Музейларни ўмарганлар

15:28 - 05.08.2022

12

Бугунги кунда Ўзбекистондаги 64 та давлат ва нодавлат музейида 2,5 миллиондан ортиқ экспонат сақланади. Музейлардаги ҳар бир ашё тарихий, маданий, бадиий, эстетик ва бошқа хусусиятларига кўра бебаҳо ҳисобланиб, уларни сақлаб туриш учун ҳар йили давлат бюджетидан 70 млрд. сўм, муассасаларнинг ҳисобидан 25 млрд. сўм сарфланади.

Бир йил давомида Бош прокуратура ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси ўтказган ўрганишларда давлат музейларида ашёлар ва коллекциялар қалбакилаштирилган, ўғирланган ва талон-торож қилинган бир қатор ҳолатлар аниқланган.

Жумладан, Бухоро давлат музей-қўриқхонаси мансабдорлари музейнинг ноёб ашёлар рўйхатига киритилган 31,5 млрд. сўмлик 81 та ашёни қалбакисига алмаштириб қўйгани аниқланган.

Хоразм вилояти «Ичанқалъа» давлат музей-қўриқхонасидаги ноёб ашёлар хатловдан ўтказилганда 101 та ашё сохта маълумот киритган ҳолда алмаштириб қўйилгани натижасида давлатга 235 млн. сўмлик зарар етказилгани маълум бўлди.

Фарғона вилояти тарихи ва маданияти давлат музейида сақланаётган 2 млрд. 427 млн. сўмлик 70 та ноёб ашё қалбакилаштирилгани ҳамда 2 та рангтасвир асари йўқотилгани аниқланган.

Ушбу ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 27 майдаги «Музейларда хизматлар соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 261-қарорининг 15-бандида ҳар бир музейдаги ашёлар ва коллекциялар ҳамда бошқа фонд­лардаги маданий бойликларни малакали мутахассислардан иборат эксперт комиссияларини тузган ҳолда тўлиқ хатловдан ўтказиш, уларни ишончли муҳофаза қилиш чораларини кучайтириш белгиланган.

Қарор ижроси юзасидан 2022 йил 16 июлда Вазирлар Маҳкамаси ва Бош прокуратура ўртасида қўшма йиғилиш ўтказилиб, ҳар бир музейдаги ашёлар, коллекциялар ҳамда бошқа фондлардаги маданий бойликларни тўлиқ хатловдан ўтказиш бўйича 2022-2026 йилларга мўлжалланган режа тасдиқланди ва ижросига киришилди.