Тўрт кун иш, уч кун дам

14:02 - 11.08.2022

13

Яқинда Ўзбекистонда тўрт кунлик иш ҳафтасига ўтиш бўйича бир таклиф ўртага ташланди. Таклиф кимга ҳам ёқмади дейсиз. Зотан, тўрт кун ишлаб, ҳафтанинг қолган кунларини оилага, дам олиш ва саломатликни мустаҳкамлашга сарфлашга не етсин?! Аммо мутахассисларнинг бу борадаги фикрлари бироз бошқача, яъни мамлакатда ҳафтада тўрт кун ишлаб, қолган кунларда ёппасига дам олиш айрим салбий жиҳатларни келтириб чиқаришини ҳам унутмаслик жоиз. Хўш, бу таклифни юртимизда жорий этишнинг имконияти қандай?

Шу савол билан мутахассисларга мурожаат қилиб, мазкур амалиётнинг ижобий ва салбий жиҳатларини таҳлил этиш, бу борадаги имкониятимиз хусусида сўрадик. Мавзуни Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва мак­роиқтисодий тадқиқотлар инс­титути ходими, айни мавзудаги тадқиқот гуруҳи раҳбари Муҳаббат Аҳмедованинг фикрлари билан давом эттирамиз.

Тўлиқсиз ва мослашувчан иш жадвали

– Бугунги кунда миллий иқтисодиётни ҳаракатлантирувчи энг муҳим омиллардан бири меҳнат ва ҳаётий қадриятларни муваффақиятли равишда уйғунлаштиришдир, – дейди М.Аҳмедова. – Йигирманчи асрда таниқли иқтисодчи Жон Мейранд Кейнс келажакда автоматлаштириш, янги технологияларга ўтиш ва меҳнат унумдорлигини ошириш орқали одамлар ҳафтасига атиги 15 соат ишлайди деб башорат қилган эди.

Европа давлатлари дунёда иш вақтини қисқартириш бўйича етакчи ҳисобланади. Маълумотларга кўра Европада ўртача иш ҳафтаси 37 соатга тенг. Энг қисқа иш ҳафтаси Норвегия (33,5), Дания (32,5) ва Нидерландия (29,4) каби мамлакатларда кузатилади. Бугунги кунда дунёда ўртача иш ҳафтаси – 40 соат. Бироқ сўнгги ўн йилда дунё бўйлаб ходимлар учун тўлиқсиз иш куни ва мослашувчан иш жадвалини жорий этиш тобора оммалашмоқда. Банд­ликнинг ушбу усулидан айниқса коронавирус пандемияси даврида кенг фойдаланилди.

Шунингдек, аҳолиси дунёнинг қолган қисмига қараганда кўпроқ ишлайдиган мамлакатлар ҳам йўқ эмас. Колумбия (ҳафтасига 47,6 соат), Туркия (46,4), Мексика (44,9) ва Коста-Рика (43,6) шундай давлатлар сирасига киради. Тадқиқотлар иш кунининг ҳозирги саккиз соат ва ундан ортиқ меъёри ишлайдиган одамнинг нафақат соғлиғи, балки меҳнат унумдорлигига ҳам таъсир қилишини кўрсатди. Масалан, қўшимча иш вақти сезиларли даражада юқори бўлган Японияда иш жойи­да ҳаётдан кўз юмиш анча кенг тарқалган.

Вақт қисқарди, унумдорлик ўша-ўша

Иш кунини қисқартириш ғояси ХХI аср бошидан бери кўплаб мамлакатларда муҳокама қилинмоқда ва синовдан ўтказилаяпти. 2016 йилда Исландияда бир неча компанияда иш ҳафтаси тўрт-беш соатга қисқарди – бироқ унумдорлик бир хил даражада сақланиб қолди. Бундан ташқари, ходимларнинг ишдан қониқиш даражаси ошди, соғлиғи сабабли меҳнатга лаёқатсиз кунлари камайди ва умумий фаровонлик даражаси ўсди.

