Фирибгар

14:04 - 11.08.2022

15

Ойнинг ўн беши ёруғ бўлса, ўн беши қоронғи деганларидай синовли кунларга бардош беролмайдиган кимсалар эгри йўлга осонгина қадам қўяди. Нафси йўлида ўзгалар ҳақидан ҳазар қилмайди.

Турдибек Тешаев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам ана шундай йигитлардан. Ўзини катта бизнесмен қилиб кўрсатадиган бу йигит асли жиззахлик. Бир неча марта судланганига қарамай ҳануз кўзи очилмаган йигит яна фирибгарлик қилди.

Ботир Эргашев мавсумий тадбиркор, уруғлик картошка сотиш билан шуғулланарди. 2020 йил июль ойининг охирида фермерлардан ғалла майдонини шартнома асосида олиб, иккинчи экин сифатида картошка экди. Шу йил ҳосил яхши бўлиб, 450 тоннага яқин картошка олди. Шундан сўнг картошкани омборларга жойлаб, вақти келганда уруғлик сифатида сотишни режалаштирди.

Бир куни Ботир Эргашевнинг бир таниши Турдибек Тешаев билан бирга келди. Турдибекни таништириб, картошка билан шуғулланишини айтди. Шу куни Т.Тешаев ўзини Б.Эргашевга катта тадбиркордай қилиб кўрсатди. Улар телефон рақамларини алмашди. Шундан кейин тез-тез гап­лашиб турадиган бўлишди.

Март ойи эди, Т.Тешаев Б.Эргашевга қўнғироқ қилиб, ундан уруғлик картошка сотиб олмоқчи эканини айтди. Картошканинг килосига 9500 сўмдан беришини, ўзи Жиззах вилоятидаги фермерларга 12 200 сўмдан сотишини билдирди. Улар оғзаки келишиб, Т.Тешаев 74 487 кг 1-навли Санта картошкасидан оладиган бўлди.

Т.Тешаев картошкани олгандан сўнг пулини икки кундан кейин беришини айт­ди. Б.Эргашев рози бўлди. 74 487 кг картошканинг пули 707 626 000 сўм бўлди. Т.Тешаев Б.Эргашевни ишонтириш учун ёлғон гапирди, шу мавсумда яна 500 тонна уруғлик олиши кераклигини бўрттириб, ўзини пулдор тадбиркордай тутди.

Бир неча кундан кейин улар Самарқанд шаҳрида кўришди. Б.Эргашев унга 1 килодан ошиқроқ намуна бериб юборди. Т.Тешаев шу куни унга қўнғироқ қилиб, юк машинасида картошкани Ғалларол туманига юборишини илтимос қилиб, машиналарнинг пулини ўзи беришини айтди.

Б.Эргашев ўз ёнидан мардикор ёллаб, Самарқанд туманидаги бир танишининг омборида вақтинча сақлаб турган картошкасини юк машиналарига юклатиб, харидор айтган манзилга юборди. Кейинроқ Т.Тешаев қўнғироқ қилиб, юкни қабул қилиб олганини айтди.

Орадан беш кун ўтди. Ботир картошка пулини сўраб, Турдибекка қўнғироқ қилди. У яна икки-уч кун кутиб туришини сўради, алдамаслигини, бировнинг ҳақини емаслигини айтиб қасам ичди. Б.Эргашев унга ишониб, кутиб юрди. Орадан анча вақт ўтиб Турдибек картошка сақлайдиган жойга борди. У ерда картошка йўқлигини кўргач, танишларидан суриштирди. Т.Тешаев картошкани сотиб, пулини ўз эҳтиёжига сарфлаб, ундан қочиб юрганини билиб, унинг устидан тегишли жойга мурожаат қилди. Шундан сўнг Т.Тешаев етказган зарарни тўлиқ қоплаб берди. Суд ҳукми билан унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 баравари, яъни 98 000 000 сўм жарима ва ҳар ойлик иш ҳақининг 30 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йилу 5 ой ахлоқ тузатиш иши жазоси тайинланди.