Давлат тиббий суғуртаси: қанча бадал тўлаймиз?

15:50 - 23.08.2022

14

Ер юзида футбол юлдузи Лионел Мессини танимайдиган одам бўлмаса керак. Унинг 12 ёшда жуда оғир бир дард билан тўқнашганини мухлислари яхши билишади. Ачинарлиси, саломатлигини кафолатлашга Мессининг тиббий суғуртаси етарли эмас, бола камида 4 йиллик мураккаб ва ўта қимматбаҳо тиббий муолажаларни олиши керак эди. Ота-онаси турли футбол клубларига бош уриб даволаниш харажатларини қоплаб беришни сўрашди. Лекин Аргентинанинг бирор клубида на жасорат, на қиммат тиббий суғуртани бўйнига оладиган даражада маблағ топилди. Футболчининг оиласи ота-боболари юрти — Каталониядан мадад излашди. Натижада бўлажак юлдузнинг даволаниш харажатларини “Барселона” клуби ўз зиммасига олди ва ўта қиммат тиббий суғурта имзоланди.

Ўша пайтдаги бу харажатлар келажакда бир неча баробарига кўпайиб клубга фойда келтирибгина қолмай миллионлаб мухлислар қалбини забт этган ёрқин футболчини ҳам дунёга ҳадя қилди. 

Дарҳақиқат, суғурта, айниқса, тиббий суғуртанинг аҳамияти, мазкур ижтимоий хизмат инсон учун нақадар зарурлигига доир кўп­лаб мисоллар келтириш мумкин. Юртимизда ҳам суғурта соҳаси ривожланяпти, айниқса, узоқ йиллар кўпчиликка нотаниш бўлган тиббий суғурта хизмати шахсан давлатимиз раҳбари ташаббуси билан халқимиз ҳаётига босқичма-босқич жорий этилмоқда.

Савол туғилади: Ўзбекистон танлаган тиббий суғурта механизмлари қай тартибда ишлайди? Аҳоли мазкур ижтимоий хизматдан фойдаланиши учун муайян маблағ тўлаши керакми? Йўлга қўйилаётган хизмат ҳамма учунми ёки ундан маълум тоифа кишиларгина фойдаланадими? Шу ва бошқа саволлар билан Давлат тиббий суғурта жамғармаси мутасаддиларига мурожаат этдик.

— Келгуси беш йилда юртимиз аҳолисини сифатли ва малакали тиббий хизмат билан таъминлаш Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг энг муҳим йўналиши сифатида белгиланган, — дейди Давлат тиббий суғуртаси жамғармасининг ижро этувчи директори Фаррух Шарипов. — Фуқароларни давлат томонидан тиббий суғурталаш масаласи Президентимизнинг 2020 йил 12 ноябрда қабул қилинган “Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ўз аксини топди. Унга кўра, Давлат тиббий суғурта жамғармаси ташкил этилди. Бизнинг асосий вазифамиз давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этиш, бош­қариш ҳамда ушбу соҳада ягона давлат сиёсатини амалга оширишда идоралараро ҳамкорликни таъминлаш. Аҳолининг барча қатламларини давлат томонидан кафолатланган пакет доирасида сифатли ва зарур тиббий ёрдам билан таъминлаш мақсадида тиббий хизматлар стратегик хариди тизимини жорий этишда иштирок этамиз.

Юртимизда давлат тиббий суғуртаси механизмлари Сирдарё вилоятида тажриба – синов тарзида жорий этилди. Шу билан бирга, Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга тиббий хизматларни йўлга қўйиш мақсадида 14 та республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт маркази билан ҳам шартнома асосида ҳамкорликни йўлга қўйди. Кардиология, кардиохирургия, травматология ва ортопедия, акушерлик ва гинекология ҳамда офтальмология илмий-амалий тиббиёт марказлари шулар сирасидандир. Шунингдек, оғир беморларнинг пойтахтга келиб, вақт ва маблағ сарфлашининг олдини олиш мақсадида ҳудудлардаги 52 та муассаса билан ҳам шартномалар тузилди. Сирдарё вилоятида таж­риба тариқасида амалга оширилаётган давлат тиббий суғуртаси билан боғлиқ натижалар 2023 йилдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Сурхондарё, Самарқанд, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида жорий этилади. 2025 йилдан эса республикамизнинг барча ҳудуди қамраб олинади.

Давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этишдан асосий мақсад — касалликларнинг олдини олиш, эрта аниқлаш, тиббий ёрдам кўрсатишнинг бирламчи бўғинида малакали ва сифатли хизматлар кўрсатишни ташкил этиш, аҳолининг саломатлик даражаси, ўртача умр кўриш давомийлигини оширишдан иборат.

Ҳаммани қизиқтирган саволга ўтсак, мазкур хизмат учун даромадимиздан бадал тўлаб боришимиз керакми?

— Жорий қилинаётган тизимда тиббий суғурта учун аҳоли ўз даромадидан ажратма (бадал)лар тўлаши кўзда тутилмаган ҳамда ушбу тизим мажбурийлик характерига эга эмас, чунки мазкур хизмат давлат бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади, — дейди Давлат тиббий суғуртаси жамғармасининг ижро этувчи директори биринчи ўринбосари З.Эрматов — Ана шу жиҳатдан ҳам Давлат тиббий суғуртаси тизими деб номланди. Ушбу тизимнинг асосий мақсади мамлакатимиз аҳолисининг барча қатламини сифатли ва малакали тиббий ёрдам билан қамраб олишдир.

Янги тизимда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида оилавий шифокор ва унинг беш нафар ёрдамчи ҳамширасидан иборат “бригада”лар ташкил қилинади, ҳар бир “бригада” 3 минг нафаргача бўлган аҳолига хизмат кўрсатиши режалаштирилган. Давлат томонидан кафолатланган тиббий хизматлар ва дори воситалари пакети ишлаб чиқилади. Оилавий шифокорларнинг ваколати кенгайтирилиши, беморларга бепул даволанишга йўлланма тақдим этиш, бепул дори-дармон учун рецепт бериш уларнинг нуфузини оширишга қаратилган. 

Таъкидлаш жоизки, Президентимиз ташаббуси билан тиббий суғурта масаласига жиддий эътибор қаратилиб, малакали мутахассислар томонидан 2017 йилдаёқ давлатимиз раҳбари топшириқлари билан дунёда суғурта тизими яхши ривожланган давлатлар тажрибаси пухта ўрганилди. Жумладан, Исроил, Франция, Германия, Корея Республикаси, Япония каби давлатда ушбу тизимнинг қай тарзда йўлга қўйилгани ўрганилиб, мамлакатимиз учун ўзига мос ва ўзига хос йўл танланди. Бу — давлат томонидан кафолатланган тиббий суғурта тизими бўлиб, эътиборли жиҳати, ҳеч қайси мамлакатнинг суғурта тизимида харажатлар давлат томонидан тўлиғича қоплаб берилмайди.

Давлат тиббий суғуртаси жорий этилиши аҳолини тиббий тизимга эмас тиббий тизимни аҳолига яқинлаштиради. Мақсад — эзгу, ўтган давр мобайнида қандай натижаларга эришилгани эса янада муҳим.

— Тиббий суғурта тизими жорий этилиши аввалида Сирдарё вилояти аҳолисининг электрон реестри шакллантирилди, — дейди Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси матбуот хизмати раҳбари Сайёра Шоева. — Беморнинг касаллиги, қайси шифокор қабулида бўлгани, ташхис ва даволаниш ҳолати ҳақидаги маълумотлар электрон базага киритилди. Бу эса хасталикларни эрта аниқлаш ва олдини олиш, шифокорлар фаолиятини баҳолашда қўл келмоқда. Шу асосда поликлиникага мурожаат қилган ёки шифохонага борган шахсга индивидуал маслаҳат бериш, зарурат бўлса, назоратга олиш, консультация ва даволаш реабилитация жараёнига жалб қилиш амалиёти олиб бориляпти. Вилоятдаги ҳар бир тиббиёт муассасасида “тиббий бригада”лар шакл­лантирилиб, 852 мингдан ортиқ аҳоли хатловдан ўтказилди. Амбулатор карталар электрон шакл­га ўтказилмоқда. Бу бемор учун ҳам шифокор учун ҳам анча қулай. Негаки, бемор ҳақида электрон базага киритилган маълумотлар тезда топилади, олдинги ташрифлар ва текширувларнинг ёзувларини шифокор тўлиқ кўра олади ва бунинг учун бир неча дақиқа кифоя. Амбулатор картанинг қоғоз шаклида эса беморлар рўйхатга олиш, карталарни қидириб топишни кутишлари ва шифокор ҳам ёзувларни кўздан кечириши учун кўпроқ вақт сарфларди.