2018 йилда «Перпетуал-Гуардиан» компанияси (Янги Зеландия) биринчилардан бўлиб таж­риба ўтказди ва иш ҳақини тўлиқ сақлаб қолган ҳолда иш ҳафтасини тўрт кунгача қисқартирди. Ушбу тажриба Окленд технология университети олимлари томонидан назорат қилинди. Тадқиқот натижаси меҳнат унумдорлиги 20 фоизга ошгани, ходимларнинг стресс даражаси 45 фоиздан 38 фоизга камайгани, иш ва шахсий ҳаёт ўртасидаги мувозанат 54 фоиздан 78 фоизга яхшиланганини кўрсатди.

Швециянинг Гётеборг шаҳрида икки йилдан ортиқ вақт давомида бир нечта компания иш ҳақини камайтирмасдан, 6 соатлик иш кунини қўллади. Тажриба муваффақиятли ўтди ва шаҳарда 17 нафар ҳамшира учун қўшимча иш ўрни яратилди. Бу эса касаллик варақаси бўйича харажатларни қисқартириш ва меҳнат маданияти ҳақида глобал мунозарани қўзғатди, бироқ бу ёндашув­ни бутун шаҳарда қўллаш жуда қимматга тушди.

Самарадорлик юқори, аммо…

Бундай тажрибалар кўп мамлакатларда ўтказиб келинмоқда. Самарадорлик юқори бўлишига қарамасдан, аксарият давлатлар ва компаниялар тўрт кунлик иш ҳафтасига тўлиқ ўтишни рад этаяпти. Бунинг асосий сабаби катта харажатлардир. Чунки янги тизимга ўтиш даврида маошлар бир хил даражада қолиши талаб этилади.

Россиялик экспертларнинг фик­рича, Россияда тўрт кунлик иш ҳафтасига ўтиш ҳалокатли оқибатга олиб келиши мумкин. «Агар иш ҳақи ҳам бир вақтнинг ўзида пасаймаса, иш кучи 20 фоиз қимматлашади. Бу эса меҳнат бозорида ҳам, умуман иқтисодиётда ҳам кенг кўламдаги ҳалокатли оқибатга олиб келиши мумкин. Айниқса ишсизлик даражаси ошади. Агар иш ҳақи камайса, бу аҳолининг қашшоқлашишига, турмуш даражаси ва ялпи ички маҳсулотнинг кескин камайи­шига олиб келади. Иш кунларини қисқартириш ташаббуси бошоғриқ ва ҳақиқатга умуман тўғри келмайдиган ғоя», – дейди жаҳон иқтисодиёти бўйи­ча энг йирик мутахассислардан россиялик профессор Ростислав Капелюшников. 

Институтимиз экспертлари дун­ёнинг турли мамлакатларида бир ишчига тўғри келадиган ўртача йиллик иш вақти ва бир соатлик иш вақтига тўғри келадиган ЯИМ ўртасидаги боғлиқликни аниқлаш учун таҳлил ўтказди. Маълумотлар базасига одамлар ҳафтасига 32 соатдан ортиқ ишламайдиган ва 40 соатдан ортиқ ишлайдиган давлатлар (Колумбия, Туркия, Мексика) киритилди. Таҳлил шуни кўрсатдики, бир соатлик иш вақтига тўғри келадиган ЯИМ ҳамда ҳафталик иш соатлари (0,027) ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик йўқ. Ушбу кўрсаткичлар одамлар ҳафтасига 35 соат ёки ундан кам ишлайдиган мамлакатларда ҳам, ҳафтасига 40 соат ёки ундан кўпроқ ишлайдиган мамлакатларда ҳам ўзаро боғлиқ эмас.

Шундай қилиб, иш ҳафтасининг давомийлиги меҳнат унумдорлигига сезиларли таъсир қилмайди. Ўз навбатида меҳнат унумдорлигини ошириш бошқа кўплаб омиллар (бажарилган иш сифати, ходимларнинг малакаси, руҳий ҳолати ва бошқалар) комбинация­сига боғлиқ.

Биз ҳам тўрт кун ишласак…

Ўзбекистонликлар ҳам Европа давлатлари аҳолиси каби ҳафтасига тўрт кун ишлаши мумкинми? Бунинг оқибати қандай бўлади?

