“Хотинингни бегона эркак билан кўрдим…”

16:13 - 23.08.2022

24

Оиладаги нотинчлик аввало эр-хотин ўртасидаги ишончга ва болалар тарбиясига салбий таъсир ўтказмоқда. Афсуски, оилавий жанжалларга баъзан учинчи шахсларнинг аралашуви ҳамда атрофдагиларнинг ғийбатлари ҳам сабаб бўлмоқда.

…Йилнинг энг гўзал фаслларидан бири баҳорнинг март ойида Дилшод билан Нигинанинг тўйи бўлиб ўтади. Аввалига уларга қараган кишининг ҳаваси келар эди. Нигина ҳомиладор бўлганини эшитган Дилшоднинг боши осмонда эди. Энди у оиласи ва фарзанди учун маоши дурустроқ иш излайди. Жўраларидан бири Россияга бирга бориб ишлаб келишни таклиф этади. Дилшод ота-онаси ва Нигина билан маслаҳатлашиб, рози бўлади.

Орадан ойлар ўтиб, Дилшод Эргашев аёлининг туғруқхонадан чиқишига Россиядан етиб келади. Бир неча ой оиласи билан вақтни ўтказиб, ишини давом эттириш учун яна қайтиб кетади.

Кунларнинг бирида Дилшоднинг катта акаси унга қўнғироқ қилиб, қариндоши Муҳиддин билан учрашганини айтади. Ака суҳбати давомида укасига аёли Нигина Эргашеванинг Когон шаҳридаги кўп қаватли уйларнинг биридан бегона йигит билан бирга чиқиб кетаётгани тасвирланган видеоёзувни унинг телефонига ташлаб берганини маълум қилади.

Гўшак ортидаги уканинг кўз олди қоронғилашди, ўз оиласининг келажаги учун қилган барча ширин орзулари ва ҳаракатлари гўё сониялар ичида вайрон бўлиб кетаётгандай эди.

– Ака, ҳазиллашмаяпсизми? Муҳиддин адашгандир. Ўхшаш одамлар кўп-ку. Ишонмайман…

– Дилшод, видеотасвир бўлмаганда ўзим ҳам ишонмас эдим. Ота-онамизга ҳам жаҳл устида айтиб қўйдим.

– Бекор қилибсиз, ака. Ўзим борганимда ҳал қилардик.

– Сабр қилолмадим, ука. Оиламиз учун бу шармандаликни кўтариш оғир. Тушунгин…

Бу хабарлардан сўнг Дилшод уйига қайтиб келади. Келганида аёли ва фарзанди қайнонасиникига кетиб бўлишганди. Шу кундан бошлаб Дилшод ичкиликка ружу қўяди. Ичидаги дардини ароқ шишаси билан баҳам кўра бошлайди.

Бир неча кун ўтиб, у маст ҳолатда аёли билан ўтган ишларни сарҳисоб қилиш мақсадида кеч соат 19.30 ларда қайнонасиникига боради.

Дарвозани тақиллатади. Бир неча сониядан сўнг дарвозадан Нигинанинг ўзи чиқиб келади. Эрининг мастлигини кўриб жаҳли чиқади.

– Нимага келдингиз? Сиз Россиядан келгунингизча акангиз менга туҳмат қилиб, бизнинг тақдиримизни ҳал қилиб бўлди-ку. Ёш болам билан уйингиздан ҳайдадилар. Энди сиз билан судда кўришамиз. Нима ишингиз бор менда?

– Ичкарига кирайлик. Қўшниларинг эшитади.

Нигина эрини ошхона томонга бошлайди. Эр-хотиннинг суҳбати жанжалга айланиб, эр аёлини уради. Жанжал вақтида Нигина Дилшоднинг қорнига бир марта пичоқ тиқиб олади. У эрининг қорнидан оқаётган қонни кўриб, бор овози билан қўни-қўшниларини ёрдамга чақиради. Шу орада Дилшод кўп қон йўқотгани туфайли ҳушидан кетиб йиқилади.

Кўп ўтмай воқеа жойига «тез ёрдам» ва милиция ходимлари етиб келади.

«Тез ёрдам» машинаси билан Дилшод Эргашевни туман касалхонасиги олиб кетишади. Тиббиёт ходимларининг ўз вақтида кўрсатган малакали ёрдами туфайли Дилшоднинг ҳаёти сақлаб қолинади.

Мазкур жиноят иши судга оширилади. Судда сўроқ қилинган Н.Эргашева айбига тўлиқ иқрор бўлади. У турмуш ўртоғининг Россиядан келиб уни асоссиз равишда хиёнатда айблаб, тез-тез спиртли ичимлик ичаётганидан хабардорлигини айтади.

Судда жабрланувчи Дилшод Эргашев турмуш ўртоғи Нигина Эргашевага нисбатан даъвоси йўқлигини маълум қилди. Юқорида бўлиб ўтган воқеаларга сабабчи бўлган учинчи одам, яъни Д.Эргашевнинг акаси Ҳаёт Эргашев ҳам судда укасининг Россияда ишлаб юрган вақтида қариндоши Муҳиддин унга қўнғироқ қилиб, учрашиб олишлари зарурлигини айтгани ва унга укасининг турмуш ўртоғи Нигинанинг бегона йигит билан кўп қаватли уйдан бирга чиққани акс этган видеоёзувни ташлаб берганини айтиб берди. Ниҳоят, 2022 йил 25 май куни жиноят ишлари бўйича Пешкў тумани суди томонидан Нигина Эргашева айбдор деб топилиб, унга беш йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.