Давлат тиббий суғуртаси механизмлари доирасида сурункали касалликларга чалинган беморларга кўпроқ эътибор берила бошланди. Илгари улар рўйхатга олиниб, даволаниш буюрилган ва кузатувга олинган. Эндиликда беморларга дори воситаларининг бир қисми бепул берилмоқда. Гипертония, юрак ишемик касаллиги, қандли диабетнинг иккинчи тури, бронхиал астма, ўпканинг сурункали обструктив касаллигида беморларни амбулатор шароитда даволашда қабул қилинадиган дори воситалари Жамғарма билан шартнома тузган дорихоналар томонидан бепул берилади, харажатларни Давлат тиббий суғуртаси қоплайди.

Шу ўринда яна бир янгилик. Яқин-яқингача эҳтиёжманд беморларнинг республика тиббиёт марказларида даволаниши учун қоғоз шаклидаги “ордер” тизимидан фойдаланилганидан хабарингиз бор. Бундай имтиёзлар кўп ҳолларда таниш-билишчилик асосида берилар, “ордер” учун маб­лағлар республика тиббиёт марказларига бемор келса-келмаса, ҳар йили ўтказиб келинарди. Оқибатда ҳақиқий эҳтиёжи бор одамлар йиллаб навбатда туришарди. Энди бундай амалиётдан тўлиқ воз кечилди. Президентимизнинг тегишли қарорига мувофиқ, очиқ ва шаффоф тизимга ўтилди. Натижада ўтган йилнинг 1 октябридан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан имтиёзли тоифага кирувчи шахсларни электрон ахборот тармоғи орқали ҳисобга олиш ва навбат асосида даволанишга йўллаш тизимига 14 та тиббиёт муассасаси ўтказилди.

— Бу жараёнда касалликнинг оғирлик даражасига кўра ахборот тизими орқали навбатда туришнинг шаффоф механизмлари амалиётга татбиқ қилинди, — дейди Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ижро этувчи директори Фаррух Шарипов. — Шу тариқа беморларга ўзининг сўрови, мурожаати ҳамда навбати ҳақидаги ахборотни олиш имкони яратилди. Айни вақтда эса беморларга уларнинг касаллигига мувофиқ ихтисослаштирилган муассасаларда даволанишни таъминлайдиган автоматик йўлланмалар берилмоқда. Бемор давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотида тиббий хизматлардан фойдаланишни ўзи ихтиёрий танлай олади.

Жамғарма билан шартнома тузган тиббиёт муассасасида муолажалар амалга оширилгач, кўрсатилган тиббий хизматларни асословчи ҳужжатларга кўра ушбу шифо масканига базавий нархлар доирасида сарфланган маблағ бюджет ҳисобидан тўлиқ тўлаб берилади. Яъни бемор бир сўм пул тўламайди.

Ҳудудларда юқори технологик жарроҳлик амалиёти ўтказишда Давлат тиббий суғуртаси жамғармасининг кўмагидан фойдаланиш оммалашмоқда. Хусусан, Респуб­лика ихтисослаштирилган кўз микрохиргияси илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиалида ҳам қисқа фурсатда 40 дан ортиқ жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Катарактанинг оғир турлари, глаукома, тўр парда касаллиги, қандли диабетнинг асоратлари кабилардир.

— Жарроҳлик амалиётидан чиқдим, – дейди 64 яшар бемор Сайёра Норқулов. – Ўзимни анча яхши ҳис қилаяпман. Давлат тиббий суғуртасидан ва давлатимиздан миннатдорман. Бир сўм пул тўламасдан кўзларимга нур қайтди, бундан қувонмай бўладими?   Айтиш керакки, янги тизим аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва кўламининг янада ошишига ёрдам берибгина қолмай касалликларнинг олдини олиш ва эрта аниқлаш, аҳолининг ўртача умр кўриш даражасини узайтириш имконини беради. Бу билан тиббий хизмат кўрсатишда соғлом рақобат муҳити яратилади. Давлат тиббиёт суғуртаси кимга, қайси врач қабулига кирсам экан, ёзиб берилган дориларни қаердан топсам бўлади, харажати-чи, деган саволларга ўрин қолдирмайди.