Балои нафсга йўлиққан йигит

14:08 - 11.08.2022

18

Нафс кишини не кўйларга солмайди дейсиз. Унинг домига тушганлар ҳеч қачон топганига шукур қилмайди. Бойлик келгани сари янада кўпроғига эга бўлишни истайди. Бу йўлда ҳеч нимадан тоймайди. Йўқса, яхшигина вазифада ишлайдиган, топиш-тутиши жойида бўлган Ҳумоюн Турдимуродов бугун суднинг қора курсисида ўтирмаган бўларди.

Ҳ.Турдимуродов 1991 йилда Қарши шаҳрида туғилган. Оилали, иккита фарзанди бор. Олий маълумотга эга. Бир неча йилдан буён Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги ҳудудий назорат инспекциясининг бош мутахассиси вазифасида ишлаб келаётган эди.

Яхши иш жойи, обрўси бўлган Ҳумоюнга булар камлик қилди шекилли, одамларни алдаб мулкини ўмаришни касб қилиб олди. Унинг фирибига учганлардан бири Чироқчи туманида яшовчи Абдуғани Турдиев эди.

А.Турдиев туман марказидаги «Қашқадарё дори-дармон» МЧЖга тегишли дорихона сотилишини эшитиб, таниш-билишлари орқали уни харид қилиш йўлларини суриштира бошлади.

Қарангки, «Ҳамма ишни хамирдан қил суғургандек ҳал этиб бераман, бир ойда ўша бинонинг ҳамма ҳужжатлари қўлингизда бўлади» дейдиган мард ҳам топилди. Бу ўзини «вилоят ҳокимлигида ишлайман» деб таништирган Ҳ.Турдимуродов эди.

Ҳумоюн бинонинг эгалик ҳуқуқини олиб бериш учун икки ой ичида А.Турдиевдан 475 миллион сўм пул олди. Ажабланарли томони, у ўша бино ҳақида маълумотга ҳам эга эмас, шунчаки А.Турдиевни алдаб, пулини олар ва ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборарди.

Бу орада бинони ҳудуддаги бошқа бир тадбиркор аукционда қонуний харид қилганини эшитган А.Турдиевнинг ҳолатини тасаввур қилиш қийин эмас. У алданганини билиб, энди Ҳумоюндан пулини қайтаришни талаб қила бошлади. Лекин ҳар сафар уриниши бесамар кетар, «кейинги ҳафта келинг», «келаси ой албатта бўлади» қабилидаги ваъдаларни олиб, уйга қайтишга мажбур бўларди.

Фириб илмини эгаллаган Ҳумоюннинг ер олиб бериш, вилоят марказидаги катта-катта объектларнинг эгалик ҳуқуқини ўтказиб бериш ҳақидаги ваъдаларини тинглаб атрофида гиргиттон бўладиган, айтган пулини қўлига тутқазиб кетадиганлар кўп эди.

Мисол учун, Ҳ.Турдимуродов 2020–2021-йилларда Қарши шаҳрилик Камол Тўраевга автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаси, Шуҳрат Шокировга эса маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси қуриш учун ер олиб беришни ваъда қилиб, биридан 65 минг, иккинчисидан 17600 АҚШ доллари миқдоридаги пулни олиб, ўз эҳтиёжи учун сарфлаб юборган.

Яна бир фуқаро Равшан Комилов эса Қарши шаҳридан ер олиш учун 25 минг долларни Ҳ.Турдимуродовга келтириб бериб, энди ерни ҳам, пулни ҳам ололмай ҳалак.

Ушбу фуқароларнинг мурожаати асосида Ҳ.Турдимуродов процессуал тартибда ушланиб, жиноят иши юзасидан тергов бошлаб юборилди.

Жиноят ишлари бўйича Муборак тумани судида Ҳ.Турдимуродов ўзига қўйилган барча айбловларни инкор этиб, юқоридаги фуқароларнинг ҳеч биридан пул олмагани, улар туҳмат қилаётганини таъкидлаган бўлса-да, тергов давомида тўпланган далиллар – телефондаги хабарлар, «Телеграм»даги ёзишмалар, телефон орқали қилинган суҳбатлар унга қўйилган айбловлар асосли эканини кўрсатиб турарди. Шунга кўра суд Ҳ.Турдимуродовни айбли деб топиб, унга нисбатан 8 йилга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади.