“Нега менга салом бермадинг?!”

15:24 - 05.08.2022

13

…Санъат Бековнинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳаёти бир текис кечмади. У кенжа фарзанд, отаси оламдан ўтган, онаси ва бошқа яқинлари бор. У йигирма уч ёшда, аммо аллақачон қалби қорайиб, тубанлашиб бўлган эди.

На бир ҳунар эгаллашга, на ўқишга қизиққан бу йигит ўн саккиз ёшидаёқ жиноятга қўл урди. Судланиб, 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди. 2021 йил 9 июнь куни ўталмаган жазосидан муддатидан олдин озод қилиниб, уйига қайтди.

Панжара ортида ўтган кунларидан хулоса қилиб, қолган ҳаётини осуда ўтказишга, меҳнатга интилмаган йигит озодликка чиққанига бир ой ўтар-ўтмас яна жиноятга қўл урди.

Жавоҳир Беков — Санъат Бековнинг амакисининг ўғли.

Бир куни улар яна бир таниши билан уч киши бўлиб гаплашиб турганди. Шу пайт Санъат Жавоҳирга «Сен шунчалик зўр бўлиб кетдингми? Нимага бирор марта ортимдан йўқлаб бормадинг? Онанг ҳам бормади. Келганимда менга салом бермадинг», деб дўқ қилиб, жанжал чиқаришга уринди.

Шу пайт Жавоҳирнинг онаси Шаҳодат Жумаева уйидан кўчага чиқиб қолди. Жавоҳир онасининг ёнига борди. Санъат ҳам унга эргашди.

Бироздан кейин Шаҳодат Жумаева ўғли билан уйига кирди. Санъат уларга эргашиб, Жавоҳирни ёнига чақираверди. Аёл ўғлини бирор нима қилиб қўйи­шидан қўрқиб юбормади.

Аммо аламзада Санъат «Жавоҳир, ишонганингни чақир. Киминг бор ўзи сенинг? Ушлаб олсам ўлдираман», деб уларни ҳақоратлаб келаверди.

Жавоҳир Санъатнинг олдига бориб гаплашиб олмоқчи бўлди, лекин онаси рухсат бермади.

Шаҳодат Жумаеванинг турмуш ўртоғи Россияга ишлашга кетган. Қариндоши бўлса-да, Санъатнинг фарзандига бирор нима қилиб қўйишидан қўрққан аёл эртаси куни ИИБга бориб, унинг устидан шикоят қилди.

Орадан икки кун ўтиб, профилактика инспектори суҳбат ўтказиш учун ҳар икки оилани чақирди. Шаҳодат Жумаева онаси билан келганда инспекторнинг хонасида овсини ва Санъат Беков бор экан.

Улар кириши билан Санъат ва онаси бақир-чақир қилиб кетди. Шаҳодат Жумаева ҳеч кимга даъвоси йўқлигини, қаматиш нияти ҳам йўқлигини, фақат уларни тинч қўйишини сўради. Инс­пектор шу ердаги ҳамкасбига Санъат ва унинг онасини хонадан чиқариб туришини сўради. Улар чиққанидан сўнг ҳам Шаҳодат Жумаева болалари ёшлигини, турмуш ўртоғи уйда йўқлигини таъкидлади.

Важоҳат билан чиққан Санъат Жавоҳирни уйидан чақириб келиш учун кўчага чиқди. Унинг устидан ёзилган ариза ўталмай қолган жазога таъсир қилишини ўйлаб қаттиқ ғазабланди. Ўч олишни ўйлади. Аввал уйидан пичоқ олиб, эгнидаги кийимлари орасига яширди. Кейин амакисининг уйига бориб, Жавоҳирни чақирди. Унга профилактика инспектори чақираётганини айтиб, бирга чиқишди. Маҳалласидаги бедазор ёнига келганда Жавоҳир билан жанжаллашиб қолди. Санъат пичоқни олиб Жавоҳирга ташланмоқчи бўлди, у уйи томон қоча бошлади. Кўзи қонга тўлган йигит қариндошининг орқасидан қувиб етиб олди…

Жавоҳир зарбалардан ҳолсизланиб, юзи билан ерга йиқилди. Шу ҳолатда ҳам унга бир неча марта зарба берган Санъатни шу ердаги ҳовлиларда ишлаётган одамлар тўхтатиб қолди.

Бир зумда одамлар тўпланиб, тез ёрдам ва ИИБга хабар беришди.

Санъат Беков профилактика инспекторининг хонасидан чиқиб кетгандан сўнг орадан 20-30 дақиқалар ўтгач, устибоши ва қўллари қон бўлиб кириб келди ва инспекторга:

– Энди қамасангиз бўлади, Жавоҳирни ўлдириб келдим! – деди…

Қишлоқ врачлик пунктига олиб келинганда Жавоҳир вафот этган эди. Суд ҳукми билан Санъатга 14 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.