Имтиёз бор, эътибор-чи?

15:43 - 23.08.2022

16

Маълум бўлишича, аксарият бинолар, йўллар ва тротуарларнинг қурилишида ногиронларнинг манфаати ҳисобга олинмаган. Ногиронлик аравачалари учун пандуслар йўқ, борларидан ҳам фойдаланиб бўлмайди. Маҳаллий амалдорлардан бири дорихона олдидаги ана шундай пандусдан фойдаланиш чоғида аравача билан қўшилиб ағдарилиб тушган. Бу жуда таъсирли манзара. Ҳар кимни ўйлашга, атрофимиздаги имконияти чекланган инсонлар ҳаётига чуқурроқ назар солишга ундайди.

Маълумотларга кўра, дунё аҳолисининг 1 миллиарддан ортиғида, яъни ўртача етти кишидан биттасида муайян турдаги ногиронлик мавжуд. Юртимизда ҳам 630 мингдан ортиқ ногирон шахс рўйхатга олинган.

Мамлакатимизда ногиронларнинг ҳуқуқлари доимий эътиборда бўлиб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш сиёсати юритиб келинмоқда. 2020 йилнинг 15 октябрида «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонун эълон қилинди. У 3 ой ўтгач кучга кирди. 2021 йил 29 май куни Олий Мажлис Сенатининг 15-ялпи мажлисида Ногиронларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция сенаторлар томонидан кўриб чиқилди ва маъқулланди.

Мазкур конвенциянинг ратификация қилиниши Ўзбекистонда ногиронларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун қўшимча кафолатлар яратиш имконини беради. Конвенция ногиронларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш, уларни камситишга барҳам бериш, уларнинг меҳнат қилиш, ўз соғлиғини асраш, таълим олиш ва жамият ҳаётида тўлақонли иштирок этиш ҳуқуқини таъминлаш, одил судловга эришиш, шахсий дахлсизлиги, эксплуатация қилинишдан ҳимояланишини, эркин ҳаракатланишини, шахсий мобиллигини таъминлашга қаратилган 50 та моддадан иборат.

Ногиронларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг 9-моддасида шундай дейилган: «Ногиронлиги бўлган одамларга мустақил ҳаёт тарзини шакллантириш ва ҳаётнинг барча жабҳаларида тўлиқ иштирок этиш имкониятини бериш учун иштирокчи давлатлар ногиронларнинг бошқалар билан тенг равишда жисмоний муҳит, транспорт, ахборот ва коммуникациялардан, шу жумладан, ахборот ва алоқадан ва шаҳарда ҳам, қишлоқ жойларида ҳам очиқ ёки оммага тақдим этиладиган тизимлар ва бошқа объектлар ва хизматлардан фойдаланишларини таъминлаш учун тегишли чораларни кўрадилар».

«Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддасига кўра, ногиронларнинг ҳуқуқларини таъминлашнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

  • ногиронлиги бўлган шахсларнинг қадр-қимматини, уларнинг мустақиллигини, танлаш эркинлигини ҳурмат қилиш;
  • ногиронлик белгисига кўра камситилишга йўл қўймаслик;
  • инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишдаги имкониятлар тенглиги;
  • ногиронлиги бўлган болаларнинг ривожланаётган қобилиятини ва ўз индивидуаллигини сақлаб қолиш ҳуқуқини ҳурмат қилиш;
  • объектлар ва хизматларнинг қулайлиги;
  • ногиронлиги бўлган шахсларни жамият ва давлатнинг ҳаётига жалб этиш.

Юртимизда ногиронларнинг тўлақонли ҳаёт кечиришини чекловчи тўсиқларни бартараф этиш борасида сезиларли ўзгаришлар юз бермоқда. Миллий қонунчилигимизга назар ташласак, бундай шахс­ларга бир қатор имтиёзлар берилганини кўрамиз. Жумладан, ногиронларга қуйидаги ижтимоий ёрдамлар кўрсатилади:

  • Ногиронлиги бўлган, ўзига ўзи хизмат кўрсатиш қобилиятини қисман ёки тўлиқ йўқотган ва ўзгаларнинг доимий парваришига муҳтож бўлган шахсларга уларнинг уйида ҳамда ваколатли давлат органларининг ихтисослаштирилган стационар муассасаларида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хизматлар кўрсатилади. Бу муассасаларда ижтимоий хизматлар кўрсатиш билан бир қаторда ҳаёт фаолияти учун керакли шароит таъминланади, тиббий хизматлар кўрсатилади, шунингдек меҳнат фаолияти ва дам олиши ташкил этилади.
  • Иш берувчининг айби билан меҳнатда майиб бўлган ёки касб касаллигига чалинган ногиронлар тиббий кўрсатмаларга биноан иш берувчининг (ташкилотнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар) маблағи ҳисобидан реабилитация қилишнинг техник воситалари ва махсус транспорт билан таъминланади.
  • Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ногиронларга маҳаллий бюджет ҳисобидан қўшимча ижтимоий кафолатлар белгилаш ҳуқуқига эга.
  • Ногиронлар санаторий-курортда бепул дам олиш, шунингдек дорилар, ногиронларни парвариш қилиш учун мўлжалланган тиббий буюмлар ва ногирон болалар учун махсус шифобахш озиқ-овқатлар билан таъминланиш ҳуқуқига эга.
  • Ногиронларнинг санаторий-курортда соғломлаштирилишини таъминлаш тартиби ҳамда дориларининг, ногиронларни парвариш қилиш учун мўлжалланган тиббий буюмларнинг ва ногирон болалар учун махсус шифобахш озиқ-овқатларнинг рўйхатини Ўзбекистон ҳукумати белгилайди.

Шунингдек, ногиронларга қуйидаги имтиёзлар берилган:

  •  Ногиронлар учун олий таълим муассасаларида давлат гранти асосида қўшимча қабул квотаси ажратилади. 
  • Ногиронларнинг автотранспортлари учун ажратилган тўхтаб туриш жойларидан фойдаланганлик учун ҳақ олинмайди.
  •  I ва II гуруҳ ногиронларига ДХМ ёки ЯИДХП орқали хизмат кўрсатишда 50 фоиз миқдорида чегирма қўлланади.
  •  Ногиронлардан жамоат бирлашмалари рамзларини давлат рўйхатидан (қайта рўйхатдан) ўтказиш учун бож ундирилмайди.
  •  Ногирон болалар, болаликдан ногирон бўлган 18 ёшдан катта шахсларга нафақа тайинлашда давлат хизматлари бепул кўрсатилади.
  •  I ва II гуруҳ ногиронларининг болалари давлат мактабгача таълим муассасаларига имтиёзли рўйхат асосида қабул қилинади.
  •  Тиббий хулоса асосида муҳтож шахс­ларга протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари берилади.
  •  Ногиронлар айрим маҳсулотлар билан бепул таъминланади.
  •  I ва II гуруҳ ногиронларининг 60 квадрат метргача бўлган мулки солиқдан озод қилинади.
  •  Меҳмонхоналарда ногиронлар учун алоҳида шароитга эга хона ташкил этилади.

Кўриб чиққанимиздек, ногирон инсонларнинг ҳуқуқларини таъминлашга доир етарлича ҳуқуқий ҳужжатлар бор. Шунга қарамай нима учундир ногиронлар ҳар доим ҳам жамият фаолиятида тўлиқ иштирок эта олмайди.

– Гарчи ногирон ва соғлом талабалар биргаликда ўқиётган бўлса-да, олий таълимда ҳам инклюзивлик йўқ. Инклюзияга ҳамманинг биргаликда таҳсил олишидан ташқари имконияти чекланганлар эҳтиёж сезувчи брайл ёзувидаги ўқув-услубий адабиётлар, пандус ва мунтазам ишлаб турадиган лифт, кўзи ожизлар ҳаракатланиши учун йўлаклардаги тактил белгилар ҳам киради. Аммо деярли бирор олий таълим муассасасида буларни жам ҳолатда учратмайсиз. Айниқса, брайл ёзувидаги дарсликларнинг деярли мавжуд эмаслиги оғриқли муаммога айланган. Ҳозирча кўзи ожиз талаба ва ўқитувчилар бир неч­та фандан тасмага ёзиб олинган аудиокитоблар билан ўрганиш ва ўргатишни амаллаб туришибди. 2018 йилдан бери ногиронлар учун ўқишга киришда қўлланаётган икки фоизли квота имконияти чекланган талабалар сони ортишига ҳисса қўшди. Бу эса улар билан ишловчи алоҳида бўлимни тақозо этади. Афсус­ки, айни дамда республикада қанча ногирон талаба борлиги ҳақида аниқ ҳисобот юритилмайди. Айнан шу бўлимгина статистик маълумотларни тўплаш билан шуғулланиши, мазкур тоифадаги талабаларнинг муаммолари ечими йўлида олий ўқув даргоҳларини ногиронлар жамиятлари билан боғлаб туриши мумкин. Имконияти чекланган талабалар билан ишловчи бўлимлар халқаро тажрибада кўп учрайди, – дейди ЎзМУ доценти, Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси раисининг стратегик масалалар бўйича ўринбосари Абдулла Абдухалилов.

Бундай инсонлар «муаммо» эмас, балки «жамиятнинг тўлақонли аъзоси» бўлиши учун нима қилиш зарур? Инсонни ногиронлик ёки касаллик эмас, балки муҳит ва жамиятнинг муносабати ожиз қолдиради аслида. Биз шуни чуқурроқ англаб етишимиз керак бўлаяпти. Юқорида санаб ўтилган қонун нормаларининг неча фоизи амалда ишлаши эса алоҳида мавзу. Бу ҳақда газетамизнинг кейинги сонларида тўхталиб ўтамиз.