Суғур овланган кун

15:35 - 05.08.2022

10

Ҳар ишнинг ўз қонун-қоидаси бор, ов қилишнинг ҳам. Буни Азиз Боқиев ва Баҳодир Муродов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) жуда яхши билишарди.

Бири «Олмалиқ кон-металлургия комбинати»нинг Чодак кон бошқармасида тоғ қазувчи бўлиб ишласа, иккинчиси Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалининг ТТЁ бўлими Қамчиқ довони фельдшери. Демак, жамиятни қонунлар бошқаришини, унга бўйсуниш ҳар кимнинг бурчи эканидан улар яхши хабардор.

Бироқ қизиқувчанлик панд бердими ёки бошқа сабабми, ов баҳона жиноятга қўл уришди.

Улар тез-тез овга чиқиб туришар, кейин ўлжаларини пишириб, зиёфат уюштиришга одатланишганди. Бу гал ҳам шу ниятда Поп ихтисослашган давлат ўрмон хўжалигига қарашли «Гулистон» ўрмон хўжалигига боришди.

– Бугун овимиз бароридан келади шекилли! – қувониб кетди Азиз Баҳодирга қараб. – Қаранг, суғурлар роса кўпайибди!

Дарҳақиқат, ўрмон хўжалиги ҳудудида Ўзбекистоннинг «Қизил китоби»га киритилган мензбир суғурлари алоҳида эътибор билан парваришланаётгани сабабли анча кўпайган, кўзи овда пишган Азиз буни дарров сезганди. Ўша куни улар олтита суғурни отиб ўлдиришди. Бу билан давлатга 66 млн. 900 минг сўм зарар етказишди. Икки овчининг қилмиши тезда фош бўлди. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, етказилган зарар қоплатилди. Шунингдек, иккиси ҳам суд ҳукми билан жазога тортилди.