Болалар бахтли яшаши керак

15:39 - 23.08.2022

4

Бухоро вилояти прокуратураси органлари томонидан ҳам болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

2022 йилнинг 1-ярмида ўтказилган 111 та назорат тадбирида қонунга зид равишда қабул қилинган қарор ва буйруқларга нисбатан 234 та протест келтирилиб, аниқланган қонунбузилишлар бўйича корхона, ташкилот ва муассасаларга 75 та тақдимнома киритилди. 247 нафар фуқаро ва мансабдорнинг интизомий ҳамда маъмурий жавобгарлик масаласи ҳал қилинди.

Етказилган 114 млн. 92 минг сўмлик зарар ихтиёрий равишда қопланди, 8 та жиноят иши қўзғатилди ҳамда 212 кишининг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Шунингдек, келиб тушган мурожаатларнинг 71 таси бевосита маҳкамада кўриб чиқилиб, 16 таси қаноатлантирилди. Масалан, фуқаро О.Шариповнинг «Бибижон» нодавлат мактабгача таълим ташкилотига Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси лицензия бермаётганидан норози бўлиб қилган мурожаати бўйича боғча таълим стандарти асосида жиҳозланиб, лицензия берилиши таъминланди. 2022 йилда мактабгача таълим муассасаларига 114 481 нафар бола жалб қилиниб, қамров даражаси 77,1 фоизга етказилди.

Иморатлар ичида энг муҳташами мактаб бўлиши шарт. Бугунги кунда вилоят халқ таълими тизимида 564 та таълим муассасаси бўлиб, шундан 320 315 ўринли 538 та давлат мактабида 321 919 нафар ўқувчи таълим-тарбия олаяпти.

Болаларнинг уй ва мулкий ҳуқуқлари бузилишига зудлик билан муносабат билдириш, бузилган ҳуқуқларни прокурор назорати ҳужжатларини қўллаш орқали тиклаш борасида ҳам қатор ишлар қилинди. Хусусан, март-апрель ойларида вилоятдаги 9 та оилавий болалар уйидаги 53 нафар боланинг яшаш шароити ўрганилди. Натижада қаровсиз болалар аниқланиб, уларнинг 8 нафарига васий ва 61 нафарига ҳомий тайинланди.

Назорат тадбирларида 8 та протест келтирилди, 14 та тақдимнома киритилди, 2 нафар масъул шахсга нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилди ва судларга 2 та даъво аризаси киритилиб, 69 кишининг ҳуқуқлари тикланиши таъминланди.

Ўрганишлар натижасига кўра ноқонуний буйруқларни қонунга мослаштириш ҳақида 2 та протест келтирилди, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва алимент ундириш ҳақида фуқаролик судларига 2 та даъво аризаси киритилди, 2 нафар мансабдорга нисбатан маъмурий жавобгарликка доир иш қўзғатилди ҳамда қонун бузилиши, унинг сабабларини бартараф этиш тўғрисида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи номига тақдимнома киритилди.

Ҳеч ким онадан жиноятчи бўлиб туғилмайди. Унинг жиноятга қўл уришига атрофдагилар, оилавий муҳит, ота-онасининг ўзаро муносабатларидаги номутаносибликлар, иқтисодий етишмовчилик сабаб бўлиши мумкин.

Болалар билиб–билмай жиноят кўчасига кириб қолишининг олдини олиш мақсадида биринчи навбатда уларнинг қизиқишлари, орзулари инобатга олиниб таълим масканларида турли тўгараклар, марказлар ташкил этилмоқда.

Бу даврда профилактик тадбирлар кучайтирилгани натижасида болалар содир этган жиноятлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан битта камайган.

Мактабгача таълим тизими ходимларининг меҳнат ҳуқуқи, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, шартномалар ва мурожаатлар билан ишлаш бўйича билимларини ошириш мақсадида 1 июль куни Бухоро вилояти Ёшлар маркази биносида давра суҳбати ўтказилди. Унда Мактабгача таълим вазирлиги, вилоят прокуратураси, мактабгача таълим бошқармаси, туман ва шаҳар мактабгача таълим бўлимлари ва боғчаларнинг ходимлари, журналистлар қатнашди.

Ҳар бир бола бахтли яшашга ҳақли. Ҳар бир боланинг ҳуқуқлари қонун ҳимоясида. Бу йўналишда прокуратура органлари зиммасига юклатилган вазифалар ижроси тўлиқ таъминланади.