Чироғингиз нега ўчди?

16:08 - 23.08.2022

7

Файзулла Тоҳиров тун ярмида телефонининг кетма-кет жиринглашидан уйғониб кетди. Қараса, ўғли экан. Кўнгли алланечук бўлиб, дарҳол керакли тугмани босди.

– Алло, ҳа, ўғлим, нима гап?

– Ота, ҳовлидамисиз?

– Йўқ, домдаман. Тинчликми?

– Боя қараганимда ҳовлингиздаги ташқари чироқ ёқувли турганди, энди ўчибди. Шунга сиз келдингизми дебман…

Файзулла Тоҳиров пенсияга чиққач, турмуш ўртоғи билан Муборак тумани марказидаги уйи­да яшаётган эди. Шу ердан унча узоқ бўлмаган жойда эса ҳовлиси ҳам бор. Ҳозир ҳеч ким яшамайди, қулфланган турибди. Ён ҳовлида эса ўғли оиласи билан яшайди. У ярим тунда телефон қилаяптими, безовталанишига асос бор.

Шуни ўйлаган Файзулла Тоҳиров дарҳол уйдан чиқиб, беш-олти дақиқа ичида ҳовлига етиб борди. Дарвоза ёнида ўғли билан келини турарди. Улар ичкарида кимдир чироқни ўчирганини пайқаб қолган, аммо дарвоза қулф бўлгани учун унга телефон қилишган экан.

Биргалашиб ҳовлига кириб, атрофни кузата бошлашди. Уйнинг орқа деразаси очиқ экан. Файзулла Тоҳиров ўғлини дераза ёнида қолдириб, ўзи уй ичига отилди. Нарсаларнинг сочилиб ётганига қараганда, уйга кимдир киргани аниқ эди.

У уй ичини кўздан кечираётиб, ўртада турган хонтахта тагига ҳам эгилиб қаради. У ерда эса икки букилганча бир йигит ўтирарди.

– Ушланглар, ўғри!..

Отанинг чақириғидан ўғил ва келин ҳам хонага югуриб кирди. Биргалашиб хонтахта тагидаги йигитни чиқариб олишди. У қўшни маҳаллада яшовчи Насим Аҳмадов экан.

Насим Аҳмадов 1993 йилда туғилган. Оилали, битта фарзанди бор. Ҳали 30 ёшга ҳам тўлмаган бу йигит шу вақтга қадар уч марта жиноят қилиб, суд белгилаган жазоларни ўтаган ва айни пайтда Муборак туманининг Геолог маҳалласида яшаб келаётган эди.

Насимни орқаваротдан таниган Файзулла Тоҳиров дарҳол профилактика инспекторига телефон қилиб, воқеа ҳақида хабар берди. Кўп ўтмай ИИБ ходимлари етиб келиб, ўғрини олиб кетишди.

Қизиқ томони, бунга қадар ҳам туманнинг Истиқлол маҳалласида яшовчи Отабек Чориевнинг уйидан 72 миллион сўмдан ортиқ, Қурувчилар маҳалласида яшовчи Тамара Зиямиддинованинг уйидан эса 10 миллион сўмдан ортиқ пул ва тилла буюмлар ўғирлаб кетилган эди.

Тергов ва суриштирув давомида ушбу ўғирликларни ҳам Насим Аҳмадов қилгани аниқланиб, бу икки ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар ҳам унинг йиғмажилдига қўшилди.

Қизиқ жиҳати эса жиноят ишлари бўйича Муборак тумани судида Насим Аҳмадов аввалги икки ўғирликни бутунлай инкор қилди. Бу айбловларни тергов давомида ИИБ ходимлари унга зуғум қилиб, қўрқитиб бўйнига қўйганини таъкидлаб, суддан адолатли қарор чиқаришни сўради.

Шундан сўнг суд яна гувоҳларга юзланди.

– Уйимга ўғри тушган куни шкафдаги ҳамма нарсалар хона ичида сочилиб ётганди, – деди жабрланувчилардан бири Тамара Зиямиддинова. – Кўзим тилла тақинчоқларим турадиган оқ картон қутига тушди. У ҳам бўм-бўш, бир четда ётганди. Шошилинчда қутини олиб чўнтагимга солиб қўйган эканман. ИИБ ходимлари келишганда шкафдан тилла тақинчоқларимни олиб кетишганини айтдим, оқ картон қути эса хаёлимга ҳам келмаганди. Орадан бир қанча вақт ўтиб, ИИБ ходимлари Насим Аҳмадовни гумонланувчи сифатида ушлаб, олиб келишди. У ўғирликни қандай содир этганини кўрсатиб берди. Шкаф ичида оқ картон қути бўлгани, ундан эса тилла тақинчоқларни топганини айтди. Агар ўғирликни у қилмаган экан, оқ картон қути ҳақида қаердан билган?! Ахир тақинчоқларимни шу қутида сақлаганимни ИИБ ходимлари ҳам билмасди-ку?..

Яна бир жабрланувчи Отабек Чориев ҳам шунга ўхшаш кўрсатма берди. Айтишича, ИИБ ходимлари Насим Аҳмадовни гумонланувчи сифатида олиб келгач, дарвоза ёнига қўйган ва ўғирликни қандай содир этганини кўрсатишини сўраган. У эса тўппа-тўғри меҳмонхонага кириб бориб, пул ва тақинчоқларни тўрдаги сейфдан олганини айтган. Ҳатто сейф калитини қаердан топгани ва яна қаерга қўйганигача аниқ кўрсатиб берган. Бу пайтда ИИБ ходимлари унинг ортидан юриб, айтганларини қоғозга тушириб турган.

– Хўш, ўғирликни Насим Аҳмадов қилмаган бўлса, қандай қилиб биринчи келаётган хонадонида сейф қайси хонада тургани, ҳатто калит бекитиб қўйиладиган жойга қадар аниқ кўрсатиб бера олди? – савол ташлади у.

Насим Аҳмадов эса бу саволларнинг бирортасига ҳам ишонарли жавоб қайтара олмади. Бу ушбу ўғирликларни ҳам у содир этгани аниқлигини англатиб турарди. Суд шунга кўра, Насим Аҳмадовни айбдор деб топди ва унга нисбатан 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.