Эр уйга даъво қилди

15:13 - 05.08.2022

16

Фуқаро Н.Носиров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) судга ариза билан мурожаат қилиб, унда фуқаро Д.Носирова билан 1975 йилда қонуний никоҳдан ўтгани, турмушидан 3 нафар фарзанди борлигини, шу даврда Зангиота тумани Далигузар маҳалласи Софдил 3-тор кўчасидаги 26-уйни қурганини, Зангиота тумани ҳокимлигининг қарори билан Д.Носированинг номига эгалик ҳуқуқи белгиланганини, ушбу уйдан ташқари Зангиота тумани Наврўз маҳалласи 1-кичик туманида жойлашган 5-уй 4-хонадон ҳам хотинининг номида эканини, Д.Носирова эса уни низоли уйга ҳам яшаш учун киритмаётганини кўрсатиб, суддан Софдил 3-тор кўчасидаги 26-уйни никоҳ даврида орттирилган умумий мулк деб топишни ва бўлишни сўраган.

Фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилиб, низоли 26-уйда Н.Носиров билан Д.Носированинг улуши ½ қисмдан деб белгиланиб, уйнинг иккита хонаси, ертўла, ойнали айвон, бостирма йўлагига нисбатан Н.Носировнинг эгалик ҳуқуқи белгиланган.

Н.Носировдан Д.Носировага 26 461 726 сўм товон пули, 8 966 390 сўм бож, Д.Носировадан 9 219 255 сўм бож ундирилган.

ФИБ Тошкент вилояти суди апелляция инстанциясининг ажрими билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

ФИБ Зангиота туманлараро судининг ажрими билан Д.Носированинг янги очилган ҳолат бўйича берган аризаси рад этилган. Иш ҳужжатларига кўра, Н.Носиров Э.Носирова билан қонуний турмуш қуриб, битта фарзанди бўлган. 1973 йилда у билан никоҳи бекор қилинган.

Н.Носиров билан Д.Носирова 1973 йилдан шаръий никоҳ асосида, 1975 йилдан эса қонуний никоҳдан ўтиб яшаган. Уларнинг биргаликдаги турмушидан 3 нафар фарзанди бор.

Н.Носиров 1986 йилдан бошлаб Чилонзор тумани Гулистон мавзеси 4-уй 1-хонадонда Г.Комилова билан шаръий никоҳ асосида яшаб келади. Ўрталарида битта фарзанди бор. Н.Носиров Зангиота тумани Наврўз маҳалласи 1-кичик туман 5-уй 4-хонадонда доимий рўйхатдан ўтган.

Н.Носировнинг Д.Носирова билан никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъвоси ФИБ Зангиота туманлараро судининг 2018 йил 12 июндаги ҳал қилув қарори билан қаноатлантирилган. Шу суднинг 2019 йил 12 июлдаги ажрими билан мазкур қарордаги хатоларга тузатиш киритилиб, жавобгар билан 1986 йил декабрдан бирга яшамаслиги, даъвогарнинг 1986 йил декабрь ойидан буён бошқа аёл билан бирга яшаши қайд этилган.

Н.Носиров орадан 32 йил ўтганидан сўнг, яъни 2018 йил 6 июлда Д.Носировага нисбатан 26-уйни никоҳ даврида орттирилган умумий мулк деб эътироф этиш ҳақида судга мурожаат қилган.

Калинин тумани «Партиянинг 20-съезди» колхози бошқарувининг 1987 йил 24 ноябрдаги 20-қарори билан 15-мактаб ўқитувчиси Д.Носировага 0,08 га томорқа ери берилган.

Халқ депутатлари «Қатортол» қишлоқ совети ижроия қўмитасининг 1988 йил 26 мартдаги 3/1-қарори билан колхознинг 1987 йил 24 ноябрдаги 20-қарори тасдиқланган.

Зангиота тумани ҳокимининг 2009 йилдаги қарори билан «Қатортол» ҚФЙ А.Ҳошимов 3-тор кўчаси 26-уйга Д.Носированинг эгалик ҳуқуқи белгиланган.

Ҳозирги кунда низоли уйда 9 киши, яъни Д.Носированинг икки ўғли, келинлари ва неваралари яшайди. Бироқ уй суднинг хулосаси билан тарафларнинг умумий мулки деб топилиб, ярмидан кўпроқ қисми низоли хонадонда умуман яшамаган Н.Носировга ажратилган.

Қуйидаги асосларга кўра, суд қарорларини бекор қилиб, фуқаролик иши бў­йича атрофлича, жавобгарнинг ҳуқуқларини тушунтирган ҳолда қонуний хулосага келиш лозим бўлади.

