб қў­йилгани, Ю.Пак қўшниларнинг хонадонидаги сувдан фойдаланиши, фақат қўшниларнинг қарамоғида эканлиги исботланган. Шу билан бирга, коммунал идоралардан ҳам бир неча йиллардан буён қарздорлиги аниқланган.

Юқоридагиларга кўра, ушбу фуқаролик иши бўйича чиқарилган суд қарорларини бекор қилиш юзасидан Олий судга киритилган протест қаноатлантирилган. Албатта, суднинг ушбу қарорлари бекор қилиниши оқибатида  прокуратура органлари томонидан Ю.Пакнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатланди.

Прокуратура фаолиятида суд амалиётини белгиланган муддатда умумлаштириш, аниқланган тизимли камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриш, шу жумладан, қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш прокурор фаолиятини баҳолашнинг асосий мезонларидан бири сифатида белгиланган.

Бугунги кунда прокуратура органлари томонидан прокурор иштироки мажбурий бўлган фуқаролик ишлари режали тарзда, белгиланган муддатларда умумлаштирилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилаяпти. Шу жумладан, қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрланмоқда. Шунингдек, фуқароларнинг суд қарорларидан норози бўлиб ёзган мурожаатлари асосида фуқаролик ишлари ўрганилиб, суднинг ноқонуний қарорларига ўз вақтида муносабат билдирилмоқда.

Хусусан, фуқароларнинг мурожаатига кўра, битимларни ўзгартириш, бекор қилиш ва ҳақиқий эмас деб топиш, шунинг­дек, эгаликни белгилаш ва бекор қилиш билан боғлиқ ишларнинг кўрилишида судлар бир қатор камчиликларга йўл қўйгани аниқланган ва уларни бартараф этиш чоралари кўрилган.

Судлар битимларни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги даъво аризаларини ҳал этишда Фуқаролик кодекси, Олий суд пленумининг 2006 йил 22 декабрдаги «Суд амалиётида битимларни тартибга солувчи қонунчилик нормаларини татбиқ қилишда вужудга келадиган айрим масалалар тўғрисида»ги қарори талабларига зид равишда қарор чиқарган ҳолатлар ҳам мавжуд.

Масалан, Дилшод Ражабов ўзининг акаси Жалол Ражабовга нисбатан даъво билан мурожаат қилиб, 2010 йилдаги олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган ва суд томонидан унинг даъвоси қаноатлантирилиб, низоли хонадон Дилшод Ражабовнинг эгалигига қайтарилган.

Мазкур фуқаролик ишининг қонунийлиги ўрганилганда маълум бўлишича, Дилшод Ражабов ўзига тегишли бўлган ушбу хонадонни сотиш бўйича отаси Давлат Ражабовга ишончнома беради. Мазкур ишончномага асосан Давлат Ражабов хонадонни Жалол Ражабовга олди-сотди шартномаси асосида расмийлаштириб беради.

Ушбу хонадонни Жалол Ражабовнинг номига расмийлаштиришда Дилшод Ражабовнинг хотини Зарифа Ражабованинг розилиги олинган. Олди-сотди шартномаси белгиланган талабларга риоя этилган ҳолда расмийлаштирилган.

Жалол Ражабов олди-сотди шартномасига кўра, хонадонни сотиб олган вақтда Дилором Ражабова билан қонуний никоҳда бўлган ва улар икки фарзанди билан ушбу хонадонда яшаб келишган.

Эр-хотин ўртасидаги муносабатлар ёмонлашгани боис Дилором Ражабова хонадондан чиқариб юборилган ва фуқаролик ишлари бўйича туманлараро суд­га уйга киритиб қўйиш ва уни умумий мулк деб топиш ҳақидаги даъво аризаси билан мурожаат қилган. Суд унинг даъвосини қаноатлантирган.

Жалол Ражабов эса акаси Дилшод Ражабов билан келишган ҳолда ўрталарида тузилган олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топишни ва шу орқали хотини Дилором Ражабовани умумий мулкка бўлган ҳуқуқдан маҳрум этишни режалаштирган. Шу мақсадда Дилшод Ражабов укасига нисбатан даъво муддатини тиклашни ва шартномани ҳақиқий эмас деб топишни сўраб судга даъво аризаси киритган.

Фуқаролик кодексининг 159-моддасига кўра, узрли ҳолатлар даъво муддатининг охирги олти ойида юз берган бўлса, даъво муддати тикланади.

Лекин суд ушбу қонун талабига зид равишда олди-сотди шартномаси тузилган вақтдан бош­лаб 2022 йилга қадар ўтган муддатни узрли деб топган ва даъво муддатини тиклаган.

Шунингдек, суд низоли хонадоннинг олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топишга ҳеч қандай асос бўлмаса-да, даъво муддатини тиклаш ва шартномани ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги даъво аризасини қаноатлантирган.

Юқоридагиларга кўра, прокуратура томонидан суднинг ушбу фуқаролик иши юзасидан чиқарган ҳал қилув қарорига нисбатан апелляция протести киритилган, мазкур протест қаноатлантирилиб, Дилором Ражабованинг умумий мулкка бўлган қонуний ҳуқуқи ҳимоя қилинган. Суд қарорларининг қонунийлигини ўрганиш, ноқонуний қарорларга ўз вақтида муносабат билдириш прокуратура ходимларидан юксак билим ва тажриба талаб этади. Шу боис прокуратура органлари ходимларининг амалий ва назарий билимлари, касбий маҳоратини ошириш борасида Бош прокуратура академияси томонидан турли хил машғулотлар ташкил этилмоқда. Машғулотларда тингловчилар намунавий иш тажрибасига эга бўлган прокуратура органларининг ишни ташкил этиш услублари ва ижро интизоми билан таништирилиб, уларнинг мурожаатлар билан ишлаш кўникмалари ҳам такомиллаштирилаяпти. Бундай машғулотлар фойдали бўлиши учун ҳар бир ходимдан масъулият ва ўз устида узлуксиз ишлаш талаб этилади. Бундан кўзланган мақсад малакали ходимларни тарбиялаш орқали одил судловни таъминлаш, ноқонуний суд қарорларига ўз вақтида муносабат билдириш, энг асосийси, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоялашдан иборатдир.