Бу йўллар қанча одамнинг умрига зомин бўлмади

15:16 - 05.08.2022

12

Бугунги кунда йўлларимиз, хусусан, автомобиль йўлларига баҳо бериш учун ҳайдовчи бўлиш шарт эмас. Муаммоларни ҳайдовчилар ҳам, йўловчилар ҳам, ҳатто мутасаддилар ҳам жуда яхши билади. Бундай йўллар билан узоққа бориб бўлмаслигини ҳам ҳаммамиз тушунамиз. Бироқ…

Йўловчи ташийдиган транспортлар ичида темирйўл транспорти энг самаралиси ҳисобланар экан. Сўнгги йилларда юртимизда темирйўлда йўловчи ташиш соҳасида анча ўзгаришлар бўлгани, янги, замонавий, тезюрар поездлар йўлга қўйилганини эътироф этиш керак. Бироқ бу тизим йўловчи ташиш ҳаж­мининг катта қисмини қамраб ололгани йўқ. Қолаверса, охирги 20-30 йилда темирйўл транспорти тизимидаги оқсоқлик сабаб бўлса керак, халқимиз ҳалиям поезддан кўра автомобилда йўлга чиқишни маъқул кўради. Йўл-транспорт ҳодисалари эса йил сайин ортиб бормоқда.

Йўлдаги авариялар ва улар оқибатида инсонларнинг ҳаётдан кўз юмиши ҳақида гап борар экан, кўпинча мутасаддилар ҳайдовчи ва йўловчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаслигига урғу беради. Эҳтимол шундайдир. Лекин бир йўловчи сифатида шуни айтишим мумкинки, юртимизнинг йўлларида содир бўлаётган аварияларнинг ярмига сифатсиз йўллар ва шу йўлларга мутасадди бўлган раҳбарлар сабабчи.

Аксарият ҳамкасбларимиз пойтахт йўлларидаги муаммоларга эътибор қаратади. Вилоятлараро автомобиль йўллари ҳақида танқидларга ора-сирада кўзимиз тушади. Танқидлар тўхтамайди, баъзан самара берса, баъзида эътиборга ҳам олинмайди.

Иш билан ёки қариндошларни йўқлаб вилоятларга йўлга отланар экансиз, имкон қадар поездда кетишга ҳаракат қиласиз. Лекин бунга ҳар доим ҳам муваффақ бўла олмайсиз – билет олиш амримаҳол. Вақтлироқ сотиб олиш керак дейишингиз мумкин, лекин ҳаётда шундай ҳолатлар ҳам бўладики, уни аввалдан режалаштирган бўлмайсиз… Қолаверса, республикамизнинг исталган нуқтасигача етказадиган темирйўл тизими йўқ-ку бизда?

Қисқаси, йўлга чиқдингиз. Сиз борадиган узоқ манзилга қатновчи автобусларни кутишга тоқатингиз йўқ. Таксига чиқасиз ва бу билан катта таваккал қилаётганингизни англаб турасиз. Чунки йўллар…

Ҳар бир қадамдаги ўйдим-чуқурни ёдлаб олган киракаш таксичиларнинг ўлмаган жони. Йўл хатарли, сифатсиз. Гўё эгасиз қолгандай. Энди бу йўллар ҳар йили қанча-қанча инсонларнинг ҳаётига зомин бўлаётганини бир тасаввур қилиб кўринг.

Ўтган 2021 йилда юз берган 10 001 та йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 2426 киши қурбон бўлган, 9230 киши жароҳатланган. 2022 йилнинг биринчи чорагида 1469 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган.

Уларнинг қанчасига йўлнинг носозлиги сабаб бўлган экан?

Йўлларимиз носоз ва сифатсиз эканига шубҳасиз энг биринчи сабаб – коррупция. Ундан кейингилари сифатсиз лойиҳа, сифатсиз кадрлар, сифатсиз материаллар, таъмирлашдаги хўжакўрсинлик.

2022 йилнинг 12 июлида Президент қарори билан 2022–2026-йилларда республика ҳудудида амалга оширилиши мўлжалланган «Хавфсиз ва равон йўл» умуммиллий дастури тасдиқланди.

Айтиш мумкинки, йўл ҳаракатини ташкил этиш тизимини такомиллаштириш, автомобиль йўллари инфратузилмасини ривожлантириш ва йўл ҳаракати иштирокчилари учун қулай шароит яратиш мақсадида қабул қилинган бу дастур узоқ кутилган ва ниҳоятда зарур ҳужжатлардан бири бўлди.

Дастурга кўра, йўл инфратузилмасини такомиллаштириш ва хавфсиз ҳаракатланиш учун шароит яратиш орқали йўлларда авария ва ўлимлар сонини қисқартириш кўзда тутилмоқда.

Дастур 2022−2026-йилларда Ўзбекистонда амалга оширилиши мўлжалланган қуйидаги ишларни ўз ичига олади:

  • автомобиль йўллари инфратузилмасини комплекс такомиллаштириш;
  • автомобиль йўлларида ҳаракатни бошқариш тизимини рақамлаштириш;
  • жамоат транспортини ривожлантириш ва рақамлаштириш;
  • йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш, болаларга йўл ҳаракати қоидаларини ўргатишни йўлга қўйиш;
  • ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда транспортларнинг техник ҳолати устидан назоратни кучайтириш.

Ўз навбатида, дастурда белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишини таъминлаш учун қуйидаги тартиб ўрнатилади:

  • Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурорлари ҳар чоракда масъул давлат органлари томонидан дастур қандай бажарилаётганини ўрганади ва натижаси бўйича Бош прокуратурага ахборот беради;
  • Бош прокуратура, Ҳисоб палатаси ҳар чоракда масъул давлат органлари раҳбарларининг дастур ижроси юзасидан ҳисоботларини эшитиш ва бажарилмаётган ишларни танқидий муҳокама қилиш мақсадида Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича республика махсус комиссиясига ахборот киритади;
  • Вазирлар Маҳкамаси ҳар ярим йилда дастур ижросини ҳудудлар бўйича танқидий муҳокама қилади, камчиликларга йўл қўйган масъул раҳбарларга интизомий жазо чораларини кўриб, дастурда белгиланган тадбирларни тўлиқ амалга оширади.

Дастурда белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишини сўзсиз таъминлаш учун жавобгарлик Қорақалпоғистон Вазирлар кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари, ички ишлар вазири, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси раисига юклатилади.

Ушбу дастур кишида ниҳоят йўлларимиз хавфсиз ва равон бўлади деган умид уйғотади. Шу ўринда бир таклифимиз бор: йўллар ҳолати бўйича жамоатчилик назоратини кучайтириш керак. Дейлик, муайян бир ҳудуддаги йўлда юзага келган муаммо бўйича тўғридан-тўғри хабар бериш (қайси жойда қандай муаммо бор, имкони бўлса фотосуратга олган ҳолда) имконини берувчи «Ишонч телефони» ёки Колл-марказ фаолиятини йўлга қўйиш мумкин. Бу муаммонинг қисқа фурсатда ечим топишига имкон берган бўлар эди.

Қонунчиликка кўра, оммавий ахборот воситалари жамоатчилик назоратининг муҳим субъектларидан бири саналади. Демак, журналистлар ҳам йўлларимизнинг сифатли ва хавфсиз бўлишига зиммасидаги вазифани бажариш орқали ҳисса қўшиши керак.  Йўлингиз хавфсиз ва равон бўлсин, замондошим!