Нега лаллаясан?!

14:31 - 11.08.2022

13

Ҳаётимизни мураккаблаштираётган ҳолатлар бор. Коррупция балоси шулардан бири. Кўпчилик бунда юқори идораларни, амалдорларни айбдор санайди. Бироқ ўз боласига нима деб насиҳат қилаётгани, фарзандларини юлғичликка ўргатаётгани, қандай ўрнак кўрсатаётганини ўйлаб ҳам кўрмайди. Ваҳоланки, берган тарбиямиз маҳсулини ўзимиз бир кунмас бир кун тотиб кўрамиз.

* * *

Катта бозор ичкарисида қатор турган банкоматларнинг олди гавжум. «Байрам яқин бўлганига ҳамма кўчиб чиққанми бозорга?! Қайси бирида навбат кам экан?» деганча Бекмурод кўзлари билан излай бошлади. Одам камроғига ўғлини навбатга қўйиб ўзи сояга ўтди. Навбат жуда тез келаётган бўлса-да, тоқати тугаб борарди.

Ўн етти яшар ўғли жуда лаллайган, ҳеч кўнглидагидек ўғил бўлмаяпти бу бола. Рассом бўламан деганига ўлайми? Рассомларда пул борми? Мундоқ мойлироқ касбни танласа бўлмайдими? Пул оқиб келиб турадиган, чўнтагинг­га ўзлари доллар ташлаб қўядиган соҳани танла деб роса уришди. Кошки насиҳат кор қилган бўлса, бўш бўлдими, қаламга ёпишади.

– Э, нима қилаяпсан? – қараса, ўғли навбатини бировга бериб юбораяпти. – Нега бўшашасан? Олдингдагиларни нимага ўтказиб юбораяпсан?

– Ота, кекса одам экан-да. Дарров навбат келаяпти-ку. Бир пас кутсак нима бўлибди?

Бекмуроднинг кўзлари олайди.

– Кекса эмиш. Уйида ўтирсин кекса бўлса! Менинг ҳам белим оғрияпти, турибман-ку индамай. Сур олдингдагиларни, ўтказма бунақа!

Ҳасса ушлаган чол қалтираганча картасини банкоматга тиқди. Ўғил унга ёрдам бермоқчи бўлди.

– Ўт буёққа! Бунча пойи патак бўласан? Қадрингни бил!

Ўғил ҳадиксираб ортга тисарилди. Кекса одам банкомат олдида бошқалардан кўпроқ туриб қолди.

– Тезлаштиринг-ей, бобой! Навбатимизни олганингиз етмагандек, вақтимизни ҳам олаяпсиз!

Кекса одам бош ирғади, шу пайт пластик картаси банкоматдан қайтиб чиқди.

– Пули қолмабди, – деди у секингина Бекмуродга айбдордай қараб. Сўнг оҳиста одимлаганча улардан нари кетди.

Бекмурод яна ўғлига олайди. Бўшашгани учун пулсиз қолишганини айтиб заҳрини сочмоқчи эди, аммо бирдан кўзи банкоматга тушди. Ҳозиргина кетган чолнинг картасидан ечилган пул банкоматнинг оғзида турарди.

– Ол, ол деяпман, бўл тез! – Бекмурод ўғлини қистади.

– Ота, ахир бу…

– Оғзингдаги ошни олдирма, овсар!

– Чолга олиб бориб бера қолай…

– Қоч, лаллайган! Одам бўлмайсан сен бу кетишда! – Бекмурод банкоматнинг оғзидан 50 минг сўмлик бир даста пулни чангаллаб олди-да, тез киссасига урди. – Бундай пайтда бўшашма! Энди суриш керак, юр!

Ўғил мункайганича бошқа банкомат ёнида турган нуроний чолга кўзи тушиб раҳми келиб кетди. Аммо отасининг гапи ҳақдек туюлди. Ахир оталар тўғри гапиради-ку.

– Болам, ҳаёт – бешафқат, одамларга асло ишонма. Ҳеч кимга раҳм қилма! Одамлар сенинг пўстагингни қоқиш пайида бўлади! Эпласанг сен ҳам бировнинг оғзидагини ол, аммо зинҳор оғзингдагини берма! Ҳеч қачон елкангни қисма! Фурсат бўлдими, ўмар! Ўмарганнинг ўғли бўлсин дейишади! Лаллайсанг юраверасин итнинг кейинги оёғи бўли-и-иб.

Ўғил бундай насиҳатлар таъсирида аста-секин рассомликдан узоқлаша борди. Энг тоза, нафис ва тилсиз санъат, қалбидаги туғёнларини акс эттирувчи гўзал машғулот, пул аралашмаган покизалик деб билган рассомликдан кўнгли совуб кетди. Буюк рассомларга муҳаббат билан тўлган қалбини эса нафс дарди эгаллади. Бир давлат идорасига ўрнашиб олди-ю, отасининг насиҳатларига амал қила бошлади.

* * *

…Бекмурод тўсатдан оғирлашиб қолди. Дўхтирлар тили билан айтганда томирида тромб бор экан, юракка яқинлашиб қолибди, тез операция қилиш керак. Аксига олиб олис туманда бундай мутахассис биттагина экан. У ҳам бўлса:

– Пулни олиб келган заҳотингиз операцияга оламан, ундан бурун иложи йўқ, – деб гапни қисқа қилди. Бунча пулни дарров топиш осон бўлмади, аксига олиб ўғли ҳам узоқда.

Бекмуроднинг «у ёққа кетиши» аниққа ўхшаб қолди, хотинини чақириб розилашди ҳам. Обдон йиғлади. Ўғли мойли ишга ўрнашиб, энди роҳат кўраман деганда кетаётгани учун ўксиб-ўксиб йиғлади.

* * *

Уч кун бўлди, Бекмурод уйи­да. Яқинлари кўргани келишаяпти.

– Падарингга лаънат, дўхтирлар виждонсиз бўлиб кетган. Пулни етказиб бормагунимизча менга қарашмади ҳам, – дерди Бекмурод жиғибийрон бўлиб. – Бир ўлимдан қолдим. Булар ҳаромдан ҳазар қилмайдиган бўлиб кетишган. Охиратни ўйламайди булар! Отаси бундайларга ҳалол-ҳаромни ўргатмаган-да! Нокаслар! …Аслида дўхтирнинг отаси ҳам ўғлига худди Бекмуродга ўхшаб тарбия берган, юлғичликни қулоғига қуйган, жамиятга ҳаромтомоқ коррупционерни етиштириб берганди.