Ўлик кўрик

13:55 - 11.08.2022

14

Навоий вилояти прокуратураси тиббий кўрикдан ўтиши шарт бўлган лавозимларга эга бюджет ташкилотларидаги ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтказилишини таҳлил қилди.

Таҳлил вилоятдаги 1232 та бюджет ташкилотидаги 74 786 нафар ходим даврий тиббий кў­риклардан ўтиши лозим бўлса-да, улар кўрикдан тўлиқ ўтказилмаётгани ҳамда ҳисоби юритилмаётганини кўрсатди.

Вилоят прокуратураси ташаббуси билан мутасадди ташкилотлар иштирокида гуруҳ тузилиб, ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтказилгани ўрганилганда, 33 422 нафар ходимни 2022 йилда тиббий кўрикдан ўтказиш режалаштирилгани аниқланди. Бироқ уларнинг 26 221 нафари кўрикдан ўтказилган.

Қонунчиликка асосан ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтишини молиялаштириш иш берувчи зиммасига юклатилган.

Ҳисоб-китобларга кўра бугунги кунда битта ходимни тиббий кўрикдан ўтказиш учун ўртача 150 минг сўм пул талаб этилади. Ушбу маблағ тиббий воситалар, лаборатория реактивлари ҳамда кўрикни ўтказишга жалб қилинган тиббий ходимларга сарфланади.

Меҳнат кодексининг 214-моддасида тиббий кўрикдан ўтилиши муносабати билан ходимлар чиқимдор бўлмаслиги белгиланган. Аммо таҳлил тиббий кўрик учун талаб этилган 3,8 млрд. сўм маблағ ходимларнинг ҳисобидан тўланиб, меҳнат қонунчилиги талабига риоя қилинмаётганини кўрсатди.

Хусусан, кўрикдан ўтказилган контингент учун 3,9 млрд. сўм сарфланиши лозим бўлса-да, шартнома асосида бор-йўғи 32,9 млн. сўм пул тиббиёт муассасаларига ўтказилгани аниқланган.

Ўрганиш давомида кўрикдан ўтказилган контингентнинг 723 нафарида турли касалликлар аниқланди. 208 нафари стацио­нар, 515 нафари амбулатор тартибда даволаниб, барчаси соғломлаштирилди.

Юқоридаги ҳолатларга бу борадаги вазифалар тўлиқ бажарилмагани, мазкур йўналишдаги тизимли муаммолар ҳал этилмаётгани сабаб бўлмоқда.

Биринчидан, тиббий кўрик бў­йича энг яхши таклиф электрон биржада танланади. Шунга кўра хусусий тиббиёт муассасалари томонидан айрим ҳолатларда битта ходимни тиббий кўрикдан ўтказиш харажати ўртача 30-50 минг сўм этиб белгиланмоқда. Аммо бу пулга битта ходимни амалда тиббий кўрикдан ўтказишнинг имконияти йўқ.

Мисол учун Тошкент шаҳри Чилонзор тумани Юқоридархон кўчаси 4-уйда рўйхатдан ўтган «Мелфон» клиникаси «Навоий иссиқлик энергияси станцияси» АЖнинг 1209 нафар ходимини 50 млн. сўмга тиббий кўрикдан ўтказиш ҳуқуқини биржа орқали ютиб олган (Тошкент билан Навоий вилояти ўртасидаги масофа – 520 км.).

Ушбу шартномага кўра битта ходимни тиббий кўрикдан ўтказиш харажати 41,6 минг сўмга тўғри келиши ҳамда шартнома биржа орқали 2022 йил 16 майда электрон шаклда тузилгани, ўрганиш кунига қадар ходимлар тиббий кўрикдан ўтказилмагани аниқланди.

Прокуратуранинг ёрдами би­лан ушбу клиника ходимлари Тошкент шаҳридан чақириб олиниб, ходимларини тиббий кўрикдан ўтказиш бошланди.

Ўрганиш давомида айрим хусусий тиббиёт муассасалари паст нарх кўрсатиб, иш берувчи билан келишган ҳолда тиббий кўрикни ўтказмасдан туриб ишга рухсат бераётгани сабабли биржада ҳудудий давлат тиббиёт муассасаларини ягона етказиб берувчи сифатида реестрга киритиш ҳамда мониторинг орқали назорат қилиш вазифасини СЭОЖСХ­га юклаш мақсадга мувофиқ бўлади.

Иккинчидан, ҳукуматнинг те­­гишли қарорида давлат мактабгача таълим ташкилотининг штатдаги ходимлари соғлиқни сақлаш муассасаларида белгиланган тартибда бепул тиббий текширувдан ўтиши белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 24 мартдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирла­ри тўғрисида»ги фармойишида 2022 йил 1 майдан барча тиббиёт ходимлари учун дастлабки ва даврий тиббий кўрикни бепул ўтказиш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйруғи чиқарилиши белгиланган бўлса-да, бугунги кунгача тиббиёт ходимларини бепул тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича бирорта тартиб ишлаб чиқилмаган.

Мактабгача таълим ташкилоти ҳамда тиббиёт ходимларини бепул тиббий кўрикдан ўтказишнинг молиявий манбаси кўрсатилмагани натижасида уларни тиббий кўрикдан ўтказишда муаммолар юзага келаяпти. Назорат тадбирлари давомида 15 нафар масъул томонидан қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланиб, уларнинг маъмурий жавобгарликка тортилиши таъминланган.