Сохта авиачипталар сотуви

14:29 - 11.08.2022

8

Инсон олдига қандай мақсад қўймасин унинг замирида яхшилик бўй кўрсатса, албатта олқиш олади, муваффақиятга эришади. Аммо ният тоза бўлмаса, амал ҳам шунга яраша бўлади.

Муҳаммадали Абдуллаев бошлаётган тадбиркорлигида осон пул топишни ўйлади. Шунинг учун одамларни алдашда унча қийналмади. У авиакасса хизматини очиб, авиачипта сотишни йўлга қўйган эди.

2021 йил 25 август куни Миршод ва Миржон Тоҳировларнинг ишончига кириб, «Asus» ноутбуги ёрдамида уларнинг номига дастлаб Самарқанд – Қозон йўналишида, кейинчалик Тошкент – Қозон йўналишида сохта электрон авиабилет ва ковид касаллиги бўйича текширув маълумотномаси тайёрлаб бериб, 8 млн. 350 минг сўм пулини қўлга киритди. Электрон билетларни ягона базадан рўйхатдан ўтказмади. Бели оғримай топган пулини ишлатди-ю, аммо оқибатини ўйламади. 1 сентябрь куни Қозон шаҳрига учиб кетиши керак бўлган йўловчилар аэропортга келиб чипталар сохталигини эшитиб ҳайрон қолишди.

 Тез орада Бухоро шаҳри Иброҳим Мўминов кўчасида жойлашган авиакасса танилиб қолди. 2021 йил 3 ноябрь куни фуқаро Нозим Қодиров мурожаат қилиб қолди.

– Укажон, бизга уч-тўртта билет керак эди.

– Уч-тўртта эмас, ўнта десангиз ҳам топиб берамиз, ака.

Мижоз Тошкент – Истанбул йўналишига тўрт киши учун 11 миллион 865 минг 733 сўмга чипта харид қилди. Муҳаммадали эса бу гал ҳам билетларни ягона базадан рўйхатдан ўтказмай пулини чўнтакка урди.

Алданган йўловчилар 2021 йил 17 ноябрь куни Тошкент халқаро аэропортидан ортга қайтишди. Чунки назоратчилар авиачипталар сохта эканлигини билдиришди.

Муҳаммадали Абдуллаев эса жиноятини давом эттириб, ўнлаб фуқароларнинг сарсон бўлишига сабабчи бўлди.

Фирибгарнинг қинғир иши фош этилди.  Суд М.Абдуллаевни айбдор деб топиб, унга нисбатан 2 йилу 3 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.