Ушбу масалани илмий нуқтаи назардан кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ. Бунинг учун аввало иш ҳафтасининг қисқариши меҳнат унумдорлигига қандай таъсир этиши мумкинлигини таҳлил қилиш зарур. Бунинг учун институтимиз мутахассислари республика бўйича меҳнат унумдорлиги ва бир соатлик иш вақтидаги меҳнат унумдорлигини ҳисоблаб чиқди. Натижада меҳнат унумдорлиги ва иш соати ўртасида боғлиқлик борлиги аниқланди. Демак, Ўзбекистон шароитида тўрт кунлик иш ҳафтасига ўтиш бўйича жаҳон амалиётини иқтисодиётнинг барча тармоқларида қўллаш мақсадга мувофиқ эмас. Бунинг асосий сабаби ишлаб чиқаришнинг тўлиқ автоматлаштирилмагани деб ҳисоблаймиз.

Шунга қарамай, институт мутахассислари тўрт кунлик иш ҳафтаси қўлланиши мумкин бўлган соҳаларни аниқлашга ҳаракат қилди. Бу номоддий ишлаб чиқариш соҳалари, яъни ахборот технологиялари соҳаси, банклар, таълим, соғлиқни сақлаш, шунинг­дек, илм билан боғлиқ соҳалардир. Шу билан бирга, айтиш жоизки, АT соҳасидаги ходимларнинг аксарияти анча мослашувчан иш тартибига эга. Банкларнинг тўрт кунлик иш ҳафтасига ўтиши молиявий операцияларни секинлаштириши мумкин. Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ иши ҳиссий, ақлий, асабий тарангликни кучайтириш билан боғлиқ бўлган тиббиёт ходимлари ва ўқитувчилар учун иш вақти ҳафтасига 36 соатдан кўп бўлмаган миқдорда белгиланган (Меҳнат кодексининг 118-моддаси). Бироқ таҳлил натижасига кўра таълим, соғлиқни сақлаш, АT соҳаси, илмий фаолият ва молия тизимида иш соати ва меҳнат унумдорлиги ўртасида корреляцион боғлиқлик йўқ. Бу эса ушбу соҳаларда иш вақтини қисқартириш имконияти борлигидан далолат беради.

Умид қилса бўладими?

Ҳисоб-китобларимиз шуни кўрсатадики, меҳнат унумдорлигини ошириш ва ходимларнинг меҳнат ва дам олиш вақтини уйғунлаштириш нуқтаи назаридан иш ҳафтасини қисқартириш учун юртимизда шароит мавжуд. Буни тўрт кунлик иш ҳафтасига ўтиш, ходимларни қўшимча «ўзгарувчан» дам олиш куни билан таъминлаш, иш вақтини қисқартириш каби бир нечта усулда амалга ошириш мумкин.

Мослашувчан иш жадвалига ўтиш ва иш ҳафтасини қисқартириш бир қатор имтиёзларни шакллантиришга ёрдам беради. Бу эса умумий иш самарадорлигига таъсир қилади ва ижтимоий-иқтисодий муҳитни яхшилайди. Аввало ходимларнинг соғлиғи яхшиланади, қўшимча дам олиш куни ходимларга яхши дам олиш ва иш учун куч тўплаш имконини беради. Қолаверса, аҳолининг, хусусан, аёлларнинг меҳнат бозоридаги фаоллигини ошириш орқали ишсизликка қарши курашнинг самарадорлиги таъминланади. Ходимларнинг иштиёқи кучаяди, муҳим вазифаларни тез ва сифатли бажаришда фикрини жамлай олади, иш вақтини йўқотиш қисқаради. Иш вақтини қисқартириш экология ва транспортга тушадиган юкламани, шунингдек, ёнилғи ва энергия сарфини камайтиради. Бу эса кўнгилочар ва маданият соҳасини ривожлантиришга туртки беради. Вақтни оила даврасида ўтказиш, севимли машғулот ва спорт билан шуғулланиш, маданий савиясини юксалтириш учун кенг имконият яратилади. Умуман олганда, хорижий амалиётни ўрганган ҳолда, шунингдек, ҳисоб-китобларга кўра институтимиз мутахассислари Ўзбекистон шароитида айрим соҳаларда тўрт кунлик иш ҳафтаси ўтиш имконияти мавжуд деб ҳисоблайди.