Алаҳсираган куёв

16:11 - 23.08.2022

6

Достон Чориев билан Гулжамол Чориеванинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) турмуш қурганига икки йил бўлаяпти. Бир ўғли бор. Сиртдан қараганда тўкис кўринган оилада кейинги пайтлар жанжал кўпайган. Ўша куни ҳам одатдагидай ишдан қайтган Достон кечқурун оиласи билан бирга овқатланди. Гулжамол ўғлини олиб ухлатиш учун ётоқхонага кириб кетди. Онаси билан бироз гаплашиб ўтирган Достон ҳам кўп ўтмай ётоқхонага кириб ухлади.

Бир пайт Достон уйқусида қўрқиб, уйғониб кетди. Унинг шовқинидан хотини ва боласи ҳам уйғонди. Эри ўғлини ҳам уйғотиб юборгани Гулжамолга ёқмади, эри билан бақир-чақир қилиб уришиб қолди. Жаҳли чиққан Достон хотинини бир шапалоқ урди. Жанжалдан бола ҳам йиғлай бошлади. Шу пайт Достон хонада турган пичоқни олиб хотинининг бўйнига тираб, «ўлдираман!» деб дағдаға қилди.

Шовқиндан онаси келиб эшикни тақиллатди:

– Эшикни очинглар, нима бўлаяпти? – деб бақирди. Достон эшикни очиб ташқарига чиқди. Қайнонаси Гулжамолдан болани олиб овутишга уринди. Бироздан сўнг келин боласини олиб, ётоқхонага кириб эшикни қулфлаб олди.

Кейин вақт алламаҳал бўлишига қарамай онасига қўнғироқ қилиб, бўлган гапларни айтиб берди. Гулжамолнинг онаси қизидан хавотир олди, аммо унга насиҳат қилиб овутмади. Аксинча, ўзи жаҳлини босолмади, ўғли Ботир Тешаевга синглисини куёви урганини, бирга бориб вазиятни билиб келишни айтди.

Ботир онасига «Сиз борманг, мен ўзим ўртоғим билан бориб келаман» деб кўчага чиқди.

Изма-из кўчага чиққан Гулнора Тешаева овсинининг ўғли Хуршид Тешаевни кўриб қолди. Унга ҳам воқеани айтиб, қизиникига бирга бориб келишни сўради. Хуллас, бир тўда бўлиб келишди. Аёл қудасиникига келгач, нима гаплигини сўради. Қайнонаси Гулжамолнинг гап қайтаришини, боласини бермаслигини айтиб нолиди. Албатта, бу гап қизининг тарафини олиб келган аёлга ёқмади. Аста-секин овозлар кўтарилиб, бақир-чақир, ҳақоратлар бошланди. Достоннинг қайнонаси билан гап талашаётганини кўрган Хуршиднинг жаҳли чиқиб кетиб, куёвнинг юзига бир мушт урди. Достон тутақиб кетди. Дераза токчасида турган пичоқни олиб:

— Ҳаммангни ўлдираман, — деб бақириб, қайнонасига ташланди. Аёл жароҳатланиб, ўтириб қолди. Тўс-тўполонда Ботир ҳам пичоқ еди. Бироздан кейин жароҳатланганларни «тез ёрдам» машинасида шифохонага олиб кетишди. Аммо Ботир шифохонада вафот этди. Судда Достон айбига қисман иқрор бўлиб, қайнонаси ва қайнакасини ўлдириш нияти бўлмаганини, фақат қўрқитиб қўймоқчи бўлганини, қилмишидан пушаймонлигини билдириб, қонуний енгиллик сўради. Суд ҳукми билан Достон Чориев 17 йилга озодликдан маҳрум қилинди.