“Акам руҳий хаста, раҳм қилинг!”

15:40 - 05.08.2022

15

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани судида бир жиноят иши кўрилди. Унда судланувчининг укаси судьядан акасининг жазосини енгиллатишни ўтиниб сўради.

– Судланувчи Нурулла Усмонов менинг акам, – деди Ҳабибулла Усмонов. – У 42 ёшда. Гапнинг очиғи, акамнинг соғлиғи жойида эмас. Фарғона вилояти руҳий-асаб касалликлари диспансерида 2001 йилда даволаниб чиққандан сўнг бирор-бир давлат корхонасида ишламаган. Ўзим шифокор бўлганим сабабли ва келгуси ҳаётига таъсир қилмаслиги учун акамни уй шароитида даволаб келганман. Илтимос, шу жиҳатга эътибор қаратсангиз.

Жигарчилик шу-да. Оғир аҳволда ёрдамга келади, бир-бирини қўллайди, етса молим, етмаса жоним деб дардига балогардон бўлади. Аммо бу сафарги «жигарчилик» ўхшамади. Чунки судьянинг қўлида муҳим далил, яъни Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси 1-шаҳар руҳий-­асаб касалликлари диспансерининг судланувчи Н.Усмонов руҳий-асаб касаллигига чалинмагани, мажбурий даволанишга муҳтож эмаслиги ҳақидаги хулосаси бор эди. Шу боис қанча дод-вой қилмасин, гуноҳкор ўз қилмишига яраша ўн йилга кесилди.

Нурулла асло ақли заиф эмасди, билъакс мўмай даромад илинжида минг бир найрангни ўйлаб топадиган, бировнинг киссасидаги пулини кўзлайдиганлардан эди. У Жамшид Юнусов билан бир масала юзасидан танишиб қолган, «Andukan tourist country» МЧЖнинг раҳбари бўлган бу кишининг пули кўплигини биларди. Кунларнинг бирида Нурулла Ж.Юнусовнинг Тошкент шаҳрида қидирувда эканидан хабар топади. Унга ёғлиққина имконият туғилганига амин бўлади.

– Ҳа, тинчликми? Қидирувдамисан? Нима айб қилиб қўйдинг? – дейди Жамшид­га қўнғироқ қилиб.

Жамшид бор гапни айтади. Ўзига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди ва 184-моддаси билан жиноят иши қўзғатилгани ҳамда Яшнобод тумани прокуратураси томонидан унга нисбатан сиртдан айб эълон қилиниб, қидирувга берилгани, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланганини тушунтиради.

– Сал ишим юришмади. Фирмамга «Good way oil Ferghana» МЧЖдан олган ёнилғининг пулини қайтаролмагандим. Бор гап шу…

Нурулла Жамшидга далда берди:

– Сиқилма, ҳал бўлмайдиган иш борми дунёда?! Мана мени сенга худо етказди. Хабаринг борми-йўқми мен (овозини пасайтирди) ДХХдан пенсияга чиққанман, собиқ ходимман. Айнан прокуратура тизимига кураторлик қиладиган яқин одамим бор. Гап­лашиб беришим мумкин. Лекин билиб қўй, улар камида 15 минг «кўкат»га хўп дейишади. Менинг хизмат ҳақимни эса иш ҳал бўлгач берарсан. Икки минг «кўк» берсанг етади. 

Жамшид ўйлаб кўришини айтди. Н.Усмонов эса:

– Нимасини ўйлайсан? Қидирувда бўлсанг, таппа босиб олиб кетишади. Кейин додингни кимга айтасан? Пулинг бўлса бор. Қани, менга тез паспортингнинг нусхасини жўнат, – деб жуда шошилтирарди.

Жамшид ўзининг маълумотларини «Телеграм» орқали ёзди, аммо паспорт нусхасини юбормади.

Эртаси куни Н.Усмонов яна уни йўқлади ва акалари билан гаплашгани, улар 15000 АҚШ долларига рози бўлишганини айтди. Гап охирида унинг ўзига иш ҳал бўлгандан сўнг берадиган 2 минг долларни ҳам эслатди.

– Иложи борича тезроқ, хўпми, қачон бераркан деб сарғайиб юрмай тағин!

Аммо Ж.Юнусов кўп куттирмади. Н.Усмоновнинг ушбу ҳаракати ноқонунийлигини тушуниб, бу ҳақида Тошкент шаҳар ИИББ раҳбариятига ариза билан мурожаат қилди ва Н.Усмоновга нисбатан қонуний чора кўришни сўради. Шундан сўнг унинг аризаси асосида Тошкент шаҳар ИИББ, шаҳар департаменти ва Яшнобод тумани прокуратураси ходимлари томонидан 2021 йил 29 октябрь куни холислар иштирокида тадбир ўтказилди. Унда Н.Усмонов ашёвий далиллар билан қўлга тушди. Энди у бировнинг пулига кўз олайтириш, пора беришга ундашнинг нақадар хавфли эканини обдон ўйлаб кўради.