ФПКнинг 15-моддасида суд тақдим этилган материаллар ва тушунтиришлар билан чекланмасдан, ишнинг ҳақиқий ҳолатини, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳар тарафлама, тўлиқ ва холисона аниқлаш учун қонунга асосланган ҳолда чоралар кўришга ҳақли. Суд ишда иштирок этувчи шахсларга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириши, уларни процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ёки амалга оширмасликнинг оқибати тўғрисида огоҳлантириши ҳамда уларга ўз ҳуқуқларини рўёбга чиқаришида ёрдамлашиши лозим деб кўрсатилган бўлса-да, суд тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона таъминлаш чораларини кўрмаган.

Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг 2018 йил 16 ноябрдаги 9532/16-суд қурилиш-техникавий экспертизасининг хулосасида низоли 26-уйнинг умумий нархи 460 952 765 сўмлиги, уйнинг ½ қисмининг нархи 230 481 382 сўмлиги, мазкур уйни ва ерини ½ улушда тенгликдан чекинган ҳолда бўлиш имконияти борлиги, таклиф этилган вариантга кўра биринчи тарафга берилиши керак бўлган уйнинг яшаш майдони 49,7 м2 бўлиб, тенг бўлингандаги улушдан 21,08 м2 камлиги, ушбу қисмнинг умумий қиймати 204 019 656 сўмлиги, иккинчи тарафга берилиши керак бўлган уйнинг яшаш майдони 91,86 м2 бўлиб, тенг бўлингандаги улушдан 21,08 м2 кўплиги, ушбу қисмнинг қиймати 256 943 109 сўмлиги, иккинчи вариант биринчи вариант бўйича ½ қисми суммасидан 26 461 726 сўм кўплиги маълум қилинган. Гулистон маҳалласида 2019 йил 4 мартда тузилган далолатномада Н.Носиров 4-уйдаги 1-хонадонда 1960 йилда туғилган Г.Комилова билан 1988 йилдан бери истиқомат қилаётгани маълум қилинган.

Зангиота тумани Наврўз маҳалласида 2019 йилда тузилган далолатномада Н.Носиров Наврўз маҳалласи 1-кичик туман 5-уйдаги 4-хонадонда рўйхатда тургани, 1986 йилда Г.Комиловага шаръий никоҳ асосида уйлангани, 1988 йилда турмуш ўртоғи ва 3 нафар фарзандини ташлаб чиқиб кетгани, Д.Носирова фарзандлари билан 1992 йилга қадар яшаб келиб, 1992 йил баҳорида Қатортол ҳудудида ўзи қурган уйга кўчиб кетгани маълум қилинган. Шунингдек, Зангиота тумани Далигузар маҳалласида 2019 йилда тузилган далолатномада Д.Носирова 1992 йилда фарзандлари билан унга ажратилган ерда қурган уйда яшаб келгани, уй қурилиши 1996 йилга қадар давом этгани, бу қурилишларда Н.Носиров қатнашмагани, 1996, 1997 ва 1999 йилларда фарзандларининг тўйига моддий ёрдам бермагани, низоли 26-уйда яшамагани, рўйхатда турмагани, маҳаллада ўтказилган тадбирларда иштирок этмагани маълум қилинган.

Оила кодексининг 27-моддаси 5-қисмида оилавий муносабатлар тугатилганда суд эр ва хотин алоҳида яшаган даврда орттирган мулкни улардан ҳар бирининг ўз мулки деб топиши мумкин деб белгиланган. Олий суд пленумининг «Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида»ги қарорининг 22-банди 2-қисмида агар оилавий муносабатлар ва умумий хўжалик юритилиши тугагандан сўнг эр-хотин биргаликда мулк орттирмаган бўлса, суд Оила кодекси 27-моддасининг 5-қисмига мувофиқ эр ёки хотин улар алоҳида яшаган даврда топган мулкни улардан ҳар бирининг мулки деб топиши ва фақат эр-хотин томонидан умумий хўжалик юритилиши тўхтатилган вақтга қадар топилган мулкни бўлиши мумкин деб белгиланган. Бироқ суд фуқаролик иши бўйича ҳолатни тўлиқ ўрганиб чиқмасдан, Н.Носировнинг даъвосини қаноатлантириш тўғрисида хулосага келган, апелляция инстанцияси суди ҳам биринчи инстанцияда йўл қўйилган хатони бартараф этмаган. Жумладан, суд Д.Носирова низоли уйни ўзи фарзандлари билан қургани, турмуш ўртоғи билан 1988 йилдан бери оилавий муносабатда бўлмагани, унинг оиласидан 1988 йилда чиқиб кетгани, Н.Носиров 1986 йилда Г.Комилова билан шаръий никоҳдан ўтиб, у билан бирга Тошкент шаҳри Чилонзор тумани Гулистон маҳалласи 4-уй 1-хонадонда яшагани, 1987 йил 22 октябрда шаръий никоҳидан қизи Л.Акбарова туғилганига аниқлик киритмаган. Ваҳоланки, Н.Носиров ҳозирги кунга қадар ушбу уйда яшаб келади.

