Қонуний, асосли ва адолатли

13:58 - 04.08.2022

12

Ер участкаларининг ажратилиши, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ерни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш мақсадида бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Хусусан, 2021 йил 1 августдан бошлаб ер участкалари хусусий секторга мулк ва ижара ҳуқуқи асосида, давлат органлари, муассасалари, корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилиши белгиланди. Энди қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилади, бошқа ерлар мулк ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали берилади. Туман ва шаҳар ҳокимларининг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш ваколати тугатилди.

Прокуратура органлари ер тўғрисидаги қонун нормаларининг бузилишига, шу жумладан, ер участкаларини бериш ва олиб қўйиш билан боғлиқ ҳужжатларни қалбакилаштиришга йўл қўймаслик юзасидан қатъий назорат ўрнатиш, айбдорларга нисбатан жиноий жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш учун масъул эканлиги белгиланди.

Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги кадастр агентлиги органларига ер участкаларидан нотўғри фойдаланиш ҳолатлари аниқланганда Ер кодексининг 26-моддасига мувофиқ ушбу ерга бўлган ҳуқуқни бекор қилиш, ўзбошимчалик билан эгалланган ерда ноқонуний қурилган иморатларни бузиш юзасидан судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилди.

Наманган вилояти прокуратураси томонидан Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги кадастр агентлигининг давлат рўйхатига олишни рад этганлик ёки бош тортганлик юзасидан маъмурий судларда кўрилган ишлар таҳлил қилиниб, умумлаштирилди. Хусусан, фуқаро Ў.Ҳошимованинг фуқаро Н.Аҳмадова ўз номига ноқонуний кадастр ҳужжати расмийлаштириб олганидан норози бўлиб ёзган мурожаати ўрганиб чиқилди. Аниқланишича, Косонсой тумани ҳокимининг 2018 йил 2 мартдаги 333-қарори билан Н.Аҳмадовага Ровот маҳалласидаги врачлик пункти биноси фойдаланиш учун ноль харид қийматида ажратиб берилган. Туман ҳокимининг 2018 йил 13 июлдаги 998-қарори билан ҳокимнинг 2018 йил 2 мартдаги 333-қарорига қисман ўзгартириш киритилган.

Мазкур қарорлар туман адлия бўлимининг 2018 йил 20 сентябрдаги тақдимномасига асосан туман ҳокимининг 2018 йил 5 октябрдаги 1415-қарори билан бекор қилинган. Бироқ 2020 йил 25 февралда Давлат кадастрлари палатаси Косонсой тумани бўлими мансабдорлари томонидан туман ҳокимининг бекор қилинган 333- ва 998-қарорларига асосан Ровот маҳалласида жойлашган врачлик пункти биноси учун асоссиз равишда Н.Аҳмадованинг номига кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилиб, давлат рўйхатидан ўтказилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 декабрдаги 1060-қарори билан тасдиқланган «Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 15-бандига кўра давлат рўйхатидан ўтказувчи органда ушбу объектнинг мансублиги масаласида низо борлигидан далолат берувчи суд ҳужжатларининг мавжудлиги, ваколатли орган томонидан кўчмас мулк объектига тақиқ ёки хатлов қўйил­гани, тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри, қарама-қарши ёки бузилган маълумотлар топилиши, бирламчи кадастр йиғма жилдининг (кадастр пас­порти) мавжуд эмаслиги, давлат рўйхатидан ўтказувчи органда ушбу ер участкаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда олиб қўйилгани ҳақидаги маълумотнинг мавжудлиги, рўйхатдан ўтказувчи томонидан ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўхтатиб турилган ҳолларда тақдим этилган материаллардаги камчиликларнинг уч иш куни мобайнида бартараф этилмаслиги, ер участкасига бўлган ҳуқуқларнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда бекор қилингани, ҳуқуқларнинг вужудга келишини белгиламайдиган ҳужжатларнинг тақдим этилиши кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш учун асос бўлади. Шунингдек, 2021 йил 22 июнга қадар юридик кучга эга бўлган Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 2 июндаги 278-қарори билан тасдиқланган «Бинолар ва иншоотлар давлат кадастрини юритиш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 4-бандида бино ва иншоотлар давлат кадастр маълумотларини шакллантиришда ишончли ҳужжатлар ва бошқа маълумотлардан фойдаланиш кераклиги белгиланган. Бироқ мазкур нормаларга зид равишда Давлат кадастрлари палатаси Косонсой тумани бўлими мансабдорлари адлия бўлимининг 2018 йил 20 сентябрдаги тақдимномасига асосан туман ҳокимининг 2018 йил 5 октябрдаги 1415-қарори билан бекор қилинган 333- ҳамда 998-қарорларга асосан Ровот маҳалласидаги врачлик пункти биноси учун Н.Аҳмадованинг номига кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб, давлат рўйхатидан ўтказган. Юқоридагиларга кўра Косонсой тумани прокуратураси давлат манфаатини кўзлаб, Давлат кадастрлари палатаси Косонсой тумани бўлими мансабдорларининг ушбу ҳаракатларини қонунга хилоф деб топиш ҳақида Наманган туманлараро судига ариза билан мурожаат қилди.