«Ўқишга кириши учун юз фоиз кафолат бераман»

14:07 - 04.08.2022

10

Ҳар йили ёзда олий ўқув юртига киришни хоҳловчи боласи тестдан ўз билими билан ўтишига ишонмаган ота-оналар «юз фоиз кафолат билан ўқишга киритиб қўядиган» таниш излаб қолади. Оқибатда шунақа соддаларни излаб юрган фирибгарларга тайёр ўлжа бўлади.

Кейинги пайтларда ўқишни кўчириб бераман деган уддабуронлар ҳам кўпайган. Давлат Тешаев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) асли Жиззах вилоятидан. Тўрт-беш марта судланган, қонунлардан яхшигина хабари бор. Шундай бўлса-да, ўрганган кўнгил ўртанса қўймас қабилида иш қилган Д.Тешаев яна жиноятга қўл урди, аниқроғи, соддаларни алдаб пулини олди.

Бир куни у Иштихон туманида яшовчи, ҳарбий хизматни бирга ўтаган дўсти Икром Қўзиевнинг уйига меҳмонга борди. Суҳбатлашиб ўтирганда дўсти унинг ҳозир нима иш билан шуғулланаётганига қизиқди.

– Ҳозир бир корхона очганман, директорман, – деди Д.Тешаев.

– Нима иш қиласизлар?

– Қозоғистондаги университетларга ўқишга киритамиз, агар хоҳласа у ёқда ўқиётганларнинг ўқишини ўзимиздаги университетларга кўчириб берамиз.

Дўстининг гапини эшитгач, Икром Қўзиев бу ҳақида ўғли Қозоғистонда ўқийдиган қўшниси Даврон Эргашовга хабар берди. Д.Тешаев Д.Эргашов билан гаплашиб, ўғлининг ўқишини Тошкент давлат иқтисодиёт университетига кўчириб беришни ваъда қилиб, ўзининг корхонасининг штамп ва муҳридан фойдаланиб, сохта шартнома тузди ва ундан 5 млн. 200 минг сўм пул олди. Сохта шартноманинг бир нусхасини Д.Эргашовга бериб кетди.

Орадан бир неча кун ўтгач Д.Эргашов унга қўнғироқ қилиб, кўришмоқчи эканини айтди. Улар келишилган жойда учрашишди. Унга астойдил ишонган Д.Эргашов қудаси Матлуба Шукуровани таништириб, бу аёл ҳам ўғлини Қозоғистонга ўқишга киритиш ниятида эканини билдирди. Бу Д.Тешаев учун айни муддао эди. У М.Шукурованинг ўғлини университетга киритиб қўйишга ваъда берди, сохта шартнома тузиб, аёлнинг ўғлига имзолатди ва бир нусхасини уларга берди. Харажатлари учун деб 10 млн. сўм пул ва 10 млн. сўмлик тилла тақинчоқларни олиб, ўз эҳтиёжига ишлатиб юборди. Бундан ташқари ўқишга киритиш учун керак бўлишини айтиб, боланинг паспорти ва коллежни битиргани ҳақидаги дипломини олиб бермай кетди.

Ойбек Бозоров Қозоғистондаги Мухтор Авезов номли давлат университетининг 2-босқич талабаси. У Д.Тешаев ҳақида тоғасидан эшитиб, телефон рақамини олди. Кейин телефон қилиб, ўқишини СамДУга ўтказиб беришини сўради. Д.Тешаев бунинг учун олдиндан 7 млн. сўм пул тўлаши кераклигини айтди. Бунча пули бўлмаган О.Бозоров дастлаб Д.Тешаев айтган пластик картага 1 млн. 200 минг сўм ташлаб берди. Бу орада Д.Тешаев унга катта ваъда бериб, чет элга чиқиш паспортини олиб кетди. Орадан анча вақт ўтгандан кейин қўнғироқ қилиб пулнинг қолганини сўради. Пули йўқлигини айтган О.Бозоровдан ҳеч бўлмаса 2 млн. 600 минг сўм беришини сўради. Ойбек пулни бир киши орқали етказиб, паспортини қайтариб олди. Шундан сўнг у Д.Тешаев билан боғлана олмади. Д.Тешаевнинг фирибгарлиги ошкор бўлиб, унинг устидан тегишли жойга мурожаат қилишди. Судда у айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймон эканини билдирди. Шунингдек етказилган зарарни тўлашга имкони йўқлигини, кейинчалик ишлаб қоплаб беришини айтди. Суд ҳукми билан Давлат Тешаевга тегишли жазо тайинланди. Зарар ундан ундириладиган бўлди.