Симтўр ортида орган ходими…

14:27 - 11.08.2022

16

Маълумоти олий, оилали, тўрт боланинг отаси, ички ишлар ходими, жамоат тартибини сақлашга масъул бўлган киши жиноятга қўл урди. Ишонч поймол этилди, бурчга хиёнат қилинди.

Косонсой тумани ИИБ жамоат тартибини сақлаш гуруҳи вақтинча сақлаш ҳибсхонаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Ғолиб Ғайратов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) нафс қутқусига учди.

У майор унвонига эга эди. Энди эса маҳбус…

Ғ.Ғайратов хизмат мавқеидан фойдаланиб, 2021 йилнинг апрель ойида тергов ҳибсхонасида сақланаётган Жамшид Шомуродовнинг ишончига киради. Косонсой тумани судининг ихтиёрида бўлган судланувчига суд раиси билан жуда қадрдон эканлиги, унинг олдида ҳурмати борлиги, ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган шахсларнинг жазосини қандай енгиллаштириш мумкинлиги борасида суд раиси билан маслаҳатлашиб туришини айтади. Суд раисига пора берса, ахлоқ тузатиш ишларидан кўра енгилроқ жазо тайинланишини ваъда қилади.

Аслида бу ўринда алдов бўлиб, судланувчи шундоқ ҳам жиноят ишлари бўйича Косонсой тумани суди томонидан ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлангани сабабли суд залида қамоқдан озод этилган эди. ИИБ ходими эса бунинг эвазига 500 АҚШ доллари беришини, агар айтилган пулни бермаса, туман ИИБ пробация гуруҳи инспектори ёрдамида тайинланган ахлоқ тузатиш иши жазосини озодликдан маҳрум этиш жазосига алмаштиришини айтиб, босим ўтказади.

Пулни ўз вақтида бермагани оқибатида суд раиси билан муносабати бузилгани, раис ушбу пулни олиб, ўзи ишлатиб юборган деб ўйлаётганини айтишни ҳам унутмайди.

Шу тариқа фуқарони давлат органи мансабдор шахсига пора беришга ундайди.

Ушбу ҳолатда тўғри йўл тутган Ж.Шомуродов Косонсой тумани ИИБ жамоат тартибини сақлаш гуруҳи вақтинча сақлаш ҳибсхонаси бошлиғининг ноқонуний талаби юзасидан тегишли идорага ариза билан мурожаат қилди. Тезкор тадбирда Ғолиб Ғайратов кимё­вий ишлов берилган 500 долларни фирибгарлик билан қўлга киритган пайтида ушланди. Суд ҳукмига кўра унга 3 йил ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этган ҳолда 3 йилу 9 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.