Фуқаролик ишида Наврўз маҳалласининг 2018 йил 23 июндаги далолатномаси бўлиб, унда 1-кичик туман 5-уй 4-хонадонда яшовчи 1951 йилда туғилган Н.Носиров 1994 йилдан бери қонуний турмуш ўртоғи Д.Носирова билан бирга яшамаслиги кўрсатилган. Мазкур ҳолат юзасидан тушунтириш берган Х.Қосимова ва Т.Соҳибова далолатномани Н.Носиров ва унинг ўғлининг илтимосига кўра 1994 йилга қадар яшагани тўғрисида ёзиб берганликлари, аслида Н.Носиров 1988 йилда турмуш ўртоғи ва фарзандларини ташлаб, шаръий никоҳдаги турмуш ўртоғи билан яшагани, Д.Носирова 1982 йилдан 1992 йилга қадар Наврўз маҳалласидаги уйида истиқомат қилиб келганини кўрсатган. Шунингдек, иш ҳужжатларида Далигузар маҳалласининг 2018 йил 25 июндаги далолатномаси бўлиб, унда Софдил 3-тор кўчаси 26-уйда яшовчи Д.Носирова 1994 йилдан бери турмуш ўртоғи Н.Носиров билан бирга яшамаслиги кўрсатилган.

Мазкур далолатномада кўрсатилган ҳолатлар Зангиота тумани Далигузар маҳалласининг 2019 йил 15 апрелдаги далолатномаси, қўшнилар Х.Қўлдошева, М.Шарипова ва Ф.Набиевнинг Н.Носиров 1986 йилда бошқа аёлга уйлангани, унга уй сотиб олиб бергани, 1987 йилда ундан қиз фарзанд кўргани, 1988 йилда уйдан чиқиб кетгани, уй қурилишида қатнашмагани, Д.Носирова ссуда асосида уй қургани, 1992 йилда уй битганидан сўнг фарзандлари билан бирга кўчиб кирганини баён қилгани билан ўз тасдиғини топмайди.

Иш ҳолатлари атрофлича ўрганилмаслиги сабабли низоли 26-уйни Н.Носиров билан Д.Носированинг никоҳ даврида орттирган умумий мулки деб топиб, ҳар бирининг улуши ½ қисм деб белгилаш ҳақида хулосага келинган. Суд низоли мулк даъвогар ва жавобгар ўртасида никоҳ муносабатлари тугатилганидан сўнг қурилгани, алоҳида яшаган даврларида эгалик ҳуқуқи олинганига етарлича эътибор қаратмаган.

Фуқаролик кодексининг 210-моддаси 1-қисми ҳамда Олий суд пленумининг «Якка тартибда қурилган уйга бўлган мулк ҳуқуқи билан боғлиқ низолар бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги 14-қарори 5-банди 1-қисмида белгиланган тартибда ажратиб берилган ер участкасида қурилаётган уйга мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади деб белгиланган. Низоли 26-уйга эгалик ҳуқуқи Зангиота тумани ҳокимининг 2009 йил 15 июндаги 518-қарори билан белгилангани, 2009 йилда Н.Носиров ва Д.Носирова ўртасида оилавий муносабатлар 21 йил олдин тугатилгани, низоли уйни Д.Носирова фарзандлари билан қурганига суд қонуний баҳо бермаган. Шунингдек, суд муҳокамага тайёргарлик босқичига етарли эътибор қаратмагани сабабли жавобгар ишни судда кўришга тайёрлаш ва суд муҳокамаси жараёнида ўз эътирози ва уни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш имкониятидан маҳрум бўлган. Жумладан, 1988 йилда унга ажратилган ерда уй қуриш учун «Сбербанк»дан 20 000 рубл ссуда олиб, кейинчалик тўртга бўлиб қайтаргани тўғрисидаги квитанцияларни тақдим эта олмаган. Шу билан бирга, Д.Носирова судга бераётган тушунтиришида даъвогар билан узоқ йиллардан бери бирга яшамаётганини таъкидлаган бўлса-да, унга ушбу ҳолат юзасидан низоли уйни алоҳида мулк деб топиш юзасидан қарши даъво аризаси бериш ҳуқуқи тушунтирилмаган. Келгусида ишни кўриш жараёнида ушбу ҳолатларга қонуний баҳо бериш лозим бўлади. Мазкур фуқаролик иши юзасидан Тошкент вилояти прокуратураси Бош прокуратурага тақдимнома киритди. Бош прокуратура уни қувватлаб, Олий судга протест келтирди. Олий судда протест қаноатлантирилиб, суд қарорлари бекор қилинди ва биринчи инстанция судига юборилди. Кейинчалик қарама-қарши қарор қабул қилиниб, Н.Носировнинг даъвоси рад этилди.