Кўприк устидаги таҳдид

15:37 - 05.08.2022

14

Дўстинг кимлигини айт, мен сенга кимлигингни айтаман дейилган ҳикмат бежиз айтилмаган. Ойбек Ҳайдаров, Азизбек Азимов, Бекзод Холиқовлар Абдуғаффор Ёдгоровнинг жиноий шериклари ҳисобланади. Улар автомобиль савдоси билан шуғулланади. Б.Холиқов 2018 йил сентябрь ойида «Бухоро транспорт логистикс» МЧЖ номида бўлган, 2018 йилда ишлаб чиқарилган «Кобальт» русумли автомашинани А.Ёдгоровга 12500 АҚШ долларига сотади. У эса келишилган пулни бермай туриб машинани таниши Ш.Чориевга 15000 долларга пуллайди. Ш.Чориевдан олдиндан 3000 долларини олиб қолади. Қолган 12000 долларини икки ойда бераман деб келишган Ш.Чориев айтилган вақтда пулни тўлай олмади. Ҳамма муаммо шундан бошланди.

2018 йил 4 ноябрдан 5 ноябрга ўтар кечаси соат 00.30 ларда Бухоро шаҳридаги янги қурилган кўприкда гуруҳ аъзолари Ш.Чориевни пулни бермаса кўприкдан ташлаб юборишини айтиб қўрқитишди.

А.Ёдгоров Ш.Чориевга автомашина пулидан ташқари яна 2000 доллар қарздор эканлигини уқтирди. Ўша тунда ҳаёти хавф остида қолаётганини билган Ш.Чориев 2000 доллар берди. Гуруҳ аъзолари қолган пулни соат 17 га қадар келтирасан деб шарт қўйишди. Шуҳрат айтилган пулни келтира олмади. Шунда улар чорасиз қолган йигитни кеч соат 23 ларда Бухоро шаҳар Баҳоуддин Нақшбанд ва Газли кўчалари кесишмасида жойлашган «Нью-Йорк» кафесига чақиришди. Жиноий гуруҳ аъзолари Ш.Чориевни Б.Холиқов бошқарувида бўлган «Каптива» автомашинасига миндириб Бухоро халқаро аэропорти яқинидаги йўлга олиб боришди. Уни ўлдириб кўмиб ташлаш билан қўрқитиб, қарзни кечикиб тўлаётгани учун 4000 доллар устама тўлашни талаб қилишди.

Жиноий гуруҳ бошида турган Абдуғаффор Ёдгоров 2018 йилнинг декабрь ойида Шуҳрат Чориевни ўзининг Бухоро шаҳар Шайхон массивидаги уйи­га чақиртиради. Айтилган пулни айтилган вақтда келтирмаган Шуҳратни уриб жароҳат етказади.

Автомашина савдосида ўзига хос услублар, йўл-йўриқларни биладиган Абдуғаффор Шуҳратни қўрқитиб ўзига бўйсундириб олгани боис «Кобальт» савдоси ортидан мўмай пул келиб туриши учун пули тўлиқ берилган автомашинани отаси Муҳаммад Ёдгоров номига расмийлаштиради.

2019 йил январь ойида «Кобальт»ни Шуҳрат Чориев орқали Ўткир Баротовга 8300 АҚШ долларига пуллайди. Автомашина Ўткир Баротов номига расмийлаштирилади. Фалакнинг гардишини қарангки, Шуҳрат Чориев қамоққа олинганини эшитган Абдуғаффор Ёдгоров фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судига мурожаат қилиб, 2019 йил 23 декабрь куни мазкур автомобилни эгалигига олиш ҳақидаги ҳал қилув қарорини чиқаришга ҳамда МИБ ходимлари орқали машинани қайтариб олишга ҳам эришади.

Товламачи машинафурушлар ўз-ўзидан босқинчи гуруҳга айланиб улгурган эди. Қабиҳ ишларини давом эттирган гуруҳ аъзолари тадбиркор Баҳодир Қобиловни алдаб, ишончини суиистеъмол қилишди. Ғишт заводини юритиш учун олган 10 000 долларини ўз вақтида қайтара олмаганини рўкач қилиб, Б.Қобиловга тазйиқ ўтказиб, ўлдириб юбориш билан қўрқитишлари натижасида ғишт заводини ўзиники қилиб олишди. Зўравонлар қонун олдида жавоб берадиган кун келди. Суд жиноий гуруҳнинг ҳар бир аъзосига қилмишига яраша жазо тайинлади. А.Ёдгоров 6 йил, Б.Холиқов 6 йил, А.Азимов 5 йил ҳамда О.Ҳайдаров 3 йилга озодликдан маҳрум